• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +7°C
Detail image

Қатар мезбонлик қилган тарихий Жаҳон чемпионати драматик ўйинлар, шиддатли қарама-қаршиликлар ва ўзига хос натижалар билан мухлислар ёдида қолди. Гарчи, ЖЧ-2022 Ўзбекистон миллий терма жамоасисиз ўтган бўлса ҳам, ҳар ҳолда мундиал ўзбекларсиз ўтмади. Ўзбекистон мухлислар жамияти раҳбари Абдураҳмон Фозилов бошчилигидаги делегация иккита Ўзбекистон байроғи тасвирланган автомобилда ЖЧ бошланмасидан аввал Ўзбекистон – Қозоғистон – Озарбайжон – Эрон – БАА - Саудия Арабистони ва Қатар йўналишида сафарга отланганди. Бу делагация ўз олдига қандай мақсадларни қўйганди ва Фозилов жамоаси ўйланган режаларни амалга ошира олдими? 

QALAMPIR.UZ ҳозирда БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб турган Абдураҳмон Фозилов билан суҳбат қуриб, юқоридаги саволларга жавоб олди. 

Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Шаҳзод Шукуров, мухбир: —  Нега айнан машинада Ўзбекистондан Қатарга бориш йўлини танладингиз?

Абдураҳмон Фозилов, Ўзбекистон мухлислар жамияти раҳбари : —  Бу ғоя менда анчадан бери бор эди. Россияда бўлиб ўтган ЖЧга ҳам машинада борганман. Асосий мақсадим Ўзбекистонни Қатар мундиалига келган миллионлаб мухлисларга ҳар хил флаерлар, футболкалар ва бошқа нарсалар орқали тарғиб қилиб, бор кучимиз билан ватанимиз ҳақидаги маълумотлари сайёҳларга етказиш эди. Машиналаримизда ҳам Ўзбекистон байроғи туширилган ва юртимиз ҳақида маълумот берувчи интернет саҳифалари акс этган. 

Ш.Ш.: — Қатарга автомобилда узоқ йўл босиб бордингиз, Жаҳон чемпионати мана шу қийинчиликларга арзирли бўлдими?

А.Ф.: —  Қатаргача ҳам кўпгина мамлакатларда бўлдик. Бошқа давлатдагилар ҳам бизни илиқ қаршилади. Қозоғистон, Озарбайжон ва Эронда турли хил тадбирлар ташкил қилиб, ўша мамлакат фуқаролари билан кўришдик, уларга совғалар бердик, яъни ЖЧгача бўлган даврда ҳам катта кўламдаги ишни уддаладик. Кейин БАА орқали Саудияга бордик, Саудиядан эса Қатарга... Дунёнинг кўпгина таниқли телеканаллари айнан сиз берган саволни менга берди. Нимага машинада? Биз бу йўлни танлаб катта машаққатларни ортда қолдирдик ва ЖЧ биз кўрган қийинчиликларга арзийди. 

Ш.Ш.: — Машинада Қатарга бориш учун тез-тез ёқилгиғи қўйишга тўғри келади. Сиз танлаган йўналишдаги давлатларда ёқилғи нархлари қанча? Бу борада Ўзбекистон билан нархлардаги тафовут қандай?

А.Ф.: —   Бизнинг машинамиз дизелда ҳаракатланади. Қозоғистонда дизель нархи тахминан 3000-4000 сўм атрофида эди. Озарбайжонда ҳам тахминан шундай нархни кўрдик, лекин Эрондаги нархлар ҳайратда қолдирди, чунки Эронда 1 литр дизель нархи бизнинг суммада 1000 сўм эди. Шундай бўлса ҳам Эрондан шу суммага дизель олишнинг имкони бўлмади, чунки Эронда қандайдир катта ташкилотларнинг купонлари орқали дизель берилар экан, исталган инсон келиб машинасига дизель қуя олмайди. Хуллас, дизель биз учун анча қимматга тушди. БААда дизель нархи тахминан 14 000 сўмни ташкил этди, Саудияда эса 2200 сўмга дизель сотиб олиш мумкин, лекин юқорида айтилган мамлакатлар нефть захираси бўйича дунёнинг етакчи давлатлари эканлигини ҳам инобатга олиш керак.

Ш.Ш.: — Мбаппе тўп киритганидан сўнг голини Ўзбекистон байроғи олдида нишонлади ва бу сурат ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлди. Меҳнатингиз самарасини кўрганингиздан сўнг нималарни ҳис қилдингиз?

А.Ф.: —  Очиғини айтаман мен Мбаппени Ўзбекистон байроғи олдига борганини кўрганим йўқ. Мен бу ҳолатни кейинроқ, Instagram орқали билдим. Мбаппенинг ижтимоий тармоқлардаги кузатувчилари Ўзбекистон аҳолисидан икки баробар кўпроқ. У Ўзбекистон байроғи олдида голини нишонлагани тасвирланган суратни Instagram’га жойлагач, Киллианнинг изоҳлари Ўзбекистон байроғига тўлиб кетди. Мана шу ҳолат учун ҳам босиб ўтган йўлимга, кўрган машаққатларимга розиман, чунки бутун дунё бизнинг байроғимиз ҳақида гапирди. 

Ш.Ш.: — Байроқнинг ҳажми, стадионни қайси қисмларида жойлаштириш борасида талаб ва тақиқлар бўлмадими? 

А.Ф.: —  Аслида бу борада талаблар бошқача эди, яъни стадионга олиб кирилаётган байроқнинг узунлиги 2 метрдан ошмаслиги керак эди, эни эса 1 метрни ташкил этиши лозим, аммо биз йўлини қилдик. Таъқиқлар бўлса ҳам амаллаб узунроқ байроқларимизни ҳам олиб кирдик. 

Ш.Ш.: — Ўзбекистон байроғини кўриб, бу қандай мамлакат деб сизга саволлар билан юзланишдими?

А.Ф.: —   10 йилча олдин мен Ўзбекистонданман десам, хорижликлар “Покистон! Покистонданмисиз?” дейишарди. Одамлар уруш-жанжаллар кўп бўладиган жойларни яхши эслаб қолади. Тинч мамлакатлар ҳақида кўп хабар тарқалмагани боис бошқа давлат фуқаролари салбий хабарлар чиқмаган мамлакатлар ҳақида кўп маълумотга эга бўлмайди. 10 йил аввал шунақа эди, лекин ҳозир ундай эмас. Ҳозир Ўзбекистонданман десам, кўпчилик юртимизнинг пойтахти Тошкент эканлигини айтиб, "Мен Ўзбекистонга борганман", деяпти. 

Ш.Ш.: — ЖЧ томоша қилиш учун борган мухлисларга қандай шароитлар яратилган экан? Биз ҳатто кўчада қолиб кетган мухлислар ҳақида хабарларни ўқидик. Бу борада сизлар билан муаммо бўлмадими?

А.Ф.: —   Йўқ, бизда бу борада муаммолар бўлмади. Бир жойга борсак албатта имкон қадар муаммоли ҳолатларни олдини олиб борамиз. Мухлислар учун кўплаб шароитлар яратилган. Қатар яқинидаги мамлакат фуқароларига битта ўйин кўриш учун авиарейслар ташкил этилди. Мен Қатарда ЖЧ жуда оғир ўтади деб ўйлагандим, яъни олдин Қатарга келганимда бу ерда жуда кўп тирбандликлар бўларди, аммо бу сафар катта тирбандликлар кузатилмади. Менимча, мамлакат ҳукумати бу бўйича қандайдир қарор ёки лойиҳани татбиқ қилган. 

Ш.Ш.: — Муаммоли ҳолатлар, йўлда қолиб кетишлар бўлганида қарорингиздан афсусланган пайтингиз ҳам бўлдими?

А.Ф.: —  Мен ҳеч қачон танлаган йўлимдан қайтмайман ва афсусланмайман, агар танлаган йўлим нотўғрилигини билсам ортга қадам ташлашим мумкин. Мен 1999 йилда бутун Ўзбекистонни велосипедда айланиб чиққанман. Ўшанда ортга қайтсаммикан деган ҳаёл келган, лекин ундан кейин бирорта сафаримда қароримдан афсусланиш ҳолати бўлмаган.

Ш.Ш.: — Абдураҳмон ака нечта тилни биласиз?

А.Ф.: —  Мукаммал биладиган тилларим ҳам бор, унча яхши билмайдиган тилларим ҳам бор. Очиғи, туркийзабон мамлакатлар фуқаролари билан бемалол гаплаша оламан. Ёшларга маслаҳатим албатта бирорта тилни мукаммал ўргансин.

Ш.Ш.: — ЖЧда билетлар билан боғлиқ муаммоларга дуч келдингзими?

А.Ф.: —  Гуруҳ баҳсларида билетлар билан боғлиқ муаммолар бўлмади, аммо 1/4 финал, 1/2 финал баҳслари бошланиши билан билет борасида ҳам муаммоларга дуч келдим. Финал ўйинида стадионнинг марказий трибуналари билет нархлари 10 минг долларгача ошиб кетди.

Ш.Ш.: — ЖЧ вақтида бўлган қизиқарли ҳолатлар ҳақида ҳам гапириб берсангиз...

А.Ф.: —   ЖЧ вақтида айтарли қизиқарли ҳолат бўлмади. Бу мундиалда нима учундир Бразилия термасининг ўйинига тушгим келмади, очиғи 200-300 долларни Бразилиянинг ўйинидан қизғондим. ЖЧда эсда қоларли ҳолат бўлиши учун, финалда югуриб стадионга тушиб кетиш ҳаёли ҳам келди, аммо FIFA’нинг қоидаси бор, агар мен ҳақиқатдан югуриб стадионга тушганимда FIFA таснифидаги бирорта ўйинга киритилмасдим ва яна жарима ҳам тўлашим керак бўларди. 

Ш.Ш.: — Ҳалифа стадионида бутун бошли стадионни оёққа турғазиб, тўлқин ҳосил қилдингиз...

А.Ф.: —  Биринчи ўнг томондан тўлқин ҳосил қилишга ҳаракат қилдим, Аммо ўхшамади. Кейин охирги сафар чап томондан тўлқин ҳосил қиламиз деб ишқибозларга юзландим ва катта тўқин ҳосил бўлди. Бу мен учун оддий иш. Мисол учун, “Пахтакор” ёки “Бунёдкор” стадионида ҳам бундай ишларни жуда кўп марта қилганмиз.

Ш.Ш.: — Қатардаги битта ҳуддуда бутун дунёдаги юзлаб мамлакатларнинг байроқлари бор экан, лекин у ерда Ўзбекистон байроғи йўқ эди. Ўша жойга мамлакатимиз байроғини илишга муваффақ бўлдингларми?

А.Ф.: —   Афсуски, бу ишни бажара олмадик. Биз у жойга байроқни илиш учун жуда кўп ҳаракат қилдик. У ерга фақатгина Қатар мамлакатида элчихонаси бор давлатларнинг байроқлари илинар экан. Бу бўйича ташқи ишлар вазирлиги билан гаплашдик, аммо белгиланган қоидалардан чиқиш мумкин эмас экан. Хуллас, у жойга Ўзбекистоннинг байроғини илиш учун Қатарда юртимиз элчихонаси очилиши керак. 

Ш.Ш.: — Финал таассуротлари билан ўртоқлашсангиз...

А.Ф.: —  Таассуротлар олам-олам. Бу мен кўрган иккинчи ЖЧ финали ҳисобланади. Финалдаги эмоцияларни сўз билан ифодалаб бўлмайди…

Ш.Ш.: — 2026 йилги мундиалга ҳам ноодатий тарзда бориб келиш нияти борми?

А.Ф.: —  Насиб бўлса, Ўзбекстон миллий терма жамоаси ЖЧ-2026га чиқса Америкага машинада бораман. 

Ш.Ш.: — Ўзбекистонга қайтгандан сўнг келгуси режалар ва мақсадлар қандай?

А.Ф.: —  Мен ўзим ЎФАда ишлайман. Одатий ҳаёт тарзини давом эттираман.

Ўхшаш янгиликлар