• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +26°C
Detail image
- Advertisement -

Жамият тараққиётини таъминловчи муҳим ички механизмлардан бири алоҳида шахс эмас, тизимнинг самарали ишлашидир. Ривожланган хорижий давлатларда давлат раҳбарларининг ўзгариши оғриқсиз амалга ошади. Айрим мамлакатларда ҳукумат тез-тез алмашиб туради ва буни оддий халқ сезмайди ҳам.

Яқинда ижтимоий тармоқлардан бирида “Тошкент ҳокими ишдан олинди, унинг ўрнига Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов тайинланиши мумкин” мазмунидаги пост эълон қилинган эди. Бунга жавобан турли, кўп ҳолларда, қарама-қарши фикрлар билдирилган эди. Ана шу ҳолат ушбу мақолани ёзишга туртки бўлди.

Ўша постга шарҳ ёзиб қолдирганларнинг айримлари “шундай ажойиб ҳокимимиз кетса, биз нима қиламиз, жуда зўр ишлаётган эди” деган бўлса, айримлар “кетсин, унча ҳам кўзга кўринарли иш қилмади” қабилидаги фикрлар билдирди. Ана шундай ҳолатларда биз ҳамма нарса раҳбарга, биринчи шахсга боғлиқдек фикрлаймиз.

Албатта, бу кўп йиллик турмушимиз, ҳаёт тарзимиз маҳсулидир. Ота-боболаримиз, ўзимизнинг кўрган ва эшитганларимиз асосида шаклланган хулосамиз, психологик ҳолатимиздир. Асрлар давомида шарқона деспотик давлат бошқаруви шароитида яшадик. Ундан кейин шўролар даври демократик бошқарув тизимидан анча узоқда  бўлди. Ҳатто мустақиллик даврида ҳам яккаҳокимлик, биринчи шахснинг деярли мутлақ ҳукмронлиги устунлик қилди.

Кейинги йилларда ана шу асрлар давомида шаклланган алоҳида шахс ҳукмронлигидан тизимни ишлатишга бўлган интилишни кўряпмиз, жаҳон ҳамжамиятида, ривожланган мамлакатларда бўлган бошқарув тизимидан андоза олишга интилишни кузатяпмиз. Бу борада Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг чиқишларидан бирида билдирган фикрлар диққатга сазовардир:

Замонавийлашган жамият доимий тараққиётни таъминловчи ички механизмларга эга. Бу алоҳида шахсга эмас, тизим ишлашига боғлиқ. Механизмларнинг энг муҳимларидан бири — ҳокимиятнинг учта тармоғи ичидаги бир-бирини тийиб туриш тизими, давлат бошқарув тизимини марказлаштириш, хусусий мулк дахлсизлигини, ривожланган фуқаролик жамиятини ва қонун устуворлигини талаб этади.

Ўшанда С.Сафоев бугун Ўзбекистон чуқурроқ, мураккаброқ, фундаментал ўзгаришлар бўсағасида турганлигига урғу берган эди.

Бошқарув тизимида ўзгариш ўз-ўзидан бўлмайди. Фақатгина биринчи раҳбарлар ҳокимиятини чеклаш билан бошқа, пастдаги тузилмаларнинг самарали фаолиятини бирданига йўлга қўйиш мушкул. Чунки “паст” тайёр бўлиши лозим. Турли бўғинлар раҳбарлари масъулиятни бўйнига олиши учун кинидир жиянию, яқинларини эмас, ҳақиқий профессионалларни ишга олиш лозим. Уларнинг масъулиятини ва бир вақтда жавобгарлигини ошириш талаб этилади.

Ҳозир-чи? Турли даражадаги бошқарув тизими раҳбарлари вазиру ҳокимларга қараб, уларга ёқиш учун ҳаракат қилади. Вазиру ҳокимлар эса ундан юқорироққа нигоҳларини қаратиш билан овора. Уларнинг ҳеч бири “паст”га ҳисоботдор эмас. Шунинг учун то давлат раҳбари талаб қилмагунча халқ дардидан узоқроқда юради ва бунинг учун жавоб бермайди.  

Муаммолар вилоят ҳокими томонидан тилга олиниб, уларни бартараф этиш талаб этилганда, масъуллар кўп ҳолларда муаммони ечими йўлида эмас, балки ҳокимга ҳисобот беришга шошилади, мурожаатни “ёпишга” интилади. Бу ҳолат кейинги икки ойдаги совуқда яққол ўзиниг энг разил томондан намойиш этди, аҳолининг норозилигига, айрим амалдорларга нисбатан нафратига сабаб бўлди.

Аҳоли сувуқда газсиз, электрсиз қаерга мурожаат қилишини билмай қолди. Номигагина штаблар тузилди. Самарқанддаги аҳвол билан танишмоқчи бўлганлар ижтимоий тармоқларга кириб кўрсин, одамларнинг оҳу-доди, кайфияти, мутасаддиларга муносабати яққол, бутун бўй-басти билан кўриниш бериб турибди.

Авваллари зудлик билан жавоб берадиган вилоят ҳокимининг телеграм каналига мурожаат қилганлар ҳам натижасиз қолганликларини баён қилишмоқда. Менинг ўзим ҳам маҳалламизда газ босими ўта паст бўлган пайт ўша каналга мурожаат қилган эдим. Жавоб бўлмагандан сўнг, “Фейсбук” ижтимоий тармоғида вазият ҳақида ёздим. Шаҳар ҳокимлиги ва газ идорасидан келган мутасаддилар шикоятни “ёпиш” учун менинг сўзларимни ёзиб олиб, эртаси кун келиб, муаммони бартараф қилишга ваъда беришди. Аммо ваъда килинган кун келишмади.

Токи бошқарув тизимининг ҳар бир бўғинида масъулиятни сезишмас экан, ҳаракатсизлик учун жавоб бериш лозимлигини англамас экан, ана шу вазифаларга муносиб кадрлар қўйилмас ва жамията қонун устуворлигига эришилмас экан, депсиниш давом этаверади.

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва халқимизга ўтган йилнинг охирида йўллаган Мурожаатномада 2023 йилдаги устувор йўналишлардан бири ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш эканлигини ҳамда «қўл бошқаруви»дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келгани таъкидлаган эди.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

Ўхшаш янгиликлар