• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +20°C
Detail image

Президентнинг 24.05.2023 йилдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-76-сон Фармони қабул қилинди.

 

Аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ўртасидаги муносабатларни рақамлаштириш  мақсадида ЯИДХП орқали кўрсатиладиган хизматлар  “3 қадам” тамойили асосида мақбуллаштирилади.

 

2023 йил 1 декабрга қадар фуқаролар рақамли хизматлардан мустақил равишда фойдаланишлари учун давлат хизматлари марказларида биринчи босқичда 14 та “Рақамли хизмат нуқта”лари ташкил этилади.

 

2024 йил 1 январга қадар рақамли хизмат ва сервислар, электрон тўловлар, медиа ресурслар имкониятини бирлаштиришни назарда тутувчи Ягона портал орқали хизматларни тақдим этишнинг янги дастурий таъминот шаклини жорий этиш режалаштирилмоқда.

 

“Рақамли ҳукумат” тизими доирасида қуйидагилар тўлиқ электрон ҳужжат айланиш тизимига ўтказилади:

  • 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб – ижро этувчи ҳокимиятнинг марказий аппаратлари;
  • 2024 йил 1 майдан бошлаб – ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳудудий бўлинмалари ва улар тасарруфидаги ташкилотлар.

 

2023 йил 1 августдан бошлаб давлат органларида рақамли технологияларни жорий этишга доир лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига иқтисод қилинган маблағларнинг 50 фоизи келгуси молия йилида мазкур давлат органлари фаолиятида рақамли технологияларни ривожлантиришга йўналтирилади.

 

Устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотларга ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш натижасида иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан лойиҳа учун бевосита масъул ходимларни моддий рағбатлантириш механизмини жорий этиш тавсия этилади.

 

2024 йил 1 январдан бошлаб Рақамли технологиялар вазирлигининг қуйидаги функцияларини хусусий секторга ўтказиш назарда тутилмоқда:

  • алоқа соҳасидаги бинолар, иншоотлар ва бошқа объектлар қурилиши учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
  • алоқа соҳасидаги маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро тармоқларни лойиҳалаштириш.

 

2023 йил 1 августдан бошлаб:

  • АКТ соҳасидаги халқаро сертификатга эга бўлган давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш учун масъул ходимларига ўрнатилган устамаларга қўшимча равишда лавозим маошига нисбатан 20 фоиз миқдорда устама тўланади;
  • Рақамли технологиялар вазирлигининг ахборот технологиялари ҳамда рақамли хизматлар жорий этилиши ҳолатини баҳолаш рейтинги билан қамраб олинмаган давлат органлари раҳбарларининг рақамлаштириш бўйича ўринбосарларига ушбу идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг 30 фоизи миқдорида устама ҳақ тўланади.

 

2024 йил 1 январдан бошлаб Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси томонидан ҳар 6 ойда инсон омилисиз шаклланадиган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ЯИДХПдаги рақамли хизматлар ва сервислардан қониқиш даражаси рейтинги эълон қилиб борилади.

 

Шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлигининг 7 май санасини АКТ соҳаси ходимлари куни деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

 

Президентнинг 25.01.2023 йилдаги “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-14-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қуйидагилар тасдиқланди:

  • Рақамли технологиялар вазирлиги фаолиятининг устувор йўналишлари;
  • Соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилишнинг асосий йўналишлари;
  • Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги ташкилотларни қайта ташкил этиш ва номлаш дастури;
  • Рақамли технологиялар вазирлигининг ташкилий тузилмаси;
  • Рақамли технологиялар соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тизим фаолиятини трансформация қилиш бўйича “йўл харитаси”.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.05.2023 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.


Ўхшаш янгиликлар