• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +21.1°C
Detail image
image

Россиянинг Украинага ҳужум қилиш хавфидан хавотирга тушган АҚШ, масалани Ғарбий иттифоқчилари билан ҳумокама қилмоқчи. 

Оқ Уй Матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий ҳафта АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Украина ва Германияга ташриф буюради. Учрашувнинг асосий масаласи – Россия-Украина эҳтимолий урушини муҳокама қилиш. 

АҚШ Давлат департаменти Матбуот котиби Нед Прайсга кўра, Блинкен Киевда Украина Президенти Владимир Зеленский ва Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кубела билан учрашади. Мулоқот давомида томонлар "Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашда АҚШ томонидан амалга ошириладиган саъй-ҳаракатларининг истиқболи"ни муҳокама қилишади.

Берлинда АҚШ вакили мамлакат расмийлари билан Украинага ҳужум уюштирган тақдирда, Россияга қарши жиддий жавоб чоралари кўриш масаласини муҳокама қилиши кутилмоқда. Билдирилишича, Ғарб Россияни хатти-ҳаракатлари учун иқтисодий муаммолар билан "сийламоқчи". Бунинг учун эса Россия газининг йирик истеъмолчиларидан бири бўлган Германиянинг “қўли”дан фойдаланиш кўзда тутилган. 

Берлинда АҚШ Давлат котиби Блинкен ва Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ўртасида бўладиган учрашувда Трансатлантик иттифоқ аъзоси ҳисобланган Буюк Британия ва Франция вакиллари ҳам иштирок этади.  

Ташрифларнинг асосий сабаби ўтган ҳафта мувофақиятсиз якунланган Ғарб ва Россия ўртасидаги хавфсизлик музокаралари экани айтилмоқда. Украина чегарасида ўз қўшинлари сонини тобора орттириб бораётган Москванинг ҳаракатлари АҚШ ва НАТО давлатларининг ўринли эътирозларига сабаб бўлиб, уларни бирлашиш сари ундамоқда. 

Сўнгги пайтларда АҚШ Марказий разведка хизматининг маълумотларига таяниб, Украинани Россия ҳужумга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги хабарлар билан огоҳлантирмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Оқ Уй Матбуот котиби Жен Псаки Россия қачон Украина ҳудудига бостириб кириши ҳақида маълум қилган эди. Унга қўра, Москва Киевга жорий йилнинг январь-февраль ойларида ҳужум қилишни кўзламоқда.

“Биз Россия ҳукумати босқинга тайёргарлик кўраётганидан хавотирдамиз. Биз буни аввал ҳам кўрганмиз. Бу воқеалар бизга 2014 йил, Россия Украина шарқидаги кучларга қарши ҳужум қилиш учун уларга нисбатан саботаж ва ахборот операциялари уюштирган пайтни эслатмоқда. Россия ҳарбий режаларини январь ва февраль ўрталарида бошлаши мумкин”, деган Псаки. 

Бунинг ортидан Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси Оқ уйнинг Украинага босқин уюштириш вақти ҳақидаги баёнотини “сохта ва ахборот босими” дея атаган.

Беҳруз Саидов 

Ўхшаш янгиликлар