• 10650.06
  • 12497.85
  • 146.08
weather Тошкент: +19.3°C
Detail image
image

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда “Бизни қул қилиб сотиб юборганмисизлар?” сарлавҳаси остида эълон қилинган видеомурожаат кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётгани ҳақида хабар бергандик. 

Ўша мурожаатда айтилишича, 41 нафар Ўзбекистон фуқароси Ташқи меҳнат миграцияси агенлиги Андижон филиали орқали Россия Федерациясига ишга жўнатилган, бироқ у ерда етарли шарт-шароит яратилмаган, ваъда қилинган маош тўланмаган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан бугун, 26 июль куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги қўшимча маълумот берди.

Қайд этилишича, агентлик ва Россия Федерациясининг “Южный” агрокомбинати ўртасида қишлоқ хўжалигида ишлаш учун 400 нафар фуқарони танлов асосида ушбу корхонага жалб қилиш бўйича келишувга эришилган.

“Келишувда 33 минг рублдан 50 минг рублгача (400-660 доллар) ойлик маоши кўзда тутилган бўлиб, фуқароларнинг йўлкира, ҳужжатларни расмийлаштириш харажатлари кейинчалик уларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш шарти билан корхона ҳисобидан тўлаб берилиши, агар бир йил давомида ишласа, корхона томонидан қопланиши белгиланган”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Андижон вилояти филиали томонидан ушбу корхонанинг ишончли вакили иштирокида 2021 йилнинг 16 июнь куни ўтказилган танловда сараланган фуқароларнинг 63 нафари жорий йилнинг 23 июнь, 22 нафари 29 июнь, 16 нафари 4 июль, 42 нафари 5 июль кунлари Черкесск шаҳридаги “Южный” агрокомбинатида ишлаш учун жўнаб кетган.

Хабарга кўра, корхонага етиб борган ўзбекистонликларнинг яшаш ва меҳнат шароитлари ҳамда паспортларининг иш берувчи томонидан олиб қўйилгани юзасидан қилган мурожаатига асосан вазиятни ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 14-16 июль кунлари Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ишчи гуруҳининг ушбу корхонага хизмат сафари ташкил этилган.

“Ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар ва иш берувчилар билан олиб борилган музокаралар натижасида фуқароларнинг яшаш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, ойлик маошларини ўз вақтида бериш ҳамда ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини тезлаштириш бўйича келишув далолатномаси расмийлаштирилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видео мурожаат ушбу корхонада ишловчи Ўзбекистон фуқаролари ўртасида бўлиб ўтган ўзаро суҳбат жараёнида бир соатга тўланадиган иш ҳақини бир кунга берилади, деб нотўғри тушуниш оқибатида жорий йилнинг 15 июль куни, яъни ушбу фуқаролар иш бошлаган биринчи куни ёзиб олинган.

Ўхшаш янгиликлар