• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +25°C
Detail image

Бизнес омбудсман девони ходимлари томонидан Қурилиш вазирлиги, ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимларида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши бўйича ўрганиш ўтказилди.

Фото: Fotolia

Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил хабарига кўра, ўтказилган ўрганишларда Қурилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бош бошқармалари ходимлари томонидан 1326 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ қонун ҳужжатлари талаблари бузилишига йўл қўйилгани аниқланди.

Турли давлат хизматларини кўрсатишда 90 нафар ходим томонидан 1091 та ҳолатда белгиланган муддатларни кечиктириш, ортиқча ҳужжатлар талаб қилиш, мурожаатни асоссиз рад этиш каби қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Тадбиркорлар рухсат бериш билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқишда Фарғона вилоятида 8 та, Тошкент шаҳрида 3 та ҳолатда лицензиялаш ҳамда рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилган. 

Амалдаги тартибга асосан, лицензияловчи орган томонидан лицензия бериш масаласини кўриб чиқиш муддати 7 иш куни қилиб белгиланган бўлса-да, вазирлик марказий аппарати ходимлари томонидан 7 та ҳолатда мазкур муддат бузилишига йўл қўйилган.

Тадбиркорлик субъектлари мурожаатларини кўриб чиқилиши ўрганилганда 197 та ҳолатда қонунчиликка зид равишда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ўтказиб юборилган. 

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида 20 та ҳолатда ўтказилган ўрганишлар бизнес омбудсманни хабардор қилмасдан амалга оширилган.

Юқоридаги ҳолатларга йўл қўйилгани учун вазирлик ва унинг ҳудудий бош бошқармалари 143 нафар ходимига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун судларга юборилди.

Ўхшаш янгиликлар