
Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан шу мақсадда услубий қўлланма ишлаб чиқилган.

26 май куни Адлия вазирлигида Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва КПМГ Аудит (Ўзбекистон) компанияси экспертлари иштирокида ўтказилган тадбирда Ўзбекистонда ёшлар ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини янада оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинган.
Тадбирда Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда самарали, ҳисобдор ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш” лойиҳаси кўмагида “КПМГ Аудит” (Ўзбекистон) компанияси экспертлари иштирокида амалга оширилган “Давлат органлари ва таълим муассасаларида коррупцияга қарши таълим ва ҳалоллик тизимини яратиш” лойиҳаси якунлангани эълон қилинган ва лойиҳа натижасида тайёрланган ўқув материаллари ва модуллари тарқатилган.

Давлат хизматчилари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари ҳамда таълим муассасаларининг ўқувчи ва талабаларида ҳалолликни мустаҳкамлаш ва коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган лойиҳа доирасида таълим соҳасидаги турли мақсадли гуруҳлар учун коррупциянинг олдини олиш бўйича ўқув дастурлари, коррупцияга қарши курашнинг замонавий механизмлари, мансабдор шахслар ва давлат муассасалари ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий билимини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар ходимларини коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқитиш бўйича ўқув курслари ишлаб чиқилган.

Хусусан, мактабгача таълим муассасаларида болаларни коррупцияга қарши тарбиялаш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқилган. Ушбу қўлланма 3 та боб ва 6 та қисмдан иборат бўлиб, коррупцияга қарши таълим ва коррупцияга қарши дунёқарашни шакллантиришга қаратилган.
“Қўлланма мактабгача таълим муассасасида болалар онгида коррупцияга қарши кўникмаларни шакллантиришда, уларни ҳалол ва номусли, коррупция каби салбий ижтимоий ҳодисага нисбатан муросасизлик руҳида тарбиялашда тарбиячилар учун кўмакчи бўлади”, дея ишонч билдирилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати томонидан эълон қилинган расмий тезисда.