• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +21.1°C
Detail image

“Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Бош прокуратура академияси негизида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилиб, унда жиноятларни тергов қилиш соҳасида кадрларни амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаган ҳолда ягона ёндашув асосида тайёрлашга қаратилган узлуксиз ўқув тизими йўлга қўйилади.

Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали тугатилиб, штат бирликлари, ўқув ва моддий-техника базаси академияга ўтказилади. Академия Бош прокуратура ташкилий тузилмасига кирувчи, юридик шахс мақомига эга, ихтисослаштирилган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Жиноятларни тергов қилиш соҳасида мутахассисларни чуқурлаштирилган мақсадли базавий тайёрлаш ва тергов ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти бошқа соҳаларида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш академия фаолияти асосий йўналишларидан биридир. 

2023/2024 ўқув йилидан академияда тергов фаолияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг бошқа соҳаларида бакалавриат (3 йил) ва магистратура (1 йил) бўйича ўқув жараёни ташкил этилади. Бунда, қабул квоталари бакалавриат бўйича – 250 нафаргача талаба, магистратура бўйича – 50 нафаргача олий юридик маълумотли ваколатли давлат органлари ходимларини ташкил этади. 

Академия қабул параметрлари ҳар йили президент томонидан белгиланади. Академияга қабул қилишда абитуриентлар муайян тоифаларига республика бошқа ОТМга кириш учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди. Ваколатли давлат органлари ходимлари учун академияда тегишли ўқув дастурлари бўйича касбий қайта тайёрлаш ва малака ошириш мажбурий тартиби жорий қилинади.

Ўхшаш янгиликлар