• 10674.08
  • 12576.20
  • 146.91
weather Тошкент: +26.5°C
Detail image

Юнусобод туманининг Аҳмад Дониш кўчасидаги дўконлари бузилаётган тадбиркорларнинг мурожаатларидан сўнг Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Фурқат Маҳмудхўжаев ҳамда туман ҳокими Жаҳонгир Иброҳимовлар ОАВ вакиллари билан учрашди.

Куни кеча сайтимизда Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги Аҳмад Дониш кўчаси таъмирланиши доирасида шу йўл юзида жойлашган бир нечта объектлар ҳам бузилишидан норози тадбиркорларнинг муаммолари ёритилганди.

Ҳолатга пойтахт ҳокимлиги масъуллари дарҳол эътибор қаратишди. Бугун, 14 сентябрь куни қурилиш бўлаётган Аҳмад Дониш кўчасида Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Фурқат Маҳмудхўжаев ҳамда Юнусобод тумани ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов ОАВ вакиллари ва норози тадбиркорга ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Ж.Иброҳимовнинг айтишича, ушбу кўча кенгайтирилиб, айрим тадбиркорларнинг мулки жойлашган ҳудудлар қўшимча йўл, пиёда ва велосипедлар учун йўлаклар қуришга ажратилмоқда. Шу сабабли ушбу мулклар бузилиши ҳақида тадбиркорлар олдиндан огоҳлантирилган.

«Тадбиркор мени дўконимни бузишди, деган. Аслида дўкон бузилмаган, ҳокимлик балансида бўлган маҳалла фаоллари йиғини биноси бузилган. Шунингдек, фуқарога мулки бузилиши ҳақида огоҳлантириш хати ҳам берилган эди. Биз унга бу жойни баҳолатиб келгин деб айтгандик, лекин у бу ишни қилмаган. Биз тадбиркорга жой ҳам кўрсатдик. Бошқа тадбиркорларни мулклари, хусусан бекатдаги дўкон ҳам ҳали бузилмаган, биз уларнинг барчасига ўз мулкларини баҳолатиб келишини айтганмиз.

Тадбиркор ўз мулкини баҳолатиб келганидан кейин унга биноси бузилишидан олдин тегишли сумма тўлаб берилади. Тадбиркор менга пул керак эмас, савдо қилишим учун жой керак деди. Баҳолашда чиққан суммага муносиб равишда биз тадбиркорга ер топиб берамиз ёки пулини тўлаб берамиз,” – деди Жаҳонгир Иброҳимов.

«2013 йилда дўконни 40 минг долларга сотиб олганман. Шунча вақтдан буён дўкон орқали тирикчилигимни қиламан. Йўл тушаётгани сабабли ҳозир дўконим бузилишга тушди. Ҳозир мулкимни баҳолатишга топширганман. Агар баҳолашда кўрсатилган суммага мувофиқ жой берилса, мен шунга рози бўламан. Агар мени ҳозирги дўконимга ўхшаш серқатнов, марказроқ жойдан эмас, узоқроқ жой таклиф қилинса, иложи йўқ пулни оламан” – дейди тадбиркор Улуғбек Шукуров.

Шунингдек, туман ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов барча ОАВ вакиллари олдида тадбиркорга баҳолаш маркази кўрсатган зарар миқдори ҳокимият томонидан бошқа жой билан ёки пул кўринишида тўлиқ қоплаб берилишига, дўкон шундан кейингина бузилишига ваъда берди.

Эслатиб ўтамиз, муқаддам ҳокимлик вакиллари тадбиркор Улуғбек Шукуровнинг савдо дўконини унинг ўрнига бериладиган компенсация шакли ва миқдори бўйича келишувга эришилмасдан туриб бузиб ташлашга уринган.

Тадбиркор ва маҳалла аҳолиси ҳокимят вакилларининг бу ҳаракатларини тўхтатиб қолишган. Ҳокимлик тадбиркорни дўконни белгиланган тартибда баҳолатмаганликда ва хулосаларини ҳокимликка тақдим этмаганликда айбламоқда.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ:

– ер участкасини олиб қўйиш ташаббускори ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори ўртасида тузиладиган ерни олиб қўйиш муносабати билан компенсация бериш тўғрисидаги келишув мажбурий тарзда нотариал тасдиқланади;

– кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объекти мулкдорига келишувда, низо мавжуд бўлган ҳолларда эса суд қарорида, белгиланган компенсация тўлиқ тақдим этилгандан сўнг йўл қўйилади.

Таъкидлаш лозимки, мақола Kun.uz сайтида эълон қилингач, Тошкент шаҳар ҳокимлиги баёнот бериб, масала ОАВ вакиллари иштирокида жойида ўрганилишини билдирди.

Қизиғи, ОАВ ва ҳокимлик вакиллари иштирокидаги учрашувдан сўнг ҳокимлик таҳририятни масалага профессионал ёндошганига шубҳа билан қараб, Кun.uz сайти таҳририятининг “узрини қабул қилишга тайёр эканлигини” маълум қилди.

Сайт ходимларини масалани ўрганишда “факт чекинг”га риоя қилишга чақирган шаҳар ҳокимлиги афтидан Юнусобод туман ҳокими ва ҳокимлик мутасаддиларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларини қонунларга мувофиқ “факт чекинг” қилмагани аён бўлмоқда.

Ҳокимликнинг шу икки баёнотига яқин вақтлар ичида алоҳида тўхталамиз. 

Ўхшаш янгиликлар