• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +7.1°C
Detail image
image

Умр оқар дарё деб бежиз айтишмайди. Минг афсуски, 2022 йил ҳам орамиздан кўплаб инсонларни олиб кетди. Ўзбек адабиёти, санъати, илм-фани ва сиёсатида ўчмас из қолдирган кўплаб инсонлар турли сабабларга кўра оламдан ўтди.

Ушбу мақола орқали таниқли шахслар, мамлакат тараққиётига улкан ҳисса қўшган ва бугун орамизни тарк этган, муқаддас хотираси қалбларимизда мангу сақланиб келаётган иқтидор эгаларини ёдга оламиз.

Академик Сайдиаҳрол Тўхтаев

Кимё-технология соҳасидаги йирик олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Сайдиаҳрол Тўхтаев 3 январь куни 79 ёшида вафот этди. 

У 1942 йил 1 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1963 йили Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети)ни тугатиб, меҳнат фаолиятини Республика азот саноати давлат институтининг Чирчиқ филиалида (ҳозирги “Ўзкимёсаноатлойиҳа” акциядорлик жамияти) муҳандис-технолог сифатида бошлади. 

2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги этиб сайланган.

Журналист Рустам Обидов

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Рустам Обидов ҳам 3 январь куни 72 ёшида қариялар уйида вафот этди. У 9 йил давомида Республика уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида яшаган.

Рустам Обидов 1950 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1973 йилда “Фан ва турмуш” журналида иш бошлаган. 

Серқирра журналист Рустам Обид 2000 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлган.

Хонанда Санобар Матмуродова

11 январь куни ўзбек халқининг севимли ижодкори Санобар Матмуродова бу ёруғ оламни тарк этди.

Санобар Матмуродова 1968 йил Хоразм вилоятининг Боғот туманида туғилган. Ўзбекистон халқ артисти Олмахон Ҳайитовага шогирд тушган.

1994 йилда Самарқанд давлат университетининг мусиқа факультетида таҳсил олган. Ўзбекистон давлат филармонияси Самарқанд вилоят бўлинмасида иш фаолиятини олиб борган.

Санобар Матмуродова ўзининг “Акажон”, “Онам дерман”, “Сан гарак” каби бир қатор қўшиқларни мерос қилиб кетди.

Журналист Дилбар Маҳмудова

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Дилбар Маҳмудова 17 январь куни 85 ёшида вафот этди.

Дилбар Маҳмудова 1936 йил 8 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. 1959 йили Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)ни тамомлаган. Унинг илк китоби “Ярим аср ёнма-ён” номи билан чоп этилган.

Академик Бахтиёр Назаров

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси аъзоси Бахтиёр Назаров 18 январь куни 77 ёшида вафот этди.

Ўзбек адабиётшунослигидаги йирик олим Бахтиёр Аминович Назаров Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, илмий котиб, директор, бўлим мудири, Ўзбекистон Фанлар академияси Бош илмий котиби ўринбосари, вице-президент вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзбек тили ва адабиёти” журналининг бош муҳаррири бўлиб ишлаган.

Санъат арбоби Жўра Маҳмудов

Ўзбекистон санъат арбоби, профессор, театр режиссёри, педагог Жўра Маҳмудов январь ойида 80 ёшида вафот этди.

У фаолияти давомида “Она”, “Қиёмат қарз”, “Инсонликка номзод”, “Оғриқ тишлар”, “Сохта оқсуяк”, “Қаердасан, жон болам”, “Қирол Лир” ва бошқа спектаклларни саҳналаштирган. 

Адабиётшунос олим Умарали Норматов

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Ҳамза номидаги Давлат мукофоти совриндори, филология фанлари доктори, профессор, катта адабиётшунос олим Умарали Норматов 29 январь куни 91 ёшда вафот этди.

У 1931 йил 3 январда Фарғона вилояти Бешариқ туманида туғилган. 1957 йил Тошкент давлат университетининг филология факультетини тугатган.

ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетининг ўзбек адабиёти кафедрасида катта ўқитувчи, доцент, кафедра мудири, 2001 йилдан кафедра профессори бўлиб ишлаган.

Ўзбекистон халқ артисти Вилоят Оқилова

Ўзбекистон халқ артисти, раққоса Вилоят Оқилова 2 февраль куни 85 ёшида вафот этди. Марҳума 1937 йилда машҳур санъаткор, рақс санъати дарғаси, Ўзбекистон халқ артисти Исахор Оқилов оиласида дунёга келган.

Раққоса сифатидаги фаолияти давомида “Занг”, “Ларзон”, “Шодлик”, “Хоразм лазгиси”, “Помир рақси”, “Афғонча”, “Дилрабо”, “Шодиёна” каби кўплаб рақсларни маҳорат билан ижро этиб, мутахассислар ва ўзбек халқи эътирофига сазовор бўлган.У ўзига хос мактаб ярата олган санъат дарғаларидан бири эди.

Академик Турғунпўлат Даминов

Фан арбоби, тиббиёт соҳасида таниқли олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Турғунпўлат Обидович Даминов 6 Февраль куни 81 ёшида вафот этди. 

Педиатр-инфекционист олим Турғунпўлат Даминов 1941 йил 25 апрелда Тошкентда таваллуд топган. 1964 йилда Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)ни тугатган.

У 1997 йилдан Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати бўлган. Ўзбекистон “Адолат” социалдемократик партияси (СДП) Сиёсий кенгашининг биринчи котиби, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” бош таҳрир ҳайъати аъзоси вазифаларини бажарган. 1999 йилда Польша тиббиёт фанлари академияси академиги этиб сайланган. Олим 1997 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

Журналист Ниғмат Ёқубов

Журналист, ёзувчи, “Дўстлик ордени” соҳиби Ниғмат Ёқубов 2 февраль куни 90 ёшида вафот этди. 

Ниғмат Ёқубов “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”), “Қишлоқ ҳақиқати” (ҳозирги “Қишлоқ ҳаёти”) газеталарида ҳамда “Мулоқот” журналида бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир лавозимларида ишлаган. Журналистнинг 54 та китоби нашр этилган. 

Футбол бўйича миллий терма жамоанинг биринчи бош мураббийи Рустам Акромов

Футбол бўйича миллий терма жамоанинг биринчи бош мураббийи, педагогика фанлари доктори, профессор Рустам Акромов 15 февраль куни 73 ёшида вафот этди.

Рустам Акромович Акромов 1948 йил 11 август куни Тошкент вилоятида дунёга келган. 1990–1992 йиллар орасида Жазоирнинг УСМ клуби ва миллий терма жамоасида фаолият олиб борган.

Рустам Акромов Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг футбол бўйича миллий терма жамоани бошқарган биринчи мураббий ҳисобланади. 1992–1994 йиллар Ўзбекистон термаси у билан Марказий Осиё чемпионати ва 1994 йил Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида ғалаба қозонган.

Шунингдек, у ОФК, FIFA ташкилотларида инструктор бўлиб ишлаган.

Ўзбек футболи ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Президент томонидан “Шуҳрат” медали ҳамда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони билан тақдирланган.

Аскиячи Жўрахон Пўлатов

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жўрахон Пўлатов 16 февраль куни 88 ёшида вафот этди.

Жўрахон Пўлатов 1934 йилнинг 10 июнь санасида Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида таваллуд топган. Марҳум аския санъатининг забардаст вакилларидан бири эди. У узоқ йиллар маданият соҳасининг турли йўналишларида, хусусан, Қўқон шаҳар Хамза номидаги ўзбек давлат мусиқали драма театри ҳамда Қўқон шаҳар мусиқали драма театрида меҳнат қилган.

Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Файзуллаев

Бутун ҳаёти ва меҳнат фаолиятини қишлоқ хўжалиги ривожига бағишлаган таниқли агроном ва ташкилотчи раҳбар, Ўзбекистон Қаҳрамони, меҳнат фахрийси Иброҳим Файзуллаев 25 февраль куни 89 ёшида вафот этди.

Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова

Ўзбек кино ва театр санъатининг йирик намоёндаси, Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова 15 март куни 86 ёшида вафот этди.

Тўти Юсупова 1936 йилнинг 10 март куни Самарқанд вилоятида таваллуд топган эди. 

У 1957 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. 1957 йилдан бошлаб ҳозирги Ўзбекистон миллий академик драма театрида фаолият юритган.

Ўзбекистон халқ артисти Марям Ихтиёрова

Ўзбекистон халқ артисти Марям Ихтиёрова 22 март куни 83 ёшида вафот этди.

Актриса 1939 йил 21 апрелда Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида туғилган. Ўз фаолиятини 1959 йилдан Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида бошлаган.

Марям Ихтиёрова ўзининг узоқ йиллик фаолияти давомида кўплаб спектакль ва фильмларда роль ижро этган. Шунингдек, у турли радио эшиттиришлар ва ҳажвий телекўрсатувларда ҳам мунтазам қатнашган.

У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 1997 йилда “Ўзбекистон халқ артисти” каби унвонлар ҳамда 2016 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. 

Актёр Лутфулла Саъдуллаев

Актёр  Лутфулла Саъдуллаев 10 апрель куни 81 ёшида вафот этди.

Лутфулла Саъдуллаев 1940 йил 18 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1965 йил Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тугатган. 1963–2007 йилларда Ёш томошабинлар, Абдулла Қаҳҳор номидаги Сатира театрларида актёр бўлиб фаолият кўрсатган. 

У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Саъдуллаева билан турмуш қурган.

Уламо Насриддинхон Атоев

Уламо Насриддинхон Мубинжон ўғли Атоев 15 апрель, муқаддас Рамазон ойининг муборак жума куни 64 ёшида вафот этди.

Халқ орасида эшонбобо номи билан машҳур бўлган Насриддинхон Атоев 1958 йил 15 май куни Навоий вилояти Нурота туманида туғилган. У Тошкент ислом институтини 1996 йилда тамомлаган.

Насриддинхон Атоев муқаддас Ислом дини асосларини, араб ва форс тилларини чуқур эгаллаб, 1992–2003 йилларда Навоий вилояти Нурота тумани “Чил устун” масжидида имом-хатиб, 2003–2010 йилларда вилоят бош имом-хатиби, 2010 йилдан буён вилоят фахрий имоми, 2018 йилдан Навоий вилояти дирекцияси директори вазифасида фаолият юритган. 

Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов

Ўзбекистон халқ бахшиси, Шеробод достончилик мактабининг ёрқин вакили Абдуназар Поёнов 16 май куни 73 ёшида вафот этди. 

Бахши Абдуназар Поёнов 1949 йилда Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида таваллуд топган. 2003 йилда “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони билан тақдирланган. 

Абдуназар бахши  репертуаридан “Алпомиш“, “Малика айёр“, “Шерали“ ва бошқа достонлар, дўмбира куйлари ҳамда Ватанга муҳаббат, садоқат, халқ ҳаёти мавзуларида ўзи ижод қилган юзлаб термалар ўрин олган. Халқаро  ва республика бахши-шоирлар танловлари ғолиби бўлган.

Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муродова

Ўзбекистон Қаҳрамони, Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари Лола Муродова 30 май куни вафот этди.

Лола Неъматовна Муродова 1958 йил Олтиариқ туманида туғилган. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ордени, “Фидокорона меҳнатлари учун” ордени, “Ўзбекистон Қаҳрамони” ва “Қизил юлдуз” ордени Давлат мукофотлари билан тақдирланган.

Ўзбек шарҳловчилик мактаби асосчиси Ахбор Имомхўжаев

Ўзбек шарҳловчилик мактаби асосчиси, футбол журналистикасининг фахрийси Ахбор Имомхўжаев 30 май куни 86 ёшида вафот этди. 

Ахбор Имомхўжаев – “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи”, “Шуҳрат” медали соҳиби, “Олтин қалам” миллий мукофоти лауреати, “Ўзбек футболи нуронийси” соврини эгаси эди.

У 1936 йилнинг 19 февралида туғилган. Ўзбек спорт журналистикасининг отахони. Ўзбекистон телевидениеси тарихида футбол учрашувини ўзбек тилида шарҳлаган биринчи спорт шарҳловчиси ҳисобланади.

Ислом Каримовнинг ёрдамчиси Георгий Крайнов

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрдамчиси Георгий Алексеевич Крайнов 4 июнь куни вафот этди.

Георгий Крайнов 1933 йил 21 ноябрда Андижон шаҳрида туғилган. Андижон давлат педагогика институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини “Андижанская правда” газетасида бошлаган. Мусаҳҳиҳ, муҳаррир, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаган.  Георгий Крайнов Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ энг масъулиятли – Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти қабулхонаси бош маслаҳатчиси лавозимларини эгаллади. Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг умумий бўлими протокол сектори мудири лавозимида ишлаб келган. Уни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов юксак қадрлаган.

2018 йилдан то умрининг сўнгги кунларигача Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида етакчи илмий ходим бўлиб ишлаган. 

У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари, “Содиқ хизматлари учун” медаллари билан тақдирланган.

Журналист Аҳмаджон Тошхўжаев

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ўнга яқин шеърий ва насрий асарлар муаллифи, таниқли жамоат ва маданият арбоби, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Аҳмаджон Тошхўжаев 21 июнь куни 70 ёшида вафот этди.

Аҳмаджон Тошхўжаев 1952 йилнинг 15 март куни Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида туғилган. Тошкент Давлат университетини тамомлаган.

У Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтида турли лавозимларда фаолият юритган.

Журналист Фарҳод Маҳмудов

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари Фарҳод Маҳмудов 27 июнь куни 49 ёшида вафот этди.

Фарҳод Маҳмудов 1973 йил Тошкент вилояти Чиноз туманида туғилган. У 1996 йил Тошкент давлат университетини тамомлаган. 2008 йил “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2018 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.

Фарҳод Маҳмудов 1995 йилдан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида турли лавозимларда, Президент админстрациясида фаолият кўрсатган.

Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул

Адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққул 28 июнь куни 74 ёшида вафот этди. 

У 1949 йил 28 мартда Бухоро вилояти Шофиркон тумани Талижа қишлоғида туғилган. 1966–1970 йилларда Бухоро давлат педагогика институтида таҳсил олган.

Иброҳим Ҳаққул 1970–1972 йилларда “Шофиркон ҳақиқати” газетасида бўлим бошлиғи ва муҳаррир сифатида ишлаган. 

Олим 1972 йилдан Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида ишлаган. 

У рус тилидаги икки жилдлик “История узбекской литературы” китобининг муаллифларидандир.

Қашқадарё вилоятининг биринчи ҳокими Темир Хидиров

Қашқадарё вилоятининг биринчи ҳокими Темир Пўлатович Хидиров 14 июль куни 77 ёшида вафот этди.

Темир Хидиров 1945 йил 14 ноябрда Қашқадарё вилояти Қарши тумани Гунган қишлоғида туғилган. 

1968 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган ва шу йили Қашқадарё вилояти ирригация тизимлари бошқармаси муҳандиси, Ўзбекистон ССР “Минмелиорадводхоз” сув хўжалиги қурилиши бирлашган бошқармаси бош муҳандиси, Яккабоғ ПМК бошлиғи, Қашқадарё вилояти “Эскиангарканалқурилиш” трести ПМК бошлиғи бўлган.

Темир Хидиров 1973 йилдан 1991 йилгача Совет Иттифоқи Коммунистик партияси аъзоси бўлган. 1992 йилдан 1995 йилгача Қашқадарё вилояти ҳокими бўлган.

Ўзбекистoн халқ шоири Жамол Камол

Ўзбекистoн Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистoн халқ шоири Жамол Камол 27 сентябрь куни 84 ёшида вафот этди.

У 1938 йил Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. 1991–1996 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раислик қилган. Жамол Камол ўндан ортиқ шеърий тўпламлар, достонлар, жамият ҳаётининг турли муаммоларига бағишланган кўплаб долзарб мақолалар муаллифи, публицист, адиб эди.

2019 йилда Жамол Камол асарларининг 6 жилдли сайланмаси нашр этилиши ўзбек адабиёти тарихидаги ёрқин воқеа бўлди. Жамол Камол таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари номзоди, икки жилдлик “Адабиёт назарияси” ва икки жилдлик “Ўзбек адабий танқиди тарихи” академик китоблари ҳаммуаллифларидан бири. “Лирик шеърият”, “Тарихий драма” номли илмий рисолалари бор.

Хонанда Даврон Ғойипов

Ўзбекистонлик таниқли рок-поп юлдузи Даврон Ғойипов 7 октябрь куни 61 ёшида вафот этди.

Даврон Ғойипов 1961 йил 7 октябрда туғилган. Мактабни битирганидан кейин 1978 йилда у “Ялла” гуруҳига бас гитарачи сифатида таклиф қилинган.

1980 йилда Даврон Ғойипов бошчилигида Ўзбекистондаги илк рок гуруҳи – “Оригинал” тузилди. 1980 йиллар бошларида ижро этилган “Бу нима бу?” қўшиғи гуруҳга катта машҳурлик олиб келган. Қўшиқ асосида кейинроқ фильм ишланган ва бош ролни Даврон Ғойипов ижро этган.

Осиё ва Жаҳон чемпиони Алена Нураева

Бодибилдинг бўйича Осиё ва Жаҳон чемпиони Алена Нураева оққон касаллиги оқибатида 2 ноябрь куни вафот этди. 

Нураева ўз фаолияти давомида турли мусобақаларда иштирок этиб 9 та олтин ва 4 та кумуш медалга эга чиққан.

Хонанда Жасур Рафиқов

“Уммон” гуруҳининг собиқ хонандаси Жасур Рафиқов 14 ноябрь куни оғир хасталик сабаб вафот этди. 

Жасур Рафиқов бир неча йиллардан буён саратон билан курашиб келган.

“Уммон” гуруҳи ҳаваскор хонандалар – Зоҳид Рихсиев, Шоҳруҳ ва Жасур Рафиқов томонидан 2010 йилларда ташкил топган эди. Ўша йилларда бу гуруҳ ёшларнинг энг севимли гуруҳига айланди ва вилоятлар бўйлаб минглаб мухлисларни стадионларга жамлаган ҳолда концертлар тақдим этди. 

Гуруҳ 2018 йилда тарқалди. Аввалига уни Зоҳид тарк этди. Кейин эса Жасур бетоблиги сабаб фаолиятини тўхтатди.

Академик Абдумавлон Абдуллаев

Ўзбекистонда генетика соҳасининг етакчи намояндаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Абдумавлон Абдуллаевич Абдуллаев 8 декабрь куни 92 ёшида вафот этди.

Абдумавлон Абдуллаев 1930 йилнинг 13 июлида Наманган вилоятида туғилган. 1952 йили Ўрта Осиё давлат университетини тугатиб, меҳнат фаолиятини Ўсимликшунослик илмий текшириш институти Ўрта Осиё тажриба станция кичик илмий ходими лавозимидан бошлаган.

Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти кичик, катта илмий ходими, лаборатория мудири, директори, ЎзРФА Президиумининг қишлоқ хўжалиги фанлари бўлими раиси ҳамда умрининг сўнгги кунларигача институти бош илмий ходими лавозимида самарали фаолият кўрсатиб, илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшди.

Ёзувчи Собир Ўнар

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Собир Ўнар 18 декабрь куни 58 ёшида вафот этди.

Собир Ўнар 1964 йилнинг 25 февралида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги “Қувкалла” қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган.

1986 йилдан бошлаб “Ёшлик” журналида адабий ходим сифатида фаолиятини бошлаб, бош муҳаррир даражасига кўтарилган.

Санъатшунос Дилфуза Раҳматуллаева

Ўзбекистон Фанлар академияси Санъатшунослик институти профессори, санъатшунос ва театршунос олима Дилфуза Раҳматуллаева 28 декабрь куни 60 ёшида вафот этди.

Дилфуза Раҳматуллаева Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги ҳузуридаги театрлар фаолияти бўйича Бадиий кенгаш аъзоси сифатида фаолият юритиб келган.

Ўхшаш янгиликлар