
“Ўзавтосаноат” АЖ 17 мартдан BYD компаниясининг DM-I супер гибрид моделлари ва электромобилларига шартнома беришни бошлади.
2022 йилда дунё бўйлаб сотилган ҳар 10 автомобил электромобиллар ҳисобланади. Автосаноатда етакчи бўлган ривожланган мамлакатлар асосий урғуни электромобиллар ишлаб чиқаришга қаратмоқда. Ўзбекистон автосаноати ҳам янги давр арафасида турибди.
“Ўзавтосаноат” дунё тан олган BYD компаниясининг DM-I супер гибрид моделлари ва электромобилларининг тақдимотини ўтказди.
“Ўзавтосаноат” АЖ бошқарув раиси Шавкат Умрзоқов республикада электромобил саноатининг ривожланиши илм-фаннинг ривожланиши, инновацион технологияларни қўллаган ҳолда сунъий интеллект мукаммаллашуви эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, BYD Uzbekistan Factory қўшма корхонаси биринчи бўлиб Ўзбекистонда очилди. Ҳалигача дунёнинг бирор давлатида Хитой билан ҳамкорликда автомобил ишлаб чиқарувчи корхона очилмаган. Хитойлик автомобилсозлар Ўзбекистонда электромобиллар келажагини юқори баҳоламоқда. Республикамизда BYD ва UzAuto ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштириш орқали илмий-техник ва инновацион йўналишларни янада ривожлантириш кўзда тутилмоқда.
Маросимда BYD Uzbekistan Factory қўшма корхонаси бош директори Шавкатбек Алимов Ўзбекистон автобозорига тақдим этилаётган DM-I гибрид моделлар ва электромобиллар билан таништирди.
Директорнинг таъкидлашича, 17 мартдан бошлаб DM-I гибрид моделдаги замонавий BYD Song Plus ва Chazor, Flagman, тўлиқ электр билан ҳаракатланувчи, премиум тоифадаги BYD Han моделларига шартномалар бериш бошланади. Илғор тажрибалар маҳсули бўлган ақлли датчиклар, сунъий интеллект, янги авлод ахборот технологиялари, креатив дизайн саноатнинг янги босқичининг ифодаси ҳисобланади.
“Харидорларимизга қулайлик яратиш мақсадида тўлиқ электр билан ҳаракатланувчи электромобилларга қўшимча равишда уй шароитида зарядловчи қурилмаларни ҳам бепул тақдим қиляпмиз. Гибрид автомобиллар учун эса уйда зарядловчи қурилмаларни автосалонларимизда сотиб олиш имконияти бор.
Бу электромобиллар учун 17 мартдан бошлаб мижозлар автосалонларда ва телеграм бот орқали шартнома олишлари мумкин. Автомобилни бошқаришда ҳайдовчи инновацион ёндашувнинг юқори самарасини ҳис этади. Мултимедиа тизимида ўзбек тилида маълумот берилади. Ҳозирда миллий телеком компаниялар билан ҳамкорликда сим-карта ўрнатиш устида иш олиб бориляпти. Тез кунда электромобилларда сим карта жойлаштирилган бошқарув панеллари мавжуд бўлади”, - деди Шавкатбек Алимов.
Кўриниб турибдики, муҳандислик маҳоратининг ёрқин намунаси бўлган смарт электромобиллар ўзбекистонлик автоишқибозлари учун муносиб танлов бўла олади.
Реклама