• 10683.68
  • 12410.16
  • 154.09
weather Тошкент: +11.8°C
Detail image
image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Тошкентдан йўқ қилишга жуда кўп уринишлар бўлган. Бу ҳақда давлат раҳбари кеча, 24 сентябрь куни самарқандлик сайловчилар билан суҳбатда пойтахтда туман ҳокими бўлиб ишлаб юрган даврларини эслаб, айтиб берди. 

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, у Тошкент шаҳрида туман ҳокими бўлиб ишлаб юрган вақтларда Эрон Президенти ҳамда Ислом Каримов Мирзо Улуғбек ҳайкалига гулчамбар қўйгани ташриф буюриши режалаштирилган. Бироқ, Президентлар ташрифи олдидан ҳайкалнинг калласи олиб ташланган. Бу Мирзиёевни ишдан олиш мақсадида қилинган эди. 

“Эрталаб иккита Президент ҳайкалга гулчамбар қўйгани келиши керак. Соат 10 та кам 7 да менга телефон бўляпти. “Шавкат Миромонович, голову Улугбека снисли”, деяпти. Я говорю “какую голову, какой ешё Улугбек?”. “Памятника голову снисли”, дея қўнғироқ қилишди ишхонадан.  

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, буларнинг ҳаммаси режалаштирилган эди. 

“Шундай тайёрланганки, соат 10 та кам 10 да кортеж келади. Президент Эрон Президенти билан келади. Ҳайкалнинг калласи бўлмайди, шу билан Мирзиёевнинг ҳам калласи кетади, деган”, дея эслайди у.

Мирзиёевнинг сўзлаб беришича, у Улуғбек ҳайкалининг олдига 7:20 да етиб борган. 

“Борсам, ҳайкалнинг калласи йўқ. Мен ким қилганини тушундим. Буни кичкина одам қилмайди. Нимага десангиз, ҳайкал Президент келишидан олдин “охрана”га олинади. Уни алоҳида ташкилотларнинг ўзи Мирзиёевни йўқ қиламан, деб ҳайкалнинг калласини олиб ташлаган”, дейди у.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу вазиятдан чиқиб кетишида унга ҳар доим газета ўқиши ёрдам берган. 

“Вечерний Ташкент”ни ўқисам, ҳозирги Хирургия марказида Ибн Сино ҳайкалининг таги хулиганлар томонидан ковлаб, уй қилиб олингани ҳақида статья чиққанди.  Ўша ҳайкал эсимга тушди”, дейди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, ўша вазиятда давлат шарманда бўлиши мумкин эди. 

“Президентни олиб келса, у калласиз ҳайкалга гулчамбар қўймайдику”, дейди у. 

Таъкидланишича, Мирзиёев Андижонлик муовини билан Ибн Синонинг ҳайкалини олган. Сўнгра, Ибн Сино ҳайкалининг боши Улуғбек ҳайкали танасига ўрнатилиши учун олиб келинган. Бироқ, ўлчамлар мос келмаган. Шунда Мирзиёев буни беркитиш учун Улуғбек ҳайкалига шарф ясаган.

“Хуллас, СНБнинг биринчи муовини соат 9:10 келди. Улар мени ишдан олишга келганди. Шаҳар ҳокими тушди-да, “слушай где голова Улугбека”, деб менга қараб гапиряпти-да, ҳайкалга қараш йўқ. Кейин шундай қараса, ҳайкал турибди. Ҳайкал ҳам турибди, калла ҳам турибди.

Мен ёшларга нима демоқчиман, бу кунга келиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бу – кураш”, дейди Мирзиёев. 

Ўхшаш янгиликлар