• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +25°C
Detail image

Конституциянинг ўзгартирилиши кутилаётган 64 та моддасининг бири 1-модда билан боғлиқ. Ушбу моддада Ўзбекистоннинг давлатчилик шакли, сиёсий-ҳуқуқий мақомининг янгича таъриф акс этмоқда.

Мамлакат асосий қонуниннинг 1992 йилдан буён ўзгармай келаётган 1-моддаси таҳририда ҳам ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Лойиҳанинг таклиф этилаётган матнига кўра, Ўзбекистон — суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат экани белгиланмоқда. Хўш, бу ўзгаришлар амалдагисидан нимаси билан фарқ қилади?

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 7 декабрда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишланган табригида «Айни вақтда биз Конституциямиз нормаларини ҳаётга тўла татбиқ этиш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш борасида ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тасаввур қиламиз», деб ҳуқуқий давлатнинг муҳим талаблари ҳақида таъкидлаб ўтди.

Мазкур табрикда «...ҳозирги кунда Ўзбекистон ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш сари дадил бормоқда. Шу сабабли «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат», деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлашнинг вақти-соати етди»..., «Ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. У шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришни талаб қилади.

Шу билан бирга, ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам ижтимоий давлатнинг асосий вазифасидир.

Шулар қаторида яшаш учун зарур ресурслар – ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси, транспорт ва бошқа қулайликлар билан таъминланиш, мажбурий меҳнатга тақиқ қўйиш ҳам ижтимоий давлатда муҳим аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, ижтимоий давлатда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди», деб баён этилган.

Ушбу қўшимча билан Ўзбекистон давлатининг сиёсий-ҳуқуқий мақомига янги учта, яъни «ҳуқуқий давлат», «ижтимоий давлат» ва «дунёвий давлат» тушунчалари қўшимча қилинмоқда.

Ҳуқуқий давлат – бу демократик тамойиллар асосида қабул қилинган қонунлар олдида барча тенг ва ҳисобдор бўлган, ҳеч ким қонундан устун турмайдиган давлат. Қолаверса, қонунларнинг бутун давлат ҳудудидаги устуворлиги, хокимиятлар ваколатининг бўлиниши, шахс ва давлатнинг ўзаро маъсуллиги, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ҳимояланишидир.

Ижтимоий давлат – бу ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш сифати ва даражасига эришиш, ижтимоий тафовутларни юмшатиш ва муҳтожларга ёрдам бериш учун ижтимоий адолат тамойилларига мувофиқ моддий бойликларни адолатли тақсимлашга қаратилган давлат моделидир.

Дунёвий давлат – давлат ҳокимияти ва бошқарувдан дин ажратилган, бошқарув диний қоидалар билан эмас, балки фуқаролик қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинадиган, қарорлар қабул қлиишда диний асосларга таянилмайдиган давлатдир. Шунингдек, ҳеч қандай дин ва мафкура давлатнинг мажбурлов кучи билан ўрнатилмаслигини, уларнинг давлатдан айри эканлигини тавсифлайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, дунёвий давлатда дин давлатдан ва сиёсатдан ажратилса-да, жамиятдан ажратилмайди.

Ижтимоий давлат функциялари – бу ижтимоий ҳимояланмаган ёки эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш; ишсизликка қарши курашиш; тадбиркорларга ёрдам; aҳолининг бандлигини ва даромадларини доимий ўсишини таъминлаш; таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар ва маънавий-маданий ривожланишнинг қулайлигини таъминлаш; жамиятдаги ижтимоий тенгсизликни юмшатиш, имтиёзларни қайта тақсимлаш орқали муносиб турмуш шароитини яратиш.

Ижтимоий давлат белгилари: – бу сифатли таълим, малакали ва мақбул тиббий хизмат; ижтимоий йўналтирилган иқтисодиёт; фуқаролик жамиятини ривожланганлиги; ижтимоий давлат дастурларини ишлаб чиқиши ва амалга ошириш; давлатнинг ҳар кимга муносиб турмуш шароити, ижтимоий таъминот ва шахснинг ўзини ўзи англаши учун тенг бошланғич шароитларини таъминлаш мақсадларини тасдиқлаш; фуқаролар олдидаги ижтимоий масъулият; ижтимоий соҳага тўловларнинг юқори миқдори; ижтимоий ҳаётни яхши ривожланган тартибга солиш тизими; бюджетдан ижтимоий тўловларининг мавжудлиги; ижтимоий ҳимоя, ижтимоий таъминот ва бандлик давлат тизимларининг мавжудлиги; жамиятнинг барча муҳтож аъзоларини истисносиз ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг мавжудлиги; фуқароларнинг фаровонлик даражаси учун давлат томонидан жавобгарликни қабул қилиш.

“Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси” IV бобида “Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш” масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, стратегиянинг 43 та мақсади бевосита ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш сифати ва даражасини кўтаришга қаратилган.

“Ижтимоий давлат” тушунчаси биринчи марта ХIХ аср ўрталарида Лоренс фон Штейн томонидан илгари сурилган. У давлат ғояси тенглик ва эркинликни тиклаш, кам таъминланган синфларни бой ва кучлилар даражасига кўтариш, давлат “барча аъзоларининг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётини амалга ошириши, чунки бирининг ривожланиши бошқасининг ривожланишининг шарти ва натижасидир”. Ижтимоий давлат – умумий тамойиллари (аралаш иқтисодиёт, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда иштирок этиш ва бошқалар) дунёнинг иқтисодий ривожланган аксарият мамлакатларида амалга оширилган модел.

Ижтимоий давлат модели Буюк Британия, Франция, Швеция, Италия, Бельгия, Дания, Финдленд, Германия, Португалия, Испания, Австрия, Греция, Япония, Нидерланды, Швейцария, АҚШ каби давлатларда қўлланилмоқда. Ҳуқуқий ва дунёвий давлат тушунчаси Германия, Испания, Италия, США, Франция каби давлатлар Конституцияларда ифодаланган.

Ўхшаш янгиликлар