• 11269.82
  • 12205.22
  • 159.78
weather Тошкент: +7°C
Detail image

30 декабр куни Тошкентнинг Миробод тумани Содиқ Азимов кўчасидаги кўпқават уйларнинг бирида содир бўлган газ портлаши оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, 12 та хонадонга зарар етган. Уйлари яроқсиз ҳолга келган фуқаролар айни пайтда қариндошлари, дўстларининг уйларида вақтинча яшаб туришибди. Kun.uz ҳолатни ўрганди.

2022 йил 30 декабр тонг соат 8:21 да Тошкент шаҳрининг Миробод тумани Содиқ Азимов кўчасида жойлашган кўп қаватли 5-уй хонадонларининг бирида газ-ҳаво аралашмаси чақнаши содир бўлган ва бир киши жароҳатланган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг расмий саҳифасида ўша куниёқ маълум қилинган.

Бироқ тасвирлардан маълумки, бу шунчаки газ-ҳаво аралашмаси чақнаши ва бир кишининг жароҳати эмас, балки кўп қаватли уйнинг бир нечта хонадонларига жиддий зарар етказган бахтсиз ҳодисадир.

Портлаш шу қадар талафотли бўлганки, уй қаршисида турган автоуловларга ҳам жиддий зарар етган.

Мурожаатчиларга кўра, уйнинг 1-қаватида ёлғиз яшаган 78 ёшли аёл уйида тўпланиб қолган газ ҳидини пайқамай, электр чироғини ёқиши оқибатида портлаш бўлган. Натижада аёл вафот этган.

Уй зиналарига ҳам жиддий зарар етган. Кириш йўлагидаги 4-қаватгача бўлган 12 та хонадоннинг барчаси яшаш учун хавфли ҳолатга келган. Шу сабабли бу хонадонларда яшовчилар ўз уйларини ташлаб чиқиб кетишларига тўғри келган ва кириш йўлаги эшигига қулф солинган.

Анвар Бакиев

Айтишларича, бу ҳодиса 30 декабрь куни содир бўлган. Мен бу ҳақда 31 декабрда хабар топдим. Эрталабки соат 5 да келдим. Ҳаммаёқ бузилган. Мана бу тўсиқлар турибди. Уйга келдим. Кўрдимки, бошида бу худди уйга кимдир бузиб кирганга ўхшади. Ички ишларни чақирдим. Менга айтишдики, 1-қаватда газ портлабди.

Эшик ва деразам синган. Портлаш тўлқини кириш йўлагида эшикка зарар етказган. Айтишларича, уйнинг маълум қисми бузилади. Ҳоким бизни йиғиб, нарсаларимизни секин-секин олиб чиқиб кетишимизни айтди. Фақат мана шу. Қаерга, нима учун, қанча муддатга олиб кетишимизни айтишмади. Аниқ бир ҳужжат, далолатнома қилинмади. Фақат сўзлар билангина ечим қилишини айтди.

Компенсация ваъда қилишди. Лекин аниқ бир нарса айтилмади. Айни пайтда холамникида яшаб турибман. Ўз уйим йўқ бошқа. Ҳукуматимиздан бизга ёрдам беришларини сўраган бўлардик. Қолган қўшнилар ҳам қариндошлари, дўстлариникида яшашяпти. Бу ерда яшаб туриш ҳозир хавфли. Бизга ечим керак!” – дейди бу уйнинг 3-қаватидаги 37-хонадон эгаси Анвар Бакиев.

Ҳолат юзасидан Миробод тумани ҳокими Шуҳрат Пўлатов билан боғландик. Ҳокимга кўра, айни пайтда бахтсиз ҳодиса тафсилотлари ўрганилиб, кўрилган зарар миқдорлари ҳисоб-китоб қилинмоқда.

Бу ҳолатни унутиб, ўз ҳолига ташлаб қўйганимиз йўқ. Пойтахтда ўтган ўн кунликдаги аномал совуқ билан боғлиқ вазият, уни бартараф этиш чоралари кўрилиши ортидан бу ишлар бироз кечиккани рост. Аммо барча масъуллардан иборат тузилган комиссия зарарни баҳолаш устида ишлаяпти. Бугун-эртадан бошлаб ҳодисадан жабр кўрганларга компенсация ажратиш ишлари бошланади. Ҳеч бир хонадон унутиб қўйилмайди. Уларнинг ҳар бири билан алоҳида кўришиб гаплашамиз”, – деди Шуҳрат Пўлатов.

Шунингдек, ҳоким бахтсиз ҳодисадан жабр кўрган фуқароларни доим эшитишга тайёрлиги, исталган пайтда ўзи билан боғланишлари мумкинлигини маълум қилди.

Kun.uz ҳолат ечимини кузатишда давом этади.

Сардорбек Усмоний,
Жавоҳир Ғайратов,
Kun.uz

Ўхшаш янгиликлар