• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +7°C
Detail image

Республика Гидрометеорология маркази Ўзбекистонга Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво оқими кириб келиши натижасида 25-29 июн кунлари ҳаво ҳарорати шимолда 36-39, жанубда ва чўл ҳудудларда 42-44 даражагача кўтарилишини прогноз қилди. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Хўш, бундай жазирама ҳавода саломатлигимизни асраш учун нималарга эътибор қаратишимиз зарур? Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов бу борадаги тавсиялари билан ўртоқлашди. 

—  Офтоб тиғи остида қолиш қатор хавфли асоратларни келтириб чиқариши мумкин, — дейди шифокор. — Хусусан, инсон терисининг куйиши ёки бош мия фаолияти бузилиши кузатилади. Оқибатда томирлар кенгайиб, танада қон айланиш жараёни секинлашади. 

Иссиқ уриши бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилиш, ҳолсизлик каби белгилар билан намоён бўлади. Намлик даражаси юқори атмосферада эса ушбу аломатлар янада кучайиши мумкин. 

Масалан, юрак уриши ва нафас олиш тезлашиши, кўз қорачиғи кенгайиши, қусиш, кучли бош оғриғи, қулоқ битиши, чайқалиб юриш кузатилади. Вақти-вақти билан ҳушдан кетиш, бурундан қон келиши, тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилиши ҳам шундай симптомлар сирасидан. 

Оғир ҳолатларда эса юзлар қизариб, кейин оқ ва кўкимтир тусга киради, мушаклар тортишади. Беморда алаҳсираш бошланади. Тана ҳарорати 41-42 даражагача юқорилаб, чуқур беҳушлик ҳолати ривожланади. 
 
Семизлик, гипертония, юрак туғма нуқсонлари, эндокрин касалликларидан азият чекувчилар учун жазирама офтоби, айниқса хавфли. Қолаверса, янги туғилган чақалоқлар, кекса ёшли инсонлар, кашандалар, стресс ҳолатидаги кишиларда қуёш уриши аломатлари кучайиб кетиши мумкин.

  • Бундай об-ҳаво шароитида вақти-вақти билан баданни совуқ сувда намланган сочиқ ёки дастрўмол билан артиб туриш, очиқ жойда ишлаганда ора-орада салқин жойда дам олиш жазирама тафтидан асрайди.
  • Жазирамада ёғли, аччиқ ва дудланган маҳсулотлар истеъмол қилишдан тийилиш зарур. Кўпроқ суюқлик ичиш қон айланиш тизими фаолиятини меъёрлаштириб туради. 

Енгил, ҳаво ўтказадиган пахта ва каноп толасидан тўқилган, танадаги тернинг чиқиб кетишига тўсқинлик қилмайдиган кийимлар кийиш керак. Бундан ташқари, офтобдан сақланишда турли табиий ва синтетик крем ҳамда махсус косметик воситалар қўл келади. 

Офтоб уришига хос илк белгилар пайдо бўлган заҳоти жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш лозим. Зудлик билан шифокорга мурожаат қилишни ҳам унутмаслик керак.

Аввало, қуёш нури урган кишини соя-салқин жойга олиб ўтиб, горизонтал ҳолда ётқизиш, оёқларини сал кўтариб, уни елпиш зарур. 

Беморга салқин ичимлик, минерал сув ёки қатиқ ичириш тавсия этилади. Юзини совуқ сув билан ювиш, бирор матони ҳўллаб, кўкрак қафасига босиш ва ҳатто бутун танасини ўраш ёки совуқ сувда чўмилтириш ҳам яхши самара беради.

Офтоб урган одамга бир неча кун дам олиш тавсия этилади. Бу асаб, қон айланиш тизими ва бошқа бир қатор бузилган биокимёвий реакциялар тикланиши учун жуда зарур!

Ўхшаш янгиликлар