• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +22°C
Detail image

Энергетика вазирлиги «Марказий Осиё – Хитой» газ қувурининг Ўзбекистон ҳудудидан ўтган қисмида ҳеч қандай оғишлар йўқлигини маълум қилди.

Фото: ussatnews.com

«Марказий Осиё – Хитой» газ қувурининг Ўзбекистон ҳудудидан ўтган қисмидан газ сизиб чиқиш ҳолатлари бўлмаган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.

«Биз томондан транзит жадвалга мувофиқ амалга оширилмоқда. Барча кўрсаткичлар мунтазам равишда текширилади. Ҳеч қандай оғишлар йўқ. Тизимларимизда сизиш ҳолати йўқ. Барча тизимлар ишламоқда», дейилади баёнотда.

Аввалроқ, Turkmen.news Туркманистондаги «Галқиниш» конида газни олтингугуртдан тозалаш мосламалари ишламай қолгани, оқибатда олтингугурт билан ифлосланган газ «Марказий Осиё - Хитой» газ қувурига тушиб, унинг Ўзбекистондан ўтган қисми зарарлангани ҳақида хабар берди.

Қайд қилинишича, 17 майга ўтар кечаси Хитойнинг CNPC компанияси мутахассислари Туркманистон-Ўзбекистон чегарасидаги газ қувурида олтингугурт борлигини аниқлаган. «Туркменгаз» давлат концерни томонидан ўтказилган текширувда олтингугуртдан тозаланмаган газ ушбу қувур орқали бир неча кун давомида Хитойга етказилгани маълум бўлган.

Олтингугурт қувурлар учун хавфли бўлиб, уни емириб юборади. Оқибатда газ сизиб чиқиш ҳолатлари юз бериши мумкин.

Turkmen.news хабарига кўра, тўрт кун давомида қувурнинг Ўзбекистондан ўтувчи 80 километр узунликдаги қисмида газ сизиб чиқиши қайд этилган. CNPC Туркманистондан ҳодисага муносабат билдиришни, айбдорларни жазолашни талаб қилган. Келгусида Хитой товон пулини ҳам ундириб олмоқчи.

Туркманистон гази Хитойга 2009 йил 14 декабрда расман очилган «Марказий Осиё - Хитой» газ қувури орқали етказиб берилмоқда. Давлатлараро магистрал Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон (умумий узунлиги 1900 км дан ортиқ) ва Хитой (4500 км) ҳудудидан ўтади. Марказий Осиёдан келаётган газ Хитойнинг 22 вилояти ва автоном районлари аҳолисига етказиб берилмоқда.

Ўхшаш янгиликлар