• 10769.78
  • 12166.62
  • 146.17
weather Тошкент: +7.8°C
Detail image

Бугун, 24 октябрь куни бутун республикада ва Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихоналарида президент сайлови бўлиб ўтди. Пойтахтдаги сайлов участкаларида кечган жараён деярли барча ОАВларда ёритилди. QALAMPIR.UZ эса чекка ҳудудларда сайлов жараёни қанчалик шаффоф тарзда ўтказилаётгани ва фуқаролар унда қанчалик фаол бўлаётганига қизиқди. Шу мақсадда QALAMPIR.UZ ижодий жамоаси Тошкент вилояти Қибрай тумани Жоме маҳалласидаги 934-сайлов участкасига борди. 

Мазкур участка сайлов комиссия раиси Жамшид Ярлакабовнинг айтишича, куннинг иккинчи ярмига қадар маҳалладаги деярли барча фуқаролар овоз бериб бўлган.

“Ҳозирги пайтда бизнинг маҳалламизда 2 230 нафар доимий яшовчи фуқаролар мавжуд. Уларнинг 1 815 нафари сайлов ёшидаги фуқаролардир. Шулардан, 46 нафар фуқаро сайловда биринчи марта овоз берди. 31 нафар фуқаро эса сурункали хасталиги бўлгани учун сайлов участкасига кела олмади. Улар учун кўчма қутилар ташкил этилган бўлиб, ҳар бир фуқаронинг уйига бориб сайловда иштирок этишлари таъминланади”, дейди сайлов комиссияси раиси. 

Шу ўринда биз эрталабки 08:00 да сайлов жараёни старт олганидан то 14:30 га қадар 934-сайлов участкасида бир нафар фуқаро бир нечта қариндошлари номидан овоз берган ҳолатлар учраган ёки учрамагани ҳақида участка сайлов комиссия раиси Ярлакубовга юзландик. Унинг маълум қилишича, бундай ҳолат кузатилмаган. Ҳар бир фуқаро ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжати билан келиб, сайловда иштирок этган. Аммо, участка ичкарисига кириб, сайлов жараёнини бевосита кузатиш давомида, яқинлари номидан ҳам овоз берган сайловчиларни учратдик. Улардан нима учун икки кишининг номидан овоз берганликларини сўраганимизда, яқини касал экани ва шу сабабли ҳам сайлов участкасига кела олмаслигини айтишди. Ваҳоланки, участка сайлов комиссияси раиси Жамшид Ярлакубов бундай ҳолат учрамаганини, касал фуқаролар учун эса кўчма сайлов қутилари ташкил этилганини айтганди. 

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри Олмазор тумани “Қуёш” маҳалласидаги 794-сайлов участкасида бўлган QALAMPIR.UZ мухбири ҳам бир нафар фуқаро бир нечта қариндошлари номидан овоз бераётганига гувоҳ бўлган. Сайловчи эса ўша ернинг ўзида участка ходимлари томонидан огоҳлантирилган.

Тошкент вилояти Қибрай тумани Жоме маҳалласидаги 934-сайлов участкасида сайловчилар билан суҳбатни якунлагач, сайловга келолмаган фуқароларнинг уйига бордик ва уларнинг ҳам сайловда ўз овозини беришига гувоҳлик қилдик.

Сурункали касаллиги бор ва ёши кекса фуқароларнинг сайлов участкаларига кела олмаганликларини тушунса бўлади. Аммо, яқинлари орқали сайловда овоз берган фуқароларнинг ҳаммаси ҳам ростдан касалми? Буёғи эса бизга қоронғу!

Ўхшаш янгиликлар