• 10809.74
  • 12317.70
  • 141.04
weather Тошкент: +7.2°C
Detail image
image
Бугун, 6 декабрь Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлган кўплаб муҳим воқеликлар билан ёдда қолмоқда. Хусусан, бесоқолбозларнинг Тошкентдаги концерти бекор қилинди. Халқаро майдонга назар ташлайдиган бўлсак, АҚШда мотам эълон қилинди. Шу каби қайноқ янгиликларининг қисқача тафсилоти билан қуйида танишинг.

Жамият 

Метрода “тиғиз пайтларда” оралиқ интервал қисқартирилади

Тошкент метрополитенининг барча йўналишларида “тиғиз пайтларда” оралиқ интервалларини максимал даражада қисқартирилиб, барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда қўшимча ҳаракат таркиблари сони кўпайтирилади. Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” ДУК раҳбари ва таркибий тузилмаларининг раҳбарлари билан навбатдаги йиғилишда айтиб ўтилди.

Йиғилиш давомида қуйидаги масалалар топшириқ сифатида масъуллар зиммасига юклатилган:

тирбандликларни олдини олиш, йўловчиларга қулайлик яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, поездлар ҳаракати оралиқ интервалларини қисқартириш мақсадида, поездлар ҳаракати жадвали қайта кўриб чиқиш;
метрополитен барча йўналишларда “тиғиз пайтларда” оралиқ интервалларини максимал даражада қисқартириш ва барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда қўшимча ҳаракат таркиблари сонини кўпайтириш.

Қашқадарёда “замҳоким” ва ХТБ бошлиғи ўқувчиларга суратга тушиш учун совға бергани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Йўлдошев ва Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Тўлқин Каримов суратга тушиш учун совға бериб, кейин қайтариб олгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга вилоят ХТБ Матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Шаҳрисабз шаҳридаги Маданият саройида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш бўйича кўрик-танлов, фестивал ва спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш тадбири ўтказилган.

Кимлар ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаши мумкин?

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Президентининг “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2022 йил 1 январдан ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилади. 

Мазкур лавозимга:

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, тижорат банклари, иқтисодий ва инвестиция комплексларига кирувчи бошқа идоралар, уларнинг ҳудудий бўлинмаларида бўлим (шўъба) бошлиғидан паст бўлмаган лавозимда ишловчи раҳбар ходимлар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликларнинг раҳбар ходимлари тайинланади;
номзодлар очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинади;
тадбиркорлар, бошқа соҳа вакиллари, фаол ёшлар, раҳбарлик лавозимида фаолият юритмаётган ходимлар ва олий маълумотга эга бўлмаган фуқаролар ҳам ишга қабул қилиниши мумкин.

Жиноятчи амалдорлар 4 йилда давлат ва жамиятга 3,5 трлн сўм зарар етказган

Статистика бўйича Ўзбекистонда мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2018 йилда 556 млрд, 2019 йилда 1,858 трлн, 2020 йилда 500,1 млрд, 2021 йилнинг 9 ойида 658 млрд (жами 3 трлн 572,1 млрд) сўм моддий зарар етказилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зуҳра Шодиева маълум қилди.

Депутат Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан мансабдор шахсларга нисбатан чоралар кучайтирилаётганини таъкидлаган.

Балиқ бошидан. Бош прокуратура масъул ходими пора олаётганда ушланди

Ўзбекистон Бош прокуратурасида бошқарма бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишловчи шахс пора олаётганда қўлга тушди. Бу ҳақда БП Матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Аниқланишича, А.Т. Олмалиқ ихтисослаштирилган прокурори лавозимида ишлаган пайтида, 2020 йил октябрь ойларида ўзига таниш бўлган қурилиш корхонаси раҳбари Д.А.ни Олмалиқ шаҳридаги 11-сонли ётоқхонани реконструкция қилиш бўйича қонуний ўтказилган тендерда қурилиш корхонаси гўёки унинг ёрдами билан ғолиб чиққанлигига ишонтирган ва моддий рағбат талаб қилиб келган.

Бесоқолбозлик тарғиботчилари Тошкентда концерт бериши ортида ким турибди?

Жорий йилнинг 25 декабрь куни Тошкентдаги "Humo Arena" комплексида россиялик 6 нафар тик-токер иштирокида "Тik Tok Fest" шоу-концерт дастури ўтказилиши режалаштирилмоқда. Унда иштирок этувчи тик-токерлар Аня Покров, Ваня Дмитриенко, Даня Милохин, Анет Сай, Артур Бабич, Егор Шип асосан ижтимоий тармоқда шарқ қадриятлари ва тарбиясига зид, оммавий маданият ниқоби остидаги, шунингдек бесоқолбозликни тарғиб қилувчи айрим чиқишлари билан “тилга тушган”. Шу боис ушбу шоу дастури жамоатчилик фаоллари томонидан танқидларга сабаб бўлмоқда. Кўпчилик шоунинг ташкил этилишида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигини айбламоқда. Ўз навбатида Маданият вазирлиги мазкур концертнинг ташкилий ишлари, жумладан лицензия беришда ҳам иштирок этмагани хусусида баёнот билан чиқиб, ташкилотчиларни ушбу масалага жиддий ёндашишга чақирди.

Кўплаб танқидлар, жамоатчиликнинг эътирозларидан сўнг, ушбу шоу дастури бекор қилинди.

Олам

АҚШда мотам эълон қилинди

АҚШ Президенти Жо Байден сиёсатчи Боб Доулнинг вафоти муносабати билан Қўшма Штатларда тўрт кунлик мотам эълон қилди. Бу ҳақда Оқ уй хабар тарқатди.

Доул 98 ёшида вафот этди, дея маълум қилди унинг рафиқаси номидаги Элизабет Доул фонди. У ҳам собиқ сенатор.

Байден 9 декабрь куни қуёш ботгунча АҚШ давлат байроқлари бироз туширилиши ҳақида қарор чиқарган. Бу буйруқ Оқ уй, Американинг барча муассасалари ва расмий бинолари, шунингдек, элчихоналар, ҳарбий базалар ва кемаларга тегишли.

Россияда икки ўзбекистонлик бола чўкиб кетди

Россиянинг Рязан вилоятидаги Дедюхино қишлоғида ўзбекистонлик икки нафар бола чўкиб кетди. Бу ҳақда РФ Тергов қўмитасининг Рязан вилояти бошқармаси маълум қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 3 декабрь куни ота-она қаровисиз қолган 7 ва 4 ёшли ака-ука қишлоқдаги сунъий сув ҳавзаси устидаги музга чиқишган. Шу вақтда муз ёрилиб, улар чўкиб кетган.

Тергов бошқармаси ходимлари зудлик билан ҳодиса жойига чиқиб, зудлик билан текширув ўтказган.

Россияда Марказий Осиё фуқаролари учун виза режимини ўрнатиш таклиф қилинди

Россияда Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун вақтинчалик виза режимини жорий этиш таклиф қилинди. “Адолатли Россия – ватанпарварлар – Ҳақиқат учун” партияси етакчиси Сергей Миронов шундай ташаббус билан чиқди. 

Сиёсатчи ўзининг Telegram саҳифасида МО фуқаролари учун виза жорий этилиши 3 муҳим муаммони ҳал қилишини келтириб ўтган.

Унинг сўзларига кўра, виза режими меҳнат миграцияси оқимини камайтиради, бу эса жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни барқарорлаштиради. Шунингдек, ташриф буюрувчилар сонининг камайиши “Россияга коронавируснинг янги штаммлари кириб келиши эҳтимолини имкон қадар камайтиришга” ёрдам беради. Энг асосийси эса, Россия иқтисодиёти арзон муҳожир меҳнатидан ҳимояланади.

“Omicron” Ўзбекистон чегарасига яқинлашди

Россияда коронавируснинг "omicron" штамми билан касалланиш ҳолатлари аниқланди. Вирус Жанубий Африка Республикасидан қайтган икки кишида қайд этилган. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати (Роспотребнадзор) маълум қилди.

"Роспотребнадзор Марказий Эпидемиология илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган ирсият бўйича секвенция натижасида расадхонада бўлган биринчи кунида олинган ПЗР тести ижобий бўлган икки беморда "omicron"штамми тасдиқланди”, дейилади хабарда.

Спорт

Ўзбекистонлик ёш дзюдочилар Осиё чемпионатини 1-ўринда якунлади

Ливан пойтахти Байрут шаҳри мезбонлигида ўтган дзюдо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё-Океания чемпионати ўз якунига етди. 

Аввалроқ, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 9 та олтин, 5 та кумуш, 5 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллгани ҳақида хабар берган эдик. 

Ёшлар терма жамоаси ҳам икки кунлик муросасиз беллашувлар якунига кўра 7 та олтин, 2 та кумуш, 6 та бронза, жами 15 та медаль билан 15 мамлакат орасида умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни банд этишди. 

У ҳамон ПСЖда: Мбаппенинг ҳафсаласи пир бўлди

ПСЖ ҳужумчиси Килиан Мбаппе Париж клубидаги келажаги ҳақида гапирди.

“Нима бўлишидан қатъий назар, мен катта клубда ўйнайман. Кўпинча ҳафсалам пир бўлганини сўрашади. Ҳа, бошидан шундай бўлган. Лекин мен учинчи дивизион жамоасида эмасман, тўғрими?” дейди Мбаппе.

ЖЧ–2021: Ўзбекистонлик оғир атлетикачилар қачон супачага чиқади?

Жорий йилнинг, 7–17 декабрь кунлари Тошкент шаҳри оғир атлетика бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.

Айни пайтда мусобақанинг барча расмий жараёнлари, шу жумладан 14 нафар спортчи билан иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоаси вакилларининг супачага чиқиш вақтлари маълум бўлди.   

Руслан Нуриддинов, Акбар Жўраев, Адҳамжон Эргашев, Муҳаммадқодир Тоштемиров, Кумушхон Файзуллаева сингари номдор атлетлар мусобақа ғолиблиги учун асосий даъвогарлар қаторида.

Ўхшаш янгиликлар