• 10830.17
  • 11391.17
  • 203.96
weather Тошкент: +26.2°C
Detail image

Андижоннинг Қўрғонтепа тумани ҳокимлиги икки фуқарони навбатсиз Ҳажга юборяпти. Улар маҳалладан тавсиянома ҳам олмаган, аризани шу йил берган, яъни навбатда улардан олдин юздан ортиқ фуқаро бор. Мутасаддининг айтишича, бу икки фуқаро “ҳомийлик ёрдами кўрсатишга ваъда бергани” учун навбатсиз жўнатиляпти, лекин бу ҳам сабаб бўлолмайди – улардан олдин навбатда турганлар орасида ҳам ҳомийлик қилишга тайёрлар бор.

Ҳаж зиёратини ташкил этишдаги маъсулларнинг адолатсиз ҳаракатлари ҳақида мақола ёзиш жуда қийин экан. Ёши улуғлар бу фарз амали ҳақида “Ҳажга Яратганнинг ўзи чақиради” дейишади.

Маҳаллаларда Ҳаж сафарига бориш учун ариза ёзиб, рўйхатга киритилган, бироқ узоқ йиллардан бери ўз навбатини кутаётган минглаб инсонлар бор. Шундай инсонлардан бири, Қўрғонтепа тумани Қорасув шаҳри Бирлик маҳалласида яшовчи Анорхон Раҳимова мурожаати ортидан суриштирув ўтказдик.

Оқибатда маълум бўлдики, туман ҳокимлиги вакиллари бу йилги зиёратга маҳалладаги мавжуд “Ҳаж зиёратига бориш истагини билдирган фуқароларни рўйхатга олиш китоби”да ўн йиллаб навбатда турган фуқаролар ўрнига жорий 2022 йил феврал ойида ариза берган инсонларни жўнатаётгани аниқланди.

Ҳокимлик мутасадддиси – Диний ишлар бўйича қўмитанинг Қўрғонтепа тумани бўйича бош мутахассиси Ҳусанбой Абдулҳамидов маҳалла дафтари ва ўзида мавжуд ҳужжатлардаги чигал фактларни инкор қила олмади.

Бизга мурожаат қилган Анорхон Раҳимова зиёратга бориш учун 2014 йили ариза ёзган ва ўз маҳалласидаги рўйхатда 130-ўринда турибди. Бир ой олдин Бирлик маҳалласи раиси Моҳигул Сиддиқова унинг хонадонига кириб, рўйхатда ундан олдин турган одамларда имконият бўлмаса, опани муборак амалларни бажариб келиш имконияти туғилганини айтади. Анорхон опа тайёргарлик кўришни бошлайди. Бироқ Ҳажга рўйхатда 230- ва 231-ўринларни эгаллаб турган, 2022 йил февраль ойида ариза ёзган маҳалладошлари кетмоқда.

Қўрғонтепа тумани рўйхатдаги вакилларининг Саудия Арабистонига бориш учун виза билан боғлиқ барча ҳужжатлари тайёр ва улар 27 июн куни йўлга чиқишлари режалаштирилган.

Ҳеч бўлмаса Ҳаж зиёрати рўйхатида адолат бўлиши керак-ку?

Қорасув шаҳри Бирлик маҳалласида яшовчи мурожаатчи Анорхон Раҳимова билан суҳбатимиз узоқ давом этди.

“Яхши ниятлар билан 2014 йили Ҳаж зиёратига бориш учун ариза топширган эдим. Бу йилги Ҳаж квоталари эълон қилингач, маҳалла раиси Моҳигул Сиддиқовага телефон қилдим. У мени рўйхатдаги ўрнимни кўргач, “Ҳажга, опа, 130-ўринда экансиз. Сиздан олдингиларни ёши тўғри келмаган, имконияти йўқлар билан гаплашиб чиқсак, маҳалла берилган иккита квотадан биттасини сизга ҳаракат қиламиз” деди. Яқинларимиз билан жуда хурсанд бўлдик.

Кейин хонадонимга келиб: “Опа, қаранг, иккита ўринга давогар оила имконияти йўқлиги учун бормайдиган бўлди. Энди улардан кейинги навбатда бўлгани учун Бобуржон Кенжабоев кетяпти, иккинчи квотани имкониятга эга бўлганингиз учун сизга гаплашаман”, дея кўнглимни кўтарди.

Орадан вақт ўтди. Хабар келмади. Туман ҳокимлиги мутахассиси Ҳусанбой Абдулҳамидовнинг ёнига бордим. У менга “Бир-икки кун кеч қолибсиз-да” деди. Мен: “Ука, ёрдам беринг. Эшитиб юрибман. Ҳажга мендан юзта ўрин пастдаги одамлар кетяпти дейишяпти. Охиригача бораман” дедим.

Туман ҳокимини олдига: “Эҳтиёжмандларга керак бўлса, ҳомийлик ёрдами қилай” деб кирай десам, яна ёрдамчиси Ҳусанбойга жўнатди. У эса “Опа, кейинги йилга биринчи навбатда кетасиз” дея ваъда бера бошлади. Ҳали ҳам умид қилиб турибман.

Мени шахсан ўша кетаётган оилага ҳам қаршилигим йўқ. Аллоҳ чақирган бўлса, вақти-соати келган бўлса зиёратга бориб келишсин. Лекин ҳар ишда адолат бўлиши керак-ку?” – дейди Анорхон Раҳимова.

Шундан сўнг маҳалла фуқаролар йиғини биноси томон юрдик. Лекин дам олиш куни бўлгани учун у ерда ҳеч ким йўқ эди. Мутасаддилардан изоҳ олиш учун Қўрғонтепа туман ҳокимлиги биносида бўлдик.

Ҳокимлик мутасаддиси ўз ҳаракатларини оқлашга уринди

Кўрғонтепа туман ҳокимлиги биносида маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва Диний ишлар бўйича қўмитанинг Қўрғонтепа тумани бўйича бош мутахассиси Ҳусанбой Абдулҳамидов муаммоли вазиятга изоҳ беришди.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Моҳигул Сиддиқова ўз ҳудудидан қайси фуқаролар зиёратга кетаётганидан бехабар эканини айтди.

“Маҳалламиз учун иккита квота берилгач, Ҳажга бориш истагини билдирган фуқаролар руйхатида 20- ва 21-ўринда турган оиланинг навбати келгани аниқланди. Улар фарзандлари касаллиги боис бормаслигини билдиришди. Шундан сўнг рўйхатда кейинги турганларни ўргандим, 38-ўриндаги Бобуржон Кенжабоевгача бўлганларнинг имконияти йўқ экан. Кенжабоев имконияти борлигини билдиргач, йиғилиш баёни ва тавсияномасини ёздим.

Анорхон Раҳимова 130-ўринда экан. У кишига: “Сизгача бўлган одамлардан розичилигини сўраб чиқамиз” дедим. Барибир бу опамизнинг бориши қийин эди. Чунки 38- билан 130-ўрин ўртасида маблағи бори чиқар эди”, дейди МФЙ раиси Моҳигул Сиддиқова.

Сиддиқовадан нега 230- ва 231-навбатда турган фуқаролар Ҳажга кетаётгани сабабини сўраганимизда: “Туман ҳокимлигининг ҳомийлик учун алоҳида квотаси бўлса керак. Лекин уларнинг қандай ҳомийлик ёрдами кўрсатгани ҳақида маълумотлар менда йўқ. Мен бу инсонларнинг кетаётганидан бехабарман”, дея жавоб берди.

Диний ишлар бўйича қўмита мутахассиси Ҳусанбой Абдулҳамидов билан суҳбатимиздан кейин, ҳокимлик Бирлик маҳалласидан ҳатто ҳокимликдаги мавжуд рўйхатда умуман қайд этилмаган икки фуқарони ҳеч қандай навбатсиз, тавсияномасиз Ҳаж зиёратига жўнатаётгани аниқ бўлди.

Бунинг сабабини сўраганимизда улар “туманда ҳомийлик ишларини ташкил этгани учун” жўнатилаётгани айтилди. Бироқ мутасадди бу икки фуқарога на ҳоким, на маҳалла фуқаролар йиғини тавсияномасини кўрсата олмади. Қаерга, қандай ҳомийлик қилишганини ҳам айтиб бера олмай, улардан ҳомийлик борасида энди ёрдам сўралишини айтди.

Ҳусанбой Абдулҳамидов, шунингдек, ҳомийлик қилгани учун навбатсиз Ҳажга бориш имконияти ҳеч қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатда кўзда тутилмаганини тан олди.

Агар маҳалладаги рўйхатга риоя қилинмаса, туман ҳокимлиги мутахассиси рўйхатга истганича ўзгартириш киритса, бундай рўйхатнинг не кераги бор?

Бу ҳолатни кўриб, Ҳаж зиёрати билан боғлиқ рўйхатни шаффоф кўрсатиб турувчи онлайн платформани тезроқ ишга тушириш зарурияти борлиги янада яққол намоён бўлди.

Материал давомида барча маълумотларга эга бўлсак-да эзгу умидлар билан Ҳаж сафарига кетаётган ўша юртдошларимизнинг исми-шарифларини ошкор қилмадик. Чунки бугун ёритаётган муаммоли ҳолатнинг асосий сабабчиси – мулозимлардир.

Элмурод Эрматов,

Азизбек Исмоилов

Ўхшаш янгиликлар