• 10581.03
  • 12645.39
  • 145.92
weather Тошкент: +30.1°C
Detail image
image

“Murad Buildings” компанияси асосчиси Мурод Назаровнинг “Tashkent city” ҳудудида ер ажратиш масалалари ноқонуний ҳал этилгани ҳақида фикр билдирганди. Тадбиркорнинг бу фикрлари тармоқ фойдаланувчилари орасида мунозарага сабаб бўлди.

“Tashkent city” дирекцияси Назаровнинг фикрларига муносабат билдириб, тадбиркорнинг қурилишга руҳсат берувчи хужжатлар юзасидан билдирган фикрлари хақиқий ҳолатга тўғри келмаслигини ва асоссиз эканини маълум қилди.

Орада кўп ўтмай эса ижтимоий тармоқларда Мурод Назаровнинг яна бир видеоси тарқалди. Унда “Murad Buildings” компанияси асосчиси мунозараларга сабаб бўлган дастлабки фикрларига изоҳ берган.

“Кеча интернетда тарқалиб кетган видео ҳақида гапирадиган бўлсак, ОAВдан илтимос қилган бўлардим, ҳар бир сўзимизни тўғри талқин қилишса, тушунмовчилик бўлмайди. Шов-шув қилиш учун “лойиҳаси йўқ экан, лойиҳасиз қурилаётган экан”, деган гаплани назарда тутиш бу нотўғри. У ерда мен гапирганим, менга лойиҳангиз тасдиқланганми деб савол беришган. Ўша ерда тушунтирганмизки, лойиҳамиз параллел лойиҳалаштирилаётгани учун уни устида маҳаллий ташкилотлар билан ишланяпти. Чунки “Tashkent City”да қурилаётган ҳар бир мажмуа бу жудаям жиддий, жудаям уникал лойиҳа. Бу пайтгача бу каби лойиҳалар қурилмаган. Эски стандартларда буни қуришни имкони йўқ”, дейди Мурод Назаров.

У сўзида давом этиб, шунинг учун параллел лойиҳалаштириш учун шарт қўйилганини, халқаро тажрибага эга бўлган, олдин ҳам бу каби лойиҳаларни қуриб юрган  кучли компаниялар олиб бориши шарти билан бараварига лойиҳалаштириб босқичма босқич ва ҳар бир босқични маҳаллий ташкилотлар билан кўриб чиқиб, стандартлаштириб, кейин ўша босқичларни қуриб битказиш назарда тутилганини таъкидлади. Тадбиркор “Tashkent City”да ҳамма хоҳлаганча, ўзбошимчалик қилиб ўзининг лойиҳасини қуриб ташламаганини ҳам урғулади.

“Журналист опамиз ҳам шошиб чиройли савол бериб, чиройли жавоб олиб, ҳали пресс-конференциямиз тугамасдан буни интернетга қўйиб юборди. Шов-шув бўлди. Барча журналистларни чақирган пресс-конференциямиздан мақсадимиз айнан мана шуларни батафсил гапириб тушунтириб бериш. Қилинаётган барча ишларнинг сарҳисобини кўрсатиш эди. Лекин қатнашмасдан “мен жавобимни олдим”, деб чиқиб кетиб, буни интернетга қўйиши шов-шувга сабаб бўлди. 

Бу катта кўча эмас. Бу “Tashkent City” халқаро бизнес маркази ҳудуди. Бу ердаги бир бино алоҳида назорат билан олиб борилмоқда. “Hilton” меҳмонхонаси ҳам худди шундай босқичма босқич лойиҳалаштирилди. Маҳаллий ташкилотлар шу ерда ётволиб, шу ерда ишлашди. Барча ҳужжатлари бор, лекин тасдиқ деган нарсани тўғри тушунишимиз керак”, дейди Мурод Назаров.

Тадбиркорининг қайд этишича, бу тур ҳужжатларни тасдиқлаб берадиган орган ёки нормативларимиз Ўзбекистонда ҳали йўқ. Бу нарса ҳозир ишлаб чиқиляпти.

“Бу нарсани ҳозир ишлаб чиқмасак, эски стандартлар билан яшаб юраверарди Ўзбекистон. Бу нарса қилиняпти ва кейингиларига йўл очиб кетиляпти.

Бу нарсани тўғри тушуниш керак. Халқни нотўғри фикрга чалғитмаслик керак. Чунки адолатсизлик, ғирром деган нарсалар жамиятда яхшиликка олиб келмайди. Шу жамиятда ўзимиз яшаймиз, фарзандларимиз яшайди. Бир бирига бўлган ишонч, муҳаббат ва умиди бўлса ҳаммамизни юртимиз яхши бўлади”, дея сўзини якунлаган “Murad Buildings” асосчиси Назаров.

Эслатиб ўтамиз, Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳолат бўйича муносабат билдириб, “Tashkent city” ҳудудида ер ажратиш масалалари қонуний ҳал этилганини таъкидлаганди.

Ўхшаш янгиликлар