• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27.1°C
Detail image

Пандемия, яримўтказгичларнинг танқислиги шунингдек, Украинадаги вазият жаҳон автомобиль бозоридаги инқирозни кучайтирди. Бу ўз навбатида, бутун автомобиль бозорига сезиларли таъсир кўрсатди. Барча автобрендлар унинг оқибатларини ҳис қилмоқда.

Бугун «UzAuto Motors” автомобиль бозорини керакли миқдордаги автомобиллар билан тўлдириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Март-апрель ойларида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун қўшимча 4 200 дона автомобиль ишлаб чиқариш учун ҳаво йўллари орқали 656 тонна бутловчи қисмлар олиб келинди. Бу эса, рақамларда ва натижаларда ҳам ўз аксини топмоқда. Ҳар куни конвеерлардан 1 000 дан ортиқ автомобиль ишлаб чиқарилиб, завод тўлиқ қувват билан ишламоқда.

Дарҳақиқат, компания 2022 йилнинг беш ойида ўтган йилги кўрсаткичларини ортда қолдирди. Аниқ маълумотларга тўхталадиган бўлсак, 2022 йилнинг январь-май ойлари давомида, “UzAuto Motors ” заводида 126 246 та автомобиль ишлаб чиқарилди. Ушбу кўрсаткич 2021 йилга қараганда 47%га кўпроқ. Шундай қилиб, ўтган йилга нисбатан ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши 40 452 дона автомобилни ташкил этади.

Айни пайтда, компания имкон қадар кўпроқ автомобиль ишлаб чиқариш ва уларни қисқа вақт ичида етказиб бериш учун қўлидан келган барча чораларни кўрмоқда. Хусусан, логистика занжирларини оптималлаштириш Корея Республикасидан бутловчи қисмларни етказиб бериш вақтини 45 кундан 38 кунгача қисқартириш имконини берди, Хитойдан юкларни темир йўлдан автомобилга ўтказиш эса, транзитни 55 кундан 20 кунга қисқартирди.

Шунингдек, 30 дан ортиқ етишмаётган бутловчи қисмларни етказиб берувчилар билан келишувга эришилди. Олиб борилган чора-тадбирлар самараси туфайли Lacetti ва Damas автомобиллари учун бутловчи қисмларни етказиб бериш ҳажми 6 000 донадан 8 000 донагача оширилди. Натижада, Асака заводида Lacetti/Сobalt автомобилларини ишлаб чиқариш ойига 19 200, Хоразм заводида эса Damas/Labo автомобилларини ишлаб чиқариш 9 000 донага етказилди.

Юртимиздаги автосаноатдан фарқли ўлароқ, жаҳонда автомобиль компонентларининг етишмаслиги сабабли, Япония автоконсерни Toyota Motors ўзининг энг машҳур моделларини ишлаб чиқарадиган 10 та заводидаги 16 та конвееернинг ишини тўхтатди. Шу сабабли, июнь ойида режалаштирилган ишлаб чиқариш ҳажмидан кўра кам, яъни 100 минг дона автомобилдан 850 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилади.

Американинг Ford компанияси эса, ишлаб чиқаришни тўхтатмаган ҳолда, автомобиль фойдаланилишида зарур бўладиган махсус ускуналарсиз ишлаб чиқаришни давом эттирмоқда. Йўқотишларни олдини олиш учун қилинган ушбу қарор, 7000 дона Ford F150 пикапининг автотураргоҳларда йиғилиб қолишига сабаб бўлди.

Mисоллардан кўринадики, ҳар бир автомобиль ишлаб чиқарувчи компания яримўтказгичлар етишмовчилиги муаммосини вазиятдан келиб чиқиб ҳал қилишга уринмоқда. Баъзи компаниялар ишлаб чиқаришни тўхтатишга қарор қилса, баъзилари автомобилни маълум бир жиҳозларсиз ишлаб чиқаришга мажбур бўлмоқда.

Ўхшаш янгиликлар