• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +17°C
Detail image

Замонавий шаҳарсозликда кенг йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида албатта светофор бўлиши шартлиги аллақачон белгилаб қўйилган. Тошкентнинг йўллари ҳам жуда кенг, лекин аксарият пиёдалар ўтиш жойларида светофор йўқ.

Пойтахтда аҳоли кўпайгани сайин автомобиллар ҳам кўпайиб боряпти, натижада йўлларни кенгайтириш, реконструкция қилиш, йўлўтказгичлар қуришга зўр берилмоқда. Ҳа, мансабдорлар шундай ўйлашади. Аслида-чи?

Аслида шаҳар энг аввало пиёдалар учун қулай бўлиши, енгил автомобиллар учун максимал даражада ноқулай бўлиши лозим, токи одамлар машинадан велосипедга ўтсинлар, пиёда юрсинлар ё жамоат транспортидан фойдалансинлар. Бу – замонавий тенденция. Бу – онгли дунё амалга ошираётган йўналиш. Бизда эса аҳвол, юмшоқ айтганда, яхши эмас. Биз буни видеолавҳамизда кўрсатишга ҳаракат қилдик. Атиги 3-4 та нуқта мисолида.

Даставвал Бунёдкор шоҳкўчасида, Халқлар дўстлиги саройи ёнида туннелга тушаверишдаги ҳолатга эътибор қаратдик. Бу пиёдалар ўтиш жойидан ўтиб олишга уринаётган бир неча пиёда мисолида аксарият ҳайдовчилар пиёдаларни умуман менсимаслиги, уларга йўл бермаслиги, пиёдалар бир неча дақиқа ўтиш жойи бошида туриб, кимдир йўл беришини кутаётганини кўриш мумкин.

Айрим ҳолларда пиёдалар ўтиш йўлига юриб қўйиб, ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда ўтаётгани, бир “полоса”даги машина тўхтаганида, кейинги полосадаги машина тўхтамай ҳаракатланаётгани ва пиёдани уриб юбориш эҳтимоли жуда юқори эканини кўринг.

Чилонзор метросига яқин жойдаги яна бир хавфли ўтиш йўлагида ҳам кўплаб ЙТҲлар содир бўлади.

Чилонзор буюм бозори – халқ тилида билан айтганда Ипподром бозорига кетаверишдаги пиёдалар ўтиш жойи эса даҳшатнинг ўзгинаси. Биз бу кўчани кесиб ўтиш учун анча вақт сарфлашимизга тўғри келди. Секундомер ёқиб олиб, ҳисоблаб кўришингиз мумкин.

Ана шунақа. Мутасаддилар эса марказий кўчаларни автомобиллар учун қулайлаштириш билан овора. Пиёдалар учун максимал даражада ноқулайлаштирилган шаҳарда яшаяпмиз. Афсуски, бизда шундай – автомобил учун устуворлик. Пиёда эса...

Рақамлар ҳаммасини айтиб турибди. 2021 йилда республика бўйлаб ЙТҲлар оқибатида салкам икки ярим минг киши ўлган. 2019 йил билан солиштирганда, қурбонлар сони қарийб 370 кишига кўпайган. Яна 9 мингдан ортиқ одам эса жароҳатланган.

Ачинарлиси, эртага яна кимлар бу статистикани тўлдиришини ҳеч ким аниқ айтолмайди. Муаммо ечими, яъни одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун қилинаётган ишлар эса умуман етарли эмас.

Бобур Акмалов,
Абдуқодир Тўлқинов,
Kun.uz

Ўхшаш янгиликлар