• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +24.1°C
Detail image

Президентнинг 26.01.2023 йилдаги “Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институтини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-22-сон қарори қабул қилинди.

 

Янги ОТМ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таъсисчилигида ҳамда Уммон Султонлигининг “Atyab International Services” компанияси иштирокида ташкил этилади.

 

Институтнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қуйидагилар:

  • халқаро тан олинган сифат стандартларини (Global G.A.P, Organic, HACCP ва бошқалар) жорий эта оладиган юқори малакали кадрларни тайёрлаш;
  • соҳада ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш технологиялари, бозор тенденциялари, хавфсизлик ва сифат стандартлари, тармоқни бошқариш усуллари ва маҳсулот бўйича маълумотлар каби йўналишларда таълимни ривожлантириш;
  • озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида кичик ва ўрта бизнес учун технологлар ва раҳбарларни тайёрлаш;
  • мева-сабзавот, сут, гўшт, нон ва қандолат маҳсулотларини, мойли уруғлар, асал ва зираворларни қайта ишлаш ҳамда дон маҳсулотлари бўйича замонавий хизматларни кўрсатиш;
  • озиқ-овқат технологияси соҳасида амалий ва инновацион тадқиқотлар ҳамда замонавий талаблар асосида илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш.

 

Уммон Султонлигининг “Atyab International Services” компанияси иштирокида Институт ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Агробизнес субъектлари салоҳиятини ошириш маркази - Capacity Building Center ташкил этилади.

 

Институтни ташкил этиш учун назарда тутилган харажатларни молиялаштириш Жаҳон банкининг "Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш" лойиҳаси доирасидаги 19,5 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

 

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳузуридаги Қўқон қишлоқ хўжалиги ва технологиялар техникуми негизида Институт ҳузуридаги Қўқон озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш техникуми  ташкил этилади.

 

Институтда ўқитиш давлат таълим стандартларини ҳисобга олган ҳолда инглиз, рус ва ўзбек тилларида ҳамда кундузги, сиртқи ҳамда масофавий таълим шаклларида амалга оширилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.01.2023 йилдан кучга кирди.


Лола Абдуазимова.


Ўхшаш янгиликлар