• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +7°C
Detail image
image

Озарбайжон ва Арманистон Зангезур йўлагини очиш, жумладан, ҳам темир йўл, ҳам автомобиль йўли қурилиши бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев маълум қилди.

Озарбайжон Президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Илҳом Алиев Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга қўнғироқ қилиб, Озарбайжон Президенти, Европа Иттифоқи кенгаши раҳбари ва Арманистон Бош вазирининг Брюсселда бўлиб ўтган учрашуви ҳақида маълумот берган.

Президент Илҳом Алиев учрашувда муҳокама қилинган Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик шартномасини тайёрлаш, икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш, транспорт йўлакларини очиш ва чегараларни делимитация қилиш билан боғлиқ масалаларга тўхталди. Озарбайжон Президенти уч томонлама учрашув натижаларини ижобий баҳолашини айтган.

Илҳом Алиевнинг айтишича, 23 май куни Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси ўртасидаги давлат чегарасини делимитация қилиш бўйича Давлат комиссиясини тузиш тўғрисида буйруқ чиқарган.

Унинг қўшимча қилишича, Озарбайжон ва Арманистон Зангезур йўлагини очиш, жумладан, темир йўл ва автомобиль йўллари қурилиши бўйича келишувга эришган.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған уч томонлама учрашув ҳақидаги маълумот учун миннатдорлик билдириб, унда эришилган ижобий натижаларни юқори баҳолаган.

Эслатиб ўтамиз, Брюсселда ўтган уч томонлама учрашувда Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари Қорбоғдаги чегарани белгилаш жараёнини бошлашга келишиб олганди.

Қорабоғ уруши  

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.  

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

Ўхшаш янгиликлар