• 11074.93
  • 11863.47
  • 194.90
weather Тошкент: +31°C
Detail image

Ўзбекистонда энергия ресурсларини, биринчи навбатда электр энергиясини етказиб беришда тариф сиёсатидан қисман воз кечиб, нарх сиёсатини юритишга ва бозор қоидаларига мос қонунларни ишлаб чиқишга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Агар ушбу режа амалга ошса, аҳолининг у ёки бу энергия етказиб берувчини танлаш, етказиб берувчиларнинг эса бозорда нарх бўйича рақобат қилиш имкони пайдо бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев журналистлар билан мулоқотда сўз очди. 

Учрашувда қайд этилишича, вазирликдаги экспертлар гуруҳи 2030 йилгача ўсиш суръатларини ҳисоблаб чиққан. Натижага кўра, электр энергиясига бўлган талаб йилига 10 фоизга ортиб боради. 

“Бу ишни 2019 йилда бошлаган бўлсак, “кўп экспертларимиз бу жуда ҳам оптимистик талаблар, талаб бунчалик ошиб бориши мумкин эмас”, деган хулосани билдиришди. Лекин, мана 3 йилдан буён ўз прогнозларимизда адашмаяпмиз. Талаб йилига стабил равишда 10 фоизга ортиб боряпти”, дейди Ходжаев. 

Бугунги кунда Ўзбекистон энергия тизимидаги мавжуд энергия қувватлар айнан қиш ойларида – талаб энг кучли бўлган даврда – тахминан 13 минг МВт ташкил этади. 2030 йилга келиб қайта тикланадиган энергия манбалари кенгайишини ҳисобга олинса, бу кўрсатгич 32 минг МВтга етиши кутилмоқда. Ўртадаги фарқ янги қурилиб, ишга туширилиши керак бўлган электр станциялари ҳиссасига тўғри келади. Ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ҳам дейлик, асосий ва муҳим масалалардан яна бири – тайёр электр энергиясини истеъмолчига сотиш. Бу жараённи эса яна фақат давлатнинг гарданига юклаб, монополияни сақлаб қолиш, муаммолар токчасини тўлдирса тўлдирадики, камайишига хизмат қилмайди. Хўш, нажот кимдан ва қаердан? 

“Энергетика соҳаси хусусий секторни жалб қилиш керак бўлган соҳалардан бири. Унга қизиқиш билдирган инвесторларнинг саволи битта: мен бирор бир лойиҳага маблағ киритишга тайёрман, лекин сарфлаган инвестициям қайтиб келиши ва фойда топишимга ким кафолат беради? Бундай вазиятда давлат кафолат беради деб ҳар қандай ҳужжатлар имзолак ҳам, кафолат хатларини берсак ҳам инвестор биринчи навбатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг бозорда сотилишига қарайди. Чунки ҳар қандай берилган кафолат давлатга иқтисодий жиҳатдан юк бўлса, вақти-соати келиб бу кафолатдан воз кечиш ёки шартларни қайта кўриб чиқиш эҳтимоли бор. Шунинг учун биз инвесторга муҳит яратиб беришимиз, у ўз кўзи билан кўриши керак”, дейди Ходжаев.

Қайд этилишича, ишлаб чиқарилган энергия ресурслари якунда истеъмолчига сотилаётган нархи билан ҳозирги кунда Ўзбекистон шароитида ишлаб чиқариш тан нархи ўртасида мутаносиблик бузилган. Яъни давлат субсидия бериш орқали сунъий равишда электр энергиясининг нархини ўта паст даражада ушлаб келмоқда. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2017 йил сентябрь ойида аҳоли учун электр энергияси тарифи 2,5 цент, 2018 йил апрель ойида – 2,8 цент, 2018 йил ноябрда – 3,0 цент, 2019 йил август ойида – 3,3 центни ташкил қилганини кўриш мумкин. Ўтган йилларда инфляция миқдори ошиб бораётганига қарамай, электр энергияси нархи деярли 2017 йилдагидек сақланиб қолаётганини (2,6 цент) кўриш мумкин. Шу нуқтайи назардан олиб қаралганда, Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқариб, аҳолига сотиш аллақачон фойдадан кўра, зарар келтирадиган соҳага айланиб улгурган. 

“Аслида муаммо фақат нарх арзон ё қиммат, баланд-пастлигида эмас, кафолатланган қонун қоидалар йўқлигида. Кимдир ишлаб чиқаришни йўлга қўяман, электр энергиясини ишлаб чиқариб сотаман деса, бозор қоидалари йўқ. Бозорга кириш шартлари йўқ. Бозорга киргандан кейин инвесторнинг мажбуриятларини белгиловчи қатъий нормалар йўқ. Ҳозирги кундаги ислоҳотларимизда нарх-навонинг оширилиши, иқтисодий жиҳатдан бизнесни жозибадор қилиш етарли эмас. Биз бозор қоидаларини ишлаб чиқишимиз ва тасдиқлашимиз керак. Биз бозорга кирмоқчи бўлган ҳар қандай бизнес субъектига оддий лицензия бериб, сиз ишлаб чиқаришни йўлга қўйишингиз мумкин деган тартибни жорий қилишимиз лозим”, дейди Ходжаев.

Кўплаб мамлакатлар аллақачон энергия ресурсларини етказиб беришда, тариф сиёсатидан воз кечиб, бозорни эркинлаштириш, талабга яраша таклифни ишлаб чиқиш, нарх сиёсатини юритиш йўлини танлаган. Натижада ўша мамлакатларда электр энергияси ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар ортди. Энергетика соҳасидаги муаммоларга бир одамнинг оғзига қараб ечим топиш сиёсатидан воз кечилди. Хўш, Ўзбекистон қайси йўлдан бориши керак. Бирданига нарх сиёсатига ўтиш салбий оқибатларга олиб келмайдими?

“Барча мамлакатларда мана шундай дилемма ўз вақтида юзага келган: истеъмолчиларга энергия ресурсларини тоифасига кўра етказиб беришда нарх сиёсатини юритамизми ёки тариф сиёсатини? Кўпчилик шуни адаштиради. Европада ундай, Америка ё Кореяда бундай экан деб солиштиришга ҳаракат қилади. Нарх ва тарифни адаштирмаслик керак. Биз тариф сиёсатидамиз, яъни талаб бирданига ошиб кетса, таклиф етарли бўлмаса, нарх кўтарилади, тариф эса ўзгармайди.

Бозорда иштирок этаётган бизнес субъектлари фақат бизнес қонун-қоидаларига бўйсунади. Уларнинг асосий мақсади даромад олиш, аҳоли ёки бошқа истеъмолчиларни ҳимоя қилиш эмас. Бизда тариф сиёсати. Биз бозорга ўтган тақдиримизда ҳам аҳоли ва айрим тоифа истеъмолчилар учун тариф сиёсати сақланиб қолади. Либераллашув дегани – ҳар ким хоҳлаган ишини қила олади дегани эмас. Давлат томонидан бозорга таъсир кўрсатувчи маълум бир механизмлар кучга киритилади. Яқин бир-икки йилда гувоҳ бўласизлар, давлат томонидан белгиланган тарифлар энг юқори бўлади. Қайсидир ишлаб чиқариш субъекти харажатларни қисқартириш ёки самарадорлигини ошириш эвазига тан нархини чегирмалар ёки бошқа имтиёзлар орқали пасайтириб, рақобатчиларидан истеъмолчиларини тортиб олиши мумкин. Электр таъминотида ҳам истеъмолчи ўзи хоҳлаган таъминотчисини танлаши керак. Лекин нарх эмас тариф сиёсати сақланиб қолиши лозим. Қанча талаб бўлишидан қатъи назар белгиланган нархдан қиммат сотолмайсан, деб талаб қўйилади”, дейди Ходжаев. 

Кўплаб мамлакатлар нарх сиёсати йўлини танлаган. Турли ҳудудларда энергия ресурслари нархи ҳар хиллигини кузатасиз. Агар Ўзбекистон тўлиқ шу йўлга ўтса...

“Ҳудудлар бўйича тарифларнинг ҳар хил бўлиши, Ўзбекистон шароитида аҳолининг кайфиятига ҳам тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам ижобийдан кўра салбий таъсир қилади. Қаерда ресурслар арзон бўлса, бизнес ўша ерда ривожланади. Аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ қиммат, уни устига тадбиркорлик субъектлари бошқа ҳудудга бориб, инвестиция киритса, табиийки инвестиция киритилмаган ҳудудда ишсизлик муаммоси ҳам кўпаяди. Бу эса нотўғри”, дейди вазир ўринбосари.

Ўхшаш янгиликлар