• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +21.1°C
Detail image

“... кимки яхшилик қилган ҳолида юзини Аллоҳга топширса, унга Робби ҳузурда ажр бордур. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар.”  Бақара сураси 112-оят.

Тошкент вилояти, Бўка тумани. Ичимлик суви етиб бормаган, газ-ку анқонинг уруғи бўлган 1,5 гектарлик сайҳонликда мўъжаз маҳалла бунёд бўладики, у ердаги уйларда етим болалар яшайди, уйлар эса пойтахтдаги бадавлат оилаларникидан кам бўлмайди деб бундан 9 ой олдин айтишганда, ишониб бўлмасди. Ушбу савоб меъмори Сардор Раҳимхонга ҳам ишонмаганлар талай эди. Удддасидан чиқмаслигини кутганлар ҳам, албатта. Уйлар битди. 30 оила уйли бўлди. 105 бола кўчада қолмади. 

“Юрак амри” хайрия жамоат фондининг “Жаннатдаги қасрлар” 25+ лойиҳаси  асосида 9 ой олдин ҳашар йўли билан қурилиши бошланган ва кўпчиликни савобли амал қилишга ундаган 30 та хонадан қуриб битказилди. 30 оила уйли бўлди. 105 бола кўчада қолмади.

Ўзбекистонда айни пандемия даври бошланган, халқнинг бошига синовли кунлар тушган бир пайтда Сардор Раҳимхон Президент Шавкат Мирзиёевнинг чақириғидан руҳланиб, “Юрак амри” лойиҳасига асос солганди. Бугун ушбу фонд кўпчиликнинг дардига малҳам топувчи масканга айланди. 

Биз Бўка туманига бориб, “25+” лойиҳаси асосида қурилган уйлар билан танишдик. Лойиҳа муаллифи Сардор Раҳимхон билан эксклюзив суҳбат уюштиришга муваффақ бўлдик. 

Ушбу видеоинтервьюни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Сардор Раҳимхон, "Юрак амри" хайрия жамоат фонди асосчиси: 

Озиқ-овқат тарқатишдан бошлаганмиз. Асл сабаби, виждон йўл қўймаган эди. Кейин секин-секин пандемия чўзилди. Вилоятларга, қишлоқларга чиққанимизда, ўргансак, муаммонинг кўлами катта. Унинг ечимини фақат озиқ-овқат тарқатиш билан излаб бўлмас экан. Уларнинг муаммосини тубдан ҳал қилиб, ёрдам бериб, ҳаётини, турмуш тарзини  яхши тарафга ўзгартириб, ҳақиқатан жўяли, амалда натижа қилиш керак экан, деган хулосага келдик. Ундан кейин, секин- секин лойиҳамиз катта бир фондга айланди. Фаолият юритаётганимизга икки йилдан ошди. Алҳамдулиллаҳ, ният ва мақсадларимизга етяпмиз.

Лойиҳа муаллифининг сўзларига кўра, турмуш тарзимиз ва атрофимиздаги муаммолар ва биз дуч келадиган тўсиқларнинг ечими бирдамлик ва инсонларнинг аҳиллигидадир. 

С.Р.: — Биз ҳокимиятдан, давлатдан, юртбошидан талаб қилишга ўрганиб қолганмиз. Нолиганимиз нолиган. Лекин аслида, мана шу “25+”, “60 кабутар”, “Юрак амри” лойиҳалари бўладими, буларнинг ҳаммаси муаммони одамларнинг ўзи ҳам ечиши мумкинлигини исботлаб берди. Агар озгина хоҳласа, муаммони одамларнинг ўзлари ечса ҳам бўлар экан-ку. Бир-бирига эътиборли, оқибатли бўлса, озгина нафсини тийса, Аллоҳ берганидан озгина бўлишса... Бўлар экан-ку. Чунки, яшашдан мақсад ҳам яхшилик қилиш-ку ахир. Ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлганидан, бир-бирини унутганидан, бир-бирига бефарқ бўлганидан кейин, муаммо бўлмаса, нима бўлиши керак? У жойда барокат бўлмайди-да.

9 ойда бир фарзанд дунёга  келиб ёруғ оламни кўради. Қурилишда меҳнат қилган кўнгилли ва чин дилдан эҳсонини аямаган инсонларнинг кўмаги билан 9 ой ичида муҳтож инсонлар учун 30 та хонадон қуриб битказилди. “Жаннатдаги қасрлар” лойиҳаси минглаб инсонларни бир жойга жамлади. 

С.Р.: — Шунчаки, Тошкентдан бир соат узоқликдаги масофада жойлашган Бўканинг оддий, ясси бир жойи – далада на “свет”, на газ, на канализация, на сув бор эди. Шу жойда тўққиз ойлик меҳнатнинг самараси, холис ниятда келган инсонларнинг меҳнати, ҳашари, эҳсони, меҳр-оқибати билан бир шаҳарча бунёд бўлди. Алҳамдулиллаҳ, қилса бўлар экан-ку. Назаримда, бу хамир учидан патир. Бу ҳали қилишимиз мумкин бўлган ишларнинг шунчаки дебочаси, холос. Бу 30 та уй. Ҳали заводлар, фабрикалар, мактаблар, университетлар қурса, шаҳарларни обод қилса бўлади. Инсонлар мана шундай ҳамжиҳат, аҳил, бир-бирига меҳрли бўлиб, ҳамма муаммолардан чиқиб кетишини бу лойиҳа исботлаб берди. 

Тошкент вилояти, Бўка туманида қуриб битказилган хонадонларнинг ер майдони туман ҳокимлиги томонидан бепул ажратилган. Хўш, нима учун “Жаннатдаги қасрлар” лойиҳасини амалга ошириш учун айнан  Бўка тумани танланган эди? Суҳбат давомида бу саволимизга ҳам жавоб топдик.

С.Р.: — Биринчи кунимиздан то охиригача Бўка туман ҳокимияти ёнимизда “Нима ёрдам, нима қилайлик?”, деб камарбаста бўлиб туришди. Барака топишсин, жуда яхши инсонлар. Бўка туманини танлаганимиз ҳам бежизга эмас. Чунки, икки йил давомида республикамизда биз бормаган чекка қишлоқлар қолмади. Ўрганишимиз натижасида, ўзимиз белгилаб қўйган оғир-оғир ҳудудлар бор эди. Шулардан бири Тошкент вилоятидаги Бўка тумани. Бу ерда камбағаллар, мискинлар кўплиги учун шу жойни танлаганмиз. Бу ердаги инсонларни битта битта Тошкентга олиб бориб кўчиргандан кўра, яхшиси шу жойнинг ўзида бир катта лойиҳа қилайликки, ҳаммаларини шу ерга кўчириб олиб келайлик, деган ниятда лойиҳа пайдо бўлди. Ҳар битта уйимиз 2,5 сотихдан иборат. Бошида 3 сотих қилмоқчи эдик. Уйларни кўпайтириш учун қисқартирдик. Бошида 25 та уй қурилиши керак эди. Кейин, “25+” номи билан 30 та уй қурилди.

Қуриб битказилган хонадонларга турли сабабларга кўра турмуш ўртоғидан айрилган 30 нафар бева аёллар ва уларнинг 105 нафар ота меҳридан айро, болалигидан қийинчилик таъмини тотиб келган фарзандлари жойлаштирилган.

С.Р.: — “Муҳтожга балиқни эмас, балиқ тутишни ўргатиб, қармоқни бер”, дейишади-ку. Назаримда бу лойиҳа шунинг исботи бўлса керак. Мақсадимиз муаммони таг-томири билан ҳал қилиш. Масалан, уларга ҳозир озиқ-овқат олиб келиб берсак, бир ҳафта, 10 кун қорни тўқ бўлади. Лекин, муаммоси йўқ бўлмайди. ИншаАллоҳ бу фарзандларимизга ўтиб кетган оталари ўрнида ота бўлайлик. Булар ҳам ўзимизнинг болаларимиз. Эртага буларнинг орасида мана шу юртнинг ёнида камарбаста бўлиб турадиган катта олимларимиз, спортчиларимиз, чемпионларимиз чиқса, ажаб эмас. Қолаверса, шундай инсон бўлмаган тақдирда ҳам, бу бизнинг инсоний бурчимиз-ку. Ҳаммамиздан қолиб кетадиган дунёда “Мен ўзи нима учун  яшадим?”, деган саволга агар ҳар битта одам жавоб берадиган бўлса, яхшилик, саховат қилса, етимнинг бошини силаса, кимнингдир мушкулини осон қилса, шу саволга жавоб топган бўлади.

Лойиҳа бир неча босқичдан иборат  ўлиб, унинг биринчи босқичида 30 та хонадон эгаларига топширилди. Энди навбат 100 ўринли замонавий болалар боғчаси ва 50 дан зиёд аёл ишлаши мумкин бўлган тикув цехига. Шунингдек, сартарошхона, новвойхона, савдо дўкони ва бошқа объектлар қурилиши ҳам режалаштирилмоқда.

С.Р.: — Улар фақатгина уй муаммосидан халос бўлишмайди, балки ҳаётдаги бошқа муаммолардан ҳам аста-аста чиқишади. Мақсадимиз, буларни ишли қилиш, болалар боғчасида илм-маърифат ўргатиш. Керак бўлса, касб ҳунарга ўргатиш. Спорт билан ҳамоҳанг бўлсин, деган маънода спорт майдончаларимиз қуриляпти. Бу катта лойиҳа. Худо хоҳласа, тез кунларда иккинчи босқичда ҳам қолган объектлиларимизни топшириб, ўйлаган мақсадларимизга етамиз, деган умиддамиз. 

Суҳбат давомида “Юрак амри” хайрия жамоат фондининг асосчиси Сардор Раҳимхондан хонадон эгалари қандай танлов асосида сараланганини сўрадик.

С.Р.: — Энг аввало, улар етим, вояга етмаган. Ҳақиқатан ижтимоий ҳимояга, ёрдамга муҳтож. Чунки, турмуш ўртоғи вафот этгандан кейин, барибир аёл киши фарзандлар тарбияси билан шуғулланиши керак. Агар у рўзғор ташвиши билан юрса, болаларнинг тарбияси оқсаб қолади. Шу маънода у хоҳласангиз, хоҳламасангиз, инсонларнинг кўмагига муҳтож. Мана шу маънода уйсиз камбағалларни, шукр, сабр қилиб ўтирганларни ва маҳаллада яхши тарбияга эга бўлган оилаларни танладик. Ўйлайманки, танловда адашганимиз йўқ.

Биз уларга, қўлдан келганча, озиқ-овқатдан ёрдам бериб турар эдик. Лекин, уй ҳақида бирорталарининг хабари йўқ эди. Видео чиққанида ҳам томошабинларимиз уларни қанақанги шароитда яшаб туришгани, қанақанги ҳолатдан буларни олиб келганимизни кўришади. Ҳаттоки, уларнинг ҳолатини кўриб, “Наҳотки, шунақанги шароитда ҳам яшаса бўлар эканми?”, деб виждонимиз, қалбимиз йиғлаган пайтлар бўлди. Кўп ҳолларда атрофдаги инсонлардан хафа бўлдим. Наҳотки, шу етим фарзандни, ўзимизнинг қора кўзларимизни шунақанги аҳволга ташлаб қўйишган бўлса?! Инсоф, одамгарчилик қаерда қолди? Буларнинг хурсанд бўлиши учун кўп нарса керак эмас. Ҳатто, борган жойларимизда, шу болалар ҳеч нарса йўқлигидан, сувга пиёз тўғраб, шўрва қилиб ичаётганларини ҳам кўрдик. Айрим хонадонларимиз, борганимизда ҳеч нарса йўқлигидан, кўчадан ўт юлиб келиб, ўтни тўғраб, ундан чучвара қилаётганларни кўрдик. Бу ҳар қайси инсонийлик чегараларидан ташқари бўлган ишлар. Биз энг аввало инсонмиз. Ўзбекистон фуқаросимиз, мўмин-мусулмонмиз. Бу ҳар тарафлама бизнинг бурчимиз эди. 

Қолаверса, бу беш кунлик дунёда биздан қоладигани шу яхшилик-ку. Биз яхшилик қилиб, ўзимизнинг онгимизни, қалбимизни, ўзимизнинг ҳаётдаги мазмун-моҳиятимизни топамиз. Шунинг учун кўп ҳолатларда мен “Буларнинг кўзидан ёшини оқизманг, чунки, бир жойда бир етим ноҳақликдан, қийналганидан, қорни очлигидан йиғласа, у жойга барокат ёғилмайди”, деб айтаман. У жойда барокат бўлмайди. ИншаАллоҳ ҳозир мана 105 та етим фарзандимиз кулди. Югуриб, хурсанд бўлиб юришибди, қорни тўқ. Энди булар эл-юртдан миннатдор, шукроналик ҳисси билан, элга муҳаббат билан катта бўлади. Бунинг акси ҳам бўлаётган вазиятлар кўп-да. Атрофдаги инсонлар бемеҳр бўлганидан кейин, ҳеч ким ёрдам бермаганидан кейин, у атрофдаги инсонларга нисбатан нафрат кўзи билан катта бўлади. У эртага ё жиноятчи, ёки иммигрант бўлиб, бошқа давлатларга кўчиб кетади. Бунинг тагида бошқа-бошқа муаммолар ҳам бор. ИншаАллоҳ буларни мана шу ерда яхши маърифатли қилсак, Россияга бориб қора ишчи бўлмайди. Бу аёлларимиз мана шу ерда, тикув цехида қўлидан келганича ҳалол меҳнат қилиб, пул топишса, боқиманда бўлишмайди.

Ҳар битта хонадон 5 та хонадан иборат. Уйнинг ички қисмида қишки, ҳовлисида эса ёзги ошхона мавжуд. Хоналар энг сўнгги ва замонавий уй жиҳозлари билан таъминланган. Болаларнинг мустақил ўқиши, билим олиши учун ҳам барча имкониятлар яратилган.

С.Р.: — “Шунақанги шароитлар қилиш шартмиди?”, дея кўп эътирозлар ҳам бўлди. Менимча, шарт эди. Чунки, биз ўзимизга хоҳлаганимизда, ўз уйимизга, болларимизга, онажонимизга бирон нарса олаётганимизда, энг яхшисини раво кўрамиз-ку. Бу фарзандларга ҳам энг яхшини берсангиз, унинг ажри ҳам савоби ҳам, натижаси ҳам яхши бўлади. Қолаверса, биздан унақа катта ҳаракат ҳам кетмади. Арзони билан қимматининг орасида катта ҳаракат йўқ. Фақатгина хоҳиш бўлса бас. Биз “Яхшиси бўлсин”, деб ният қилдик, ўз-ўзидан яхшиси келаверди. 

Лойиҳа давомида энг тан берган тарафларим жуда кўп бўлди. Бир-иккита маҳсулотларимизда, мисол учун, мебель ёки гиламда озгина қийналдик. Севара исмли бир буйраги қуриган жиззахлик қизимиз тўсатдан, вақтида инсонлар ёрдам бермагани сабабли вафот этди. Шу қизни мен ибрат қилиб кўрсатдим. Албатта, бир натижа бўлиши учун, бир етим кулиши учун фарзандларимиз нобуд бўлиши керакми, нобуд бўлишини кутишимиз шартми? Шу қиз бир ярим йил ёрдам кутиб ётди. Вақтида ёрдам берилганида шу қиз яшар эди. 80 млн пул билан операция қилинар экан. Наҳотки, 80 миллион инсон қадридан устун бўлса, деб йиғлаб мурожаат қилган эдим. Одамларнинг қалбига етиб бориб, катта-катта мебель фабрикаларининг раҳбарлари ўзлари келиб, бу ерда хизмат қилишди. Ҳатто, дўконларига олиб келиб, “Сардор ака, мана шу қаватдаги ҳамма мебелни олиб кетинг. Шу етимлар учун мен эҳсон қилдим. Ҳаммасини олиб кетинг”, деди.

Улар арзонини, озгинасини ёки санаб бергани йўқ. Энг яхшиси ва энг қимматларини беришди. Биз қийналганларга  мана шунақанги муносабатда бўлсак, ўзимизни ҳам ҳаётимизда барокат топамиз, ўзимизнинг ҳаётимиздаги муаммоларимизга ечим топамиз. Чунки, Аллоҳ бизга неъматларини санаб, охирги ўриндагисини, кам-кўсти борини бераётгани йўқ. Ҳусн, тани-соғлик, фарзанд, ота-она, тинчлик фаровонлик, уй-жой, яқинларингиз дейсизми, мукаммалини, энг яхшиларини сизга Аллоҳ берганидан кейин, сиз ҳам унга шукронангиз қийналганларга энг яхшисини беришингиз бўлади-да.

“Жаннатдаги қасрлар” асосан ҳашар йўли билан қурилди. Катта Фарғона каналининг қурилиши ҳақидаги маълумотлар ёдингизда бўлса керак. Айнан 25+ лойиҳаси ҳам кўплаб мамлакатлардаги инсонларнинг дилида меҳр-мурувват каби туйғуларни уйғота олди. Бу савобли ишга кўплаб инсонлар бош қўшди.

С.Р.: — Энг рекорд кўрсаткич – бир куннинг ўзида 7 мингдан ортиқ ҳашарчи шу ерда хизмат қилди. Ишни етказиб бера олмай қолдик. Бунча одамга иш етказиб бериш ҳам қийин. Одам кўпайиб кетганидан, “охирги ҳашар” дея бироз ёлғон ишлатдик. Бир ҳафта ҳашар қилмадик. Одамларнинг озгина эътибори сусайганидан кейин, яна секин ҳашарни бошладик. Ҳашарга 9 ой давомида 100 минглаб одамлар келган бўлса керак. Чунки, бизнинг ҳашаримиз пайшанба ва якшанба куни, қишин-ёзин бўлди. 9 ой давомида келган инсонларга минг раҳмат. Совуқни совуқ, якшанбани дам олиш куни дейишмади. Ҳамма машаққатга тайёр бўлиб, холис ниятда “Мени ҳам шу ватанга нафим тегсин, етимларнинг хурсандчилигига менинг ҳам озгина ҳиссам қўшилсин”, деб эринмасдан келишди. Шу ерда меҳнат қилишди. Бу ҳашарчилардан ташқари, саҳна ортида ёрдам қилганлар, эҳсон қилганлар миллиондан ортиқ. Россиядан, Кореядан, Америкадан, Республикамизнинг турли чеккаларидан, қўшни Республикалардан минг сўмми, ўн мингми, юз мингми, миллионми, эҳсон қилдилар. Мана шунақанги миллионлаб инсонларнинг саъй-ҳаракати, холис нияти билан бу шаҳарча бунёд бўлди.

Қурилиш жараёнида қўшнилар ҳам жим қараб туришмади. Тунни тун демай, норасида гўдаклар кўнглини шод этиш учун меҳнат қилишди.

С.Р.: — Охирги куни уйларимизда йиғиштириш, тозалашга бироз улгурмаётган эдик. Кечаси соат 20:30. Яна 12 соатдан кейин, эрталаб соат 8:30 да очилиш бўлиши керак. Йигитларимиз улгуришмаяпти. Ходимларимизга “Кўчага чиқинглар-да, баланд овозда гапирадиган мосламадан фойдаланиб, “Опа-сингиллар, келинглар, ёрдам беринглар, рамазон ойида бир имконият келиб қолди. Шу етимларга ғамхўрлик қилинглар. Улгурмаётган жойимиз бор. Озгина қарашиб юборинглар”, деб бақиринг, одамларни чақиринглар, жар солинглар дедим. Таваккалимиз иш бериб, арзимаган 10-15 дақиқада мана шу маҳалладаги 200 дан ортиқ опа-сингилларимиз чиқиб, бизга ёрдамлашишди. Алҳамдулиллаҳ, икки соатда ишларимиз якунига етди. Барака топишсин, маҳалладагилар жуда ҳам аҳил. 

Халқимизда “Беш қўл баробар эмас”, деган нақл бор. Гоҳида “Юрак амри” хайрия жамоат фонди фаолиятининг шаффофлигига шубҳа кўзи билан қарайдиган, гумонда бўладиган инсонлар ҳам учраб турибди. Суҳбатимиз давомида лойиҳа асосчисидан бундай қарашлар ва ўринсиз танқидларга муносабати қандай эканини сўрадик.

С.Р.: — Аллоҳ инсоф берсин… Яхшилик йўли машаққатли бўлар экан. Биз биринчи кунданоқ шу машаққатларга тайёр бўлиб чиққан эдик. Шу кунгача Аллоҳ юзимизни ёруғ қилди. Ҳеч шарманда қилган жойи йўқ. Озгина сабр қилиш, чидаш керак. Чунки, ўзимга-ўзим айтадиган гапим шуки, “Одамларни ўзгартириш учун жасорат керак. Бу шунақанги йўл. Одамларнинг онги, фикри ўзгаришини хоҳлаяпсанми? Жасоратли бўлиш керак. Машаққатга тайёр тургин. Ҳаёт яхши тарафга ўзгаришини хоҳлаётган бўлсанг, атрофдаги инсонларни ислоҳ қилгинг келса, нур таратиш, яхшилик қилиш, саодат таратиш ниятинг бўлса, машаққатга тайёр тургин”, дейман. Муносабатимиз, фақатгина уларнинг ҳаққига дуо қиламиз. “Аллоҳ инсоф берсин”, деймиз.

Гоҳида хўрлигимиз келиб, ўзимизга раҳмимиз келадиган, “Наҳотки, шу ишдан ҳам бир ёмонлик кўрадиган одамлар бор, инсоф қаерда қолди?”, дейдиган пайтларимиз бўлади. Эртаси куни яна ўзимизга келиб оламиз. Ҳозир мана шу югуриб, чопиб юрган қизалоқларимиз, болажонларимиз қора кўзларимиз дуолари, юракдан йиғлаб айтадиган самимий тилаклари билан яна кучга қайтамиз. Буларнинг гаплари ҳар қанақанги тош юракларни синдириб, парча-парча қилиб ташлайди. Буларнинг дуолари ҳар қандай машаққатларни енгил қилади. Ҳар қандай иғволарни йўққа чиқаради. Чунки, улар бегуноҳ. Қолаверса, улар етим, қийналган, мазлум. Отасизликда меҳр истаб, қийналиб катта бўлаётган фарзандларни дуоси ерда қолармиди?! Уларнинг бошини силаб, нимадир корига яраб, қалбига бир шодлик олиб кирганингиздан кейин, сиз ўйлаб юрган муаммолар ўз-ўзидан умуман бошқа нарсага айланиб, эртаси куни йўққа чиқиши табиий ҳолат. Бунинг кўп гувоҳи бўлганмиз. Муносабатимиз фақатгина мана шу. Лекин яна такрор айтаман: мен бундай инсонларга инсоф тилайман. Аллоҳ сизларга инсоф берсин. Ҳаммамиздан қолиб кетадиган дунё… Мен лойиҳани очганимда ҳам Себзорда биттагина уйим бор эди, ҳозир ҳам шу биттагина уйда яшайман. Лойиҳа бошланганда ҳам ўша машинада эдим. Лойиҳа икки йилдан буён давом этаётган бўлса, ҳали ҳам ўша-ўша машинадаман. Бизнинг ичимиздан кир қидирманг. 

Хабарингиз бор, олдинги соҳамда ҳам ҳеч кам бўлмаганман. Машҳурлик чўққисида юрган инсон бўлганман. Буни очиқ-ойдин айтадиган пайт келиб қолди. Кунига 3-4 минг доллар топган санъаткор бўлганман. Шу нарсадан воз кечиб, кетган инсонман. Мен у пулга қарамайман. Менга у пул қизиқ эмас. Мен ҳаётнинг асл моҳиятини, мақсадини аниқ топган инсон сифатида, бу ишга киришяпман. Агар менга бу нарса қизиқ бўлганида, мен олдинги ишимдан кетмаган бўлар эдим. Қолаверса, бу ишнинг асосий барокати – ҳалолликда. Ҳалоллик бор жойда барокат бўлади. 

Ҳисоб рақамимизга тушадиган пуллар ҳақида кўпчилик шубҳа билан қарайди. Нимадирлар дейди. Фитначилар, кимларнингдир фойдасига ишлайдиган троллар, интернетда сохта профиллар билан изоҳ ёзадиганлар, ҳар хил фитна мақолалар чиқарадиганлар бор. Уларнинг ҳаммасини, кимга, кимнинг манфаати учун ишлашини биламиз. Лекин ҳар қанақанги ҳолатда Роббимизнинг олдида ҳам, халқнинг олдида ҳам, эҳсон берувчиларнинг олдида ҳам бизнинг юзимиз ёруғ. Қилинган ишларнинг ҳаммасини сарҳисоб қиладиган бўлсак, ҳисоб рақамларимизга тушадиган пулларнинг асосан 40-30 фоизигина мана шу уйлардир, қолган ҳаммаси далолатдир. Қолган 70-60 фоизи далолат билан. “Юрак амри”даги ҳамма фаол йигитларнинг ишбилармон, тадбиркор, бой яқинларимиз, танишларимиз бор. Эринмасдан, бетимизни сидириб бўлса ҳам шу яхшилик бўлсин, бита қолсин деб, қўнғироқ қиламиз. “Ака, мана бунақа камчилигимиз бор. Ёрдам беринг. Мана бунга пул етмаяпти, озгина мана бунга ёрдам беринг”, деймиз. Шундай қилиб бу ишлар бунёд бўлди. 

Шубҳа қилишдан олдин, келинг, бир кун меҳнат қилинг. Ичига кириб кўринг. Кейин қалбингиз хотиржам бўлади.“Бекор қилибман”, дея афсус-надомат билан тавба қиласиз. Яна бир бор таъкидлаб айтаманки, сизлар эҳсон қилаётган пуллар бу бўлаётган ишларнинг 30-40 фоизини ташкил этади. Қолган ҳаммаси далолат билан. Хотиржамлигимнинг сабаби шундаки, бизнинг еб қўйган, ўғирлик қилган, ҳаром юрган жойимиз йўқ. Шунинг учун хотиржаммиз. Инсон қачон саросимага тушади? Қачонки, айби бўлса. Шунинг учун биз қанақадир негативлар, фитналарга жавоб қайтармаймиз. Бизнинг жавобимиз – сукут. Индамаслик билан, ишимизда давом этиб, уларни енгамиз.

Лойиҳамиз якунига етди. Ёруғ юз билан уйларни топшириб олдик. Шубҳаланиб юрган инсонларнинг ҳам шубҳалари йўққа чиқди. Ўз кўзлари билан кўрдилар. Ўзлари келиб, мана шу ердаги ҳақдорларнинг дуоларини  эшитсинлар, дуоларини олсинлар. Қалблари хотиржамликка тушиб олганидан кейин, бизнинг ёнимизга қўшилсинлар. “Жаннатдаги қасрлар” лойиҳаси давом этади. Ниятимиз шу юртни обод қилиш, юртбошимиз ёнларида камарбаста бўлиш.

Кираётганингизда кўрган бўлсангиз, Президентимизнинг гаплари ёзиб қўйилган. У киши “Мен сизнинг ёнингизда камарбаста бўламан деб ҳеч нарсадан қўрқмайдиган ёшлар борлигига ишонаман”, деганлар. Мана шундай ёшлардан бири бўлайлик деган ниятимиз бор. Чунки, у кишининг ҳар бир чиқишида айтаётган гаплари, кечани кеча, кундузни кундуз демасдан, халқнинг ичига кириб, муаммоларни ҳал қилаётгани ғайратимизга ғайрат қўшади. Битта инсон ҳаракат қилгани билан бутун халқ ҳаракат қилганининг фарқи бор. У инсонни бизга Аллоҳ берди. Энди уларнинг ёнларида туриб, ёрдам бериб, қилаётган саъй-ҳаракатларини жонлантириш бизнинг вазифамиз. Ҳалиги гапимга яна қайтаман: муаммоларнинг ечими одамларнинг ўзида. Одамлар ўзида хатони тушуниб етиб, ҳаракат, қалбида хоҳиш топса, ҳаёти ўзгариши учун ният қилиб, қадам ташласа, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Мақсадимиз одамларнинг қалбига қўл солиб, унутилиб қолган, ухлаб ётган яхши туйғуларни уйғотиш эди. 

9 ой олдин худди шу жойда ўтириб гапирган видео мурожаатим бор эди. Қуруқ дала эди. Озгина ҳаракат билан 9 ой – битта фарзанд дунёга келадиган муҳлатда нималар қилсак бўлар экан. Натижасини кўриб турибсиз. Мана шундай яхши ниятларимиз бор. Шу ниятлар қалбларга етиб боришини хоҳлайман. Шубҳа, тўсқинлик қилаётганларга, душманлик қилмоқчи бўлган ёмон ниятда юрганларнинг қалбига етиб борсин, деймиз. Бизнинг ёмон ниятимиз йўқ. Агар ёмон ниятимиз бўлганда, аллақачон Худо бизни уриб қўйган бўларди. Чунки, биз етимнинг ҳаққи устида турибмиз. Бундай ишларнинг давомий бўлиши, ривожланиши учун халқ бирлашиши керак эмасми? Қанча фидойилик бўлса, қанча баландпарвоз гаплар бўлса, гапиришга тайёрмиз. Лекин бу билан ҳаёт ўзгариб қолмайди. Амалда кўрсатиш керак эмасми? Менинг гапирадиган гапларим мана шу. Ҳаммамизга Аллоҳ инсоф берсин. Қиладиган яхши ишларимизга Ўзи кўмак берсин. Биз юртимизни, халқимизни, юртбошимизни яхши кўрганимиздан шу ишларни бошлаганмиз.

Ўхшаш янгиликлар