• 10803.97
  • 12194.44
  • 136.82
weather Тошкент: +2°C
Detail image

Тошкент шаҳрининг 12 та туманида махсус COVID поликлиникалари фаолият бошлади, улар ҳар куни 24 соат давомида ишлайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, коронавирус инфекцияси аниқланган, бироқ хасталик клиник белгиларсиз ёки енгил шаклда кечаётган беморлар саломатлигини назорат қилиш, уларга амбулатор ва уйига борган ҳолда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида кунлик кўрсаткичлар сезиларли даражада ошиб бораётган Тошкент шаҳрининг 12 та туманида 1 тадан махсус поликлиникалар фаолияти йўлга қўйилди.

Тиббий-санитария муассасалари ва хизмат кўрсатиш йўналиши яқин бўлган 4 та диспансер ҳамда 8 та оилавий поликлиника биносида иш бошлаган мазкур муассасалар аҳолига ҳар куни 24 соат давомида хизмат кўрсатади. Ҳар бир муассасага шифокорлар билан бир қаторда, тиббиёт олий ўқув юртларининг етакчи мутахассислари ҳам жалб қилинган.
 
Беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ушбу поликлиникалар рентген, кислород конденсаторлари, пульсоксиметр, экспресс-тест, зарур дори-дармонлар, сарфлов материаллари, дезинфекцияловчи эритмалар билан таъминланган.

Мурожаат қилган беморлар оғирлик даражасига кўра сараланиб, аҳволи енгил фуқароларга уйда даволанишлари учун зарур тавсия ва коронавирусга қарши дори-дармонлар бўлган "COVID-box"лар берилади. Беморнинг аҳволи оғир бўлса, зудлик билан махсус шифохонага юборилади.

Коронавирус касаллигига қарши эмлаш ишларини самарали олиб бориш мақсадида пойтахтдаги 12 та кўп тармоқли ва 66 та оилавий поликлиникаларда махсус мобиль бригадалар фаолияти ҳам йўлга қўйилди.

Ўхшаш янгиликлар