• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +17°C
Detail image

Тошкентдаги 73 та асосий кўчада автобуслар учун алоҳида йўлак ажратиб, уларнинг ўртача тезлигини 1,5 баробарга ошириш, шу орқали кечикишларни бартараф этиш кўзда тутиляпти. Бошқа шаҳарларда ҳам жамоат транспорти ўзгаради: президент йирик шаҳарларнинг транспорт бош режаларини ишлаб чиқишга топшириқ берди. Тадбиркорларни автобуслар паркини янгилашга рағбатлантириш чоралари белгиланди.

Ўзбекистонда йил якунига қадар барча автобус маршрутлари аҳоли эҳтиёжи асосида қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев бугун, 31 январ куни жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш бўйича йиғилишда топшириқ берди.

Вилоятлар ҳокимларига Транспорт вазирлиги ва Транспорт университети билан биргаликда 1 июлга қадар барча вилоят марказларининг Транспорт бош режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди. Бунда аҳоли орасида алоҳида сўров ўтказиб, уларнинг фикрларини олиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Автобуслар паркини кенгайтириш учун ташувчи тадбиркорларга автобус паркини янгилашни рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Жумладан:

  • ташувчиларни танлашда автобуснинг янгилигига қараб, йўналишда йўловчи ташишнинг кафолатланган муддатлари 7 йилгача узайтирилади (10 ёшдан ошган автобуслар бўйича шартнома тузилмайди);
  • тадбиркорлар олиб келган янги автобуслар бўйича ҚҚСни бўлиб-бўлиб тўлашига рухсат берилади;
  • автобуслар сотиб олиш учун 10 йилгача муддатга имтиёзли кредит берилади.

Жамоат транспорти йўналишлари бўйича очиқ тендерда автобусларнинг янгилик даражаси асосий мезон этиб белгиланади. Ташувчиларга тўланадиган маблағларни шакллантиришда ҳар йили автобусларнинг 20 фоизини янгилаб бориш харажатлари кўзда тутилади. 

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов / Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда йўлларда автобуслар ҳаракати учун инфратузилма масаласига тўхталиб ўтилди.

Тошкент шаҳридаги 73 та асосий кўчада автобуслар учун алоҳида йўлак ташкил этиб, чорраҳалар ўтказувчанлигини ошириш дастури ишлаб чиқилди.

Бу орқали, автобуслар ўртача тезлиги 1,5 баравар ошиб, кечикишлар бартараф этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Вилоятлар ҳокимларига ўз ҳудудида пойтахтдагидек каби транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича манзилли дастурни тасдиқлаб, амалга оширишни бошлаш топширилди. Бунда йўл ва чорраҳаларда жамоат транспортига устуворлик бериш, бекатларда аҳоли ва тадбиркорларга шароит яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Вилоятлар ҳокимларига Транспорт вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:

  • ўз ҳудудида транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича манзилли дастурни тасдиқлаб, ишларни бошлаш;
  • намунавий бекат лойиҳасини ишлаб чиқиб, тадбиркорларга реклама ва банкомат хизматларини ташкил қилиш учун вақтинчалик фойдаланишга бериш тартибини киритиш топширилди.

Йиғилишда ҳудудлар раҳбарлари ва соҳа мутасаддилари берилган топшириқлар ижросини қандай ташкил этиши юзасидан ахборот берди.

Ўхшаш янгиликлар