• 10769.78
  • 12166.62
  • 146.17
weather Тошкент: +7.8°C
Detail image

Дунёдаги энг бой одамларга ҳам қўрқув ҳисси бегона эмас. Forbes Life Билл Гейтс, Илон Маск, Ларри Пейж ва бошқа миллиардерлар нималардан қўрқиши ҳақида маълумот берди.

Илон Маск

Фото: Hannibal Hanschke/Reuters

Tesla асосчиси сунъий онгдан қўрқади. Маск 2014 йилда бу соҳадаги ишланмаларни «иблис чорлови»га қиёслаганди. 2018 йилда сунъий онг инсонларни «спам манбаси» сифатида йўқ қилиб юбориши мумкинлигини айтди. Яна икки йилдан кейин эса журналист Кара Свишер билан суҳбатда «сунъий онг инсонларни йўқ қилиб ташлаши учун бизларни ёмон кўриши шарт эмас» деди.

Питер Тил, Сергей Брин ва Ларри Эллисон

Питер Тил / Фото: Stephanie Keith/Getty Images

Бирданига уч нафар миллиардер ўлимдан қўрқади ва узоқ яшаш йўлларини қидириб келади. PayPal асосчиси Питер Тил 120 йил яшашни режалаштирганини айтади ва ҳар куни ўсиш гормони қабул қилади. У қаришнинг олдини олиш технологиялари устида иш олиб бораётган Метузел фондига 6 млн доллардан ортиқ маблағ ўтказган.

Тил шунингдек, қаришни тўхтатиш устида иш олиб борувчи SENS тадқиқот фонди ва бир нечта биотехнология фирмаларини ҳам қўллаб-қувватлаб келади. Уни Oracle асосчиларидан бири Ларри Эллисон қўллаб-қувватлайди. Миллиардер 1997 йилда қариш билан боғлиқ тадқиқотлар ўтказиш учун Ellison Medical Foundation фондини ташкил қилган. Google ҳаммуассиси Сергей Брин ҳам умрни узайтириш билан боғлиқ лойиҳаларга пул ажратиб келади.

Билл Гейтс

Фото: Shannon Stapleton/Reuters

Билл Гейтс 2015 йилда миллионлаб инсонлар умрига зомин бўладиган эпидемиялардан қўрқишини айтганди. Унинг сўзларига кўра, яқин келажакда ядро уруши юз бериши эҳтимоли кам, аммо грипп 50 фоиз эҳтимол билан инсониятга ўлим олиб келиши мумкин. Microsoft асосчиси шунингдек, мияси ишлашдан тўхтаб қолишидан қўрқади.

Жерри Жонс

Фото: Kirby Lee/Reuters

Dallas Cowboys клуби эгаси Жерри Жонс 10,6 млрд долларга тенг бойлигини йўқотишдан қўрқади. Жонснинг айтишича, бойлигидан ажраладиган бўлса, унинг кун кўриш учун докторлик даражаси ёки доимий иши йўқ. 

Опра Уинфри

Фото: Themba Hadebe /AP/TASS

Телебошловчи Опра Уинфри глобофобиядан азият чекади. У шар ёрилганда чиқадиган товушдан ўлгудек қўрқади. «Бу менга отишмани эслатади», — деганди Уинфри О Magazine журналига берган интервьюсида.

Миллиардер аёл шунингдек, мастикогуммифобия касаллигига чалинган – Опра резинка сақичга тоқат қилолмайди. Унинг айтишича, бунга чайналган сақичларни шкафга ёпиштирган бувиси айбдор. «Бу мени қўрқитарди. Ҳозир ҳам ишхонамда резинка сақич чайнашларига рухсат бермайман», — дейди Уинфри.

Ричард Брэнсон ва Уоррен Баффет

Уоррен Баффет / Фото: Lucas Jackson/Reuters

Virgin Group асосчиси Ричард Брэнсон Business Insider нашрига берган интервьюсида «туғма уятчан»лигини ва омма олдида чиқиш қилишдан қўрқишини айтган. 

Яна бир миллиардер Уоррен Баффет ҳам омма олдида чиқиш қилишдан қўрқади. Бироқ у бу фобиясидан халос бўла олган.

Жаклин Марс

Фото: DR Photo

Жаклин Марс дунёнинг энг бой аёллари рўйхатида олтинчи ўринда туради. Mars Inc. компаниясининг 81 ёшли эгаларидан бири деярли интервью бермайди. Жаклин оиланинг ўта махфий ишлаб чиқариш сирларини тасодифан очиб қўйишдан қўрқади.

Ўхшаш янгиликлар