• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +9°C
Detail image
image

Буғдойнинг биржада сотилиши ортидан нархларнинг эркинлашиши сабаб қолипли нон (буханка) нархи ҳозирги 1600 сўмдан 2800 сўмгача кўтарилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 30 май куни ўтказилган матбуот анжуманида Молия вазирлиги департамент мудири Тўлқин Мирзаев маълум қилди, деб хабар бермоқда QALAMPIR.UZ мухбири.

“Прогнозларимиз бўйича, ҳозир буғдойнинг ички бозордаги сотиб олиш нархи 3 млн атрофида бўлишини кутяпмиз. Агар, 3 млн атрофида бўлса, қолипли нон нархи  Тошкент шаҳридан бошқа жойлардаги нархлар даражасидан ошиб кетмайди. Масалан, биздаги маълумотларга кўра, Хоразмда бир қолипли ноннинг нархи 2 800 сўмгача сотилмоқда. Агар, буғдойнинг нархи 3 млн атрофида бўлса, қолипли ноннинг нархи 2800 сўмдан, яъни бозордаги нархдан ошиб кетмайди демоқчиман”, дейди Молия вазирлиги департамент мудири QALAMPIR.UZ мухбирининг саволига жавобан.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 май куни ўтказилган дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари бўйича йиғилишда фермер ва кластерлар ўзи етиштирган ғаллани 1 июлдан бошлаб биржада сотишни бошлаши ҳақида кўрсатма берганди.

Молия вазирлиги вакилининг таъкидлашича, Ўзбекистонда буғдойнинг биржада сотилиши нархларнинг барқарорлашишига ва келгусида пасайишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, Украинадаги вазият туфайли бирдан икки энг асосий буғдой етказиб берувчи халқаро бозордан узилиб қолди. Украинанинг буғдой экспорти портларнинг қўлдан кетиши ортидан тўхтаган бўлса, Россия ички бозордаги таъминотни баҳона қилиб, ғалла сотишни тақиқлади. Бу ҳам етмаганидек, жаҳон ғалла бозорининг учинчи асосий ўйинчиси Ҳиндистон ҳам буғдой экспортини чеклади.

Қайд этиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 866-сонли Қарори билан 2019 йил 15 октябрдан “Ўздонмаҳсулот” АЖ тизимидаги ташкилотлар томонидан 2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойдан бошқа ғалла истеъмолчиларининг барча тоифаларига фақат биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотилиши белгиланди. Шундан сўнг, нон нархи 650-700 сўмдан 1400 сўмга кўтарилганди.

Ўхшаш янгиликлар