• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +17°C
Detail image

Душанба куни Украина президенти Володимир Зеленский Чернигов областидаги Десна қишлоғида россияликларнинг ракета зарбасидан кейин харобалар остидан 87 киши жасади олиб чиқилганини маълум қилди. Бу аҳоли пунктига 17 май куни зарба берилганди, бу ерда Украина қуролли кучлари тайёрлов маркази жойлашган.

Деснага 17 май кунги ҳужум оқибатлари. Фото: OPERATION COMMAND NORTH

Украина ҳукумати баёнотига кўра, бу Украинада Россия босқини бошланганидан буён бир лаҳзанинг ўзида рўй берган энг йирик йўқотишлардан бири бўлди. Март ойида Николаев области маъмурияти биносига ракета зарбаси келиб тушиши оқибатида 50 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлганди. Бундан ташқари, Ровно шаҳридаги миллий гвардия телеминораси ва казармасига зарба оқибатида 20 дан ортиқ киши қурбон бўлгани ҳақида хабар берилган, шунингдек, мамлакатнинг бошқа регионларидаги ҳарбий қисмлар казармаларига берилган зарбалар ўнлаб қурбонларга олиб келган.

Бундай ҳужумлар туфайли украин ҳарбийлари ва экспертлари Украина қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларни тунда казарма биноларига жойлаштириш амалиётидан воз кечиши кераклиги ҳақида айта бошлаган.

«Бугун биз Деснадаги ишларни якунладик. Афсуски, статистика шундай: бугун Деснада харобалар остидан 87 жасад чиқди, қурбонлар, ҳалок бўлганлар - Украина келажаги энди бу инсонларсиз бўлади», деди Давос иқтисодий форумида видеоалоқа орқали қатнашган Зеленский.

Деснага берилган зарба ҳақида Зеленский ўз нутқи давомида эмас, савол-жавоб сессиясида эълон қилди. Президентдан ҳужум ва унинг қурбонлари ҳақида сўралмаганди, у Украина келажагини қандай кўриши борасидаги саволга жавобан шу маълумотни берди.

Украина президенти Володимир Зеленский Киевдан туриб Давосдаги жаҳон иқтисодий форумида онлайн қатнашди
AP Photo/Markus Schreiber

Шунингдек, Зеленский уруш олиб бораётган мамлакат президенти сифатида Украинанинг ҳозирги аҳволи ва ҳар куни қанча одам ҳалок бўлаётгани ҳақида ўйлашини айтди. Шу кунларда у уруш ҳар куни 50-100 нафар украин ҳарбий хизматчисини ҳаётдан олиб кетаётганини маълум қилганди.

Деснага зарба

Деснага зарба берилгани тўғрисида 17 май тонгида Чернигов области маъмурияти раҳбари Вячеслав Чаус хабар берганди. «Черниговликлар учун хайрли кун эмас - душман эрта тонгда Десна қишлоғига ракета зарбалари йўллади», дея ёзганди у.

Ўшанда Россия армияси бир вақтнинг ўзида украиналик ҳарбийлар жойлашган бир неча аҳоли пунктларига зарбалар берганди. Аммо Деснага ҳужум энг қонлиси бўлди.

Зарбалардан кейин ҳукумат Деснада қурбонлар ва кўплаб яраланганлар борлигини, воқеа жойида қутқарувчилар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари иш олиб бораётганини маълум қилганди. «Уруш якунланмади, уруш Черниговни тарк этмади», деганди ўшанда Чаус ва област аҳолисини огоҳликка чақирганди.

Аввалига қутқарувчилар Десна ўққа тутилиши оқибатида 8 киши ҳалок бўлгани ва 11 киши яраланганини хабар қилганди. Бир неча кун ўтиб 11 киши ҳалок бўлгани маълум қилинди, аммо шундан кейин қурбонлар сони ортгани тўғрисида маълумот берилмаганди. Шу туфайли Зеленскийнинг зарба оқибатида 87 киши қурбон бўлгани тўғрисидаги баёноти кутилмаган ва шокка туширувчи маълумот бўлди.

Шаҳар типидаги Десна посёлкасида княз Ярослав Мудрий номидаги 169-ўқув маркази фаолият олиб боради. У Киев ва Чернигов областлари чегараси яқинида жойлашган.

Деснада Украина қуролли кучлари ўқув маркази жойлашган. Фотода - 2015 йилда полигондаги машғулотлар. Фото: NURPHOTO

Ушбу аҳоли пункти Украинага босқиннинг илк кунларида ҳам ўққа тутилганди.

Ўхшаш янгиликлар