• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +26°C
Detail image

Ўзбекистоннинг «хавфсизлик ёстиқчаси» ҳажми 35,13 млрд долларни ташкил қилмоқда.

Фото: Bloomberg

Марказий банк 2021 йил якунлари бўйича Ўзбекистоннинг халқаро захиралари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди.

1 январь ҳолатида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 35,13 млрд долларни ташкил қилмоқда. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2021 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, 34,74 млрд доллар бўлган. Рақамлар ўтган бир ойда Ўзбекистоннинг расмий захиралари қарийб 400 млн долларга кўпайганини кўрсатмоқда.

Декабрь ойи давомида олтиннинг физик ҳажми 11,4 млн троя унциядан 11,6 млн троя унцияга (тахминан 6,22 тонна), унинг қиймати эса 20,44 миллиард доллардан 20,94 миллиард долларга ошган.

Эслатиб ўтамиз, 1 унция 31,1 граммга тўғри келади.

Шунингдек, захира активлари таркибидаги хорижий валюта захиралари 13,19 млрд доллардан 13,07 млрд долларга ёки 120 млн долларга камайган.

2021 йилдаги умумий ҳолатни таҳлил қиладиган бўлсак, ўтган бир йил давомида Ўзбекистоннинг расмий захиралари 230 млн долларга кўпайган (2021 йилнинг 1 январь ҳолатида 34,9 млрд долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 1 январь ҳолатида 35,13 млрд доллар).

Захиралар, шу билан бирга, мамлакатнинг «хавфсизлик ёстиқчаси» ҳам ҳисобланади - улар салбий ташқи шок ҳолатларда зарбани камайтирувчи омил сифатида зарур. Ҳозирда Ўзбекистон 15 ойлик импортни молиялаштириш учун етарли захирага эга. Бу халқаро ташкилотлар томонидан ривожланаётган мамлакатлар учун тавсия этилган 3 ойлик импортни молиялаштириш даражасидан сезиларли миқдорда кўп.

Олтин-валюта захираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармаси стандартлари асосида юритилади. Ўзбекистон олтин-валюта захиралари таркибининг жуда катта қисми хорижий валюта активлари ва қуйма шаклдаги монетар олтиндан иборат.

Ўхшаш янгиликлар