• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +18°C
Detail image

Рақамлар Ўзбекистон охирги 4 йилда электр энергияси ва газ экспортини сезиларли камайтиргани, нефт сотиш салмоғини эса оширганини кўрсатмоқда.

Фото: Getty Images/РИА Новости

Бир неча кун олдин Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистоннинг 2021 йилдаги ташқи савдо айланмаси статистикасини эълон қилганди. Kun.uz мазкур йўналишдаги бир неча йиллик статистикаларни ўзаро таққослади.

Табиий газ

2018 йилдан бери Ўзбекистон четга 5,9 млрд долларлик (жорий нархларда) табиий ва сунъий газ сотган. Статқўм 2018-2019 йилларда экспорт таркибидаги айрим товарлар статистикасида фақат табиий газни кўрсатган бўлса, 2020-2021-йилларда “табиий ва сунъий газ” деб берган. Қуйидаги диаграмма шу статистика асосида шакллантирилди (экспорт қилинган ресурсларнинг физик ҳажмлари ҳақида маълумотлар очиқ манбаларда кам).

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотлари / Диаграмма: Kun.uz

2018 йилдан кейин четга газ сотиш 2019 йилда 7 фоизга камайган, пандемия даврида эса кескин қисқарган. Бироқ 2021 йилда яна газ экспорти шиддат билан ўсган бўлса-да, ҳали 2019 йилги эскпорт тикланмаган. Бу Ўзбекистон пандемиядан кейин газ экспортини камайтирганини кўрсатади.

2021 йилнинг октябр ойида Ўзбекистон Хитойга қиймати 601,3 млн долларга тенг 2,6 млн тонна газ сотгани маълум қилинганди. Бу 2021 йилдаги газ экспортининг қарийб 90 фоизини ташкил қилади. Кўринадики, ўтган йилда Ўзбекистон асосий газини Хитойга сотган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Хитойга сотаётган бир тонна гази учун 233,95 доллар олади.

Жорий йил бошида Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси экспортини 60 фоизга қисқартиргани маълум қилинганди.

Электр энергияси

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотлари / Диаграмма: Kun.uz

2018–2021-йилларда Ўзбекистон хорижга 496,5 миллион долларлик электр токи сотган.

Электр токи экспорти борасидаги 4 йиллик статистикадаги энг қизиқ жиҳат – табиий газ экспортидан фарқли равишда, электр токи экспорти пандемия даврида камаймаган, аксинча, 2019 йилга нисбатан 31 фоизга ўсган. Ҳатто иқтисодиёт анча тикланган 2021 йилда ҳам пандемия даврига нисбатан камроқ газ четга сотилган. Электр токи борасида ҳам (табиий газ сингари) 4 йил ичида энг кўп экспорт 2018 йилга тўғри келади – 165,8 млн доллар. Энг кам экспорт эса 2021 йилга тўғри келади.

Нефт

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотлари / Диаграмма: Kun.uz

Ўзбекистоннинг нефт экспорти 4 йил ичида ўсиш тенденциясини намоён қилган. 2019 йилда Ўзбекистон ўтган йилга нисбатан нефт экспортини 17,4 фоизга оширган. Ҳатто пандемия даврида ҳам нефт экспортида сезиларли пасайиш кузатилмаган – ўтган (2019) йил билан деярли бир хил нефт сотилган.

2021 йилда 78,7 млн долларга тенг ўзбек нефти четга сотилган ва бу ўтган 4 йилдаги энг юқори экспорт кўрсаткичи ҳисобланади.

Мадина Очилова тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар