• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +19°C
Detail image

Энергетика вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Энергияни тежаш тармоқлараро жамғармаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда бинолар учун тоза энергия” лойиҳасини ишлаб чиқди. 

Фото: Getty Images

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, лойиҳа Жаҳон банкининг 143 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредити кўмагида амалга оширилади.

Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлган Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) Ўзбекистон ҳукуматига паст фоиз ставкасида, муддати 30 йил, жумладан, беш йиллик имтиёзли давр билан имтиёзли молиялаштиришни тақдим этади.

Жорий йил 24-25 май кунлари Ўзбекистон ва Халқаро тараққиёт ассоциацияси ўртасида кредит бўйича музокаралар бўлиб ўтган. Ўзбекистон делегациясига энергетика вазири биринчи ўринбосари Азим Аҳмадхўжаев, Халқаро тараққиёт ассоциацияси делегациясига Жаҳон банки минтақавий менежери Марко Мантованелли раҳбарлик қилди.

Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергия манбалари салоҳиятини ошириш борасидаги мавқейини, иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларини халқаро ҳамжамият қўллаб-қувватлаши, энергия самарадорликни ошириш бўйича мақсадларни ҳисобга олган ҳолда, Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши лойиҳани бир овоздан қўллаб-қувватлади ва уни амалга ошириш учун Халқаро тараққиёт ассоциацияси имтиёзли ресурсларидан узоқ муддатли кредит ажратишни маъқуллади.

Лойиҳа Ўзбекистонда энергия тежаш ва энергия самарадорлигини оширишга инвестицияларни жалб қилиш учун бозор рағбатларини яратишда муҳим рол ўйнаш учун мўлжалланган.

Лойиҳа мамлакат барча ҳудудларини қамраб олади. Унинг доирасида мактабгача таълим, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш соҳаларида 800 дан ортиқ муассасани модернизация қилиш режалаштирилган.

Лойиҳа асосий натижаси жамоат бинолари энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежаш ва тоза энергия ишлаб чиқаришни рағбатлантирувчи лойиҳаларга инвестицияларни жалб қилиш тартиб-қоидаларини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришдан иборат бўлади.

Ўхшаш янгиликлар