• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +9°C
Detail image

27 май куни Афғонистон–Эрон чегарасидаги постлардан бирида тўқнашув юз берди. Эрон томонидан икки нафар чегарачи, “Толибон” томонидан бир нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилмоқда. Ҳар икки томоннинг марказий ҳукуматлари босиқлик билан реакция билдириши сабаб эскалациянинг олди олинди.

Қатор таҳлилчиларга кўра, бу конфликтга 1973 йилда Афғонистон ва Эрон ўртасида тузилган сув тақсимланиши шартномасининг бузилиши сабаб бўлиши мумкин.

Бир неча ҳафта аввалроқ Эрон президенти Иброҳим Раиси “Толибон”ни бу битим шартларига амал қилишга чақириб, Ҳилманд дарёси оқимини чеклаш орқали Эроннинг шарқий ҳудудларига сув боришига тўсқинлик қилмасликни талаб қилганди. Толиблар бу айбловни рад этган.

Kun.uz мавзу юзасидан афғоншунос Суҳроб Бўронов билан суҳбатлашди.

— “Толибон” ва Эрон конфликти фақатгина 1973 йилги сув келишуви билан боғлиқми ёки марказлашмаган “Толибон”га ташқи таъсирлар натижасими?

— Теҳрон ва “Толибон” ўртасидаги зиддият яқин кунлардаги резонансга сабаб бўлган воқеа бўлди. Бу масалада бошқа омил ҳам борки, ўртадаги муносабатларга бевосита ва билвосита таъсир кўрсатади. Булар – тарихий, этнодиний ва геосиёсий омиллардир.

1996-2001 йилларда “Толибон” маъмурияти ва Теҳрон муносабатлари зиддиятли бўлган ва “Толибон”ни дастакловчи куч марказларининг аксарияти Эроннинг Афғонистондаги таъсирини камайтиришга уринган.

Теҳроннинг Афғонистондаги этнодиний таъсир омили эса – аҳолининг шиа мазҳабидаги ҳазора қатламидир. Сунний бўлган толиблар ўша даврда ҳазоралар фаолиятини жиддий чеклаш учун кураш олиб боришган ва Эрон таъсиридаги Ҳизби Ваҳдат партияси раҳбари Абдул-Али Мозорий йўқ қилинган.

Сўнгги воқеалар шуни кўрсатдики, “Толибон” ва Эрон ўртасидаги сув муаммоси геосиёсий омил сифатида баҳоланиши мумкин. Теҳроннинг Москва ва Пекин билан яқин муносабатлари учун ҳам бу сигнал ҳисобланади. Шунингдек, Эронда уранни бойитиш жараёни ҳам йирик куч марказларининг эътиборини торта бошлади.

— Нега зиддиятга Эрон жиддий реакция билдирмади, бу қандай омиллар эвазига?

— Буни икки гуруҳга ажратиб олишимиз мумкин. Биринчидан, Эроннинг “Толибон” билан муносабатида манфаатли томонлари ҳам бор, яъни бир вақтнинг ўзида манфаати учун дўст ва душман. Пентагон ҳисоботларида айтилишича, расмий Теҳрон ўзига хайрихоҳ бўлган кучларни дастаклаш мақсадида 2007 йилдан буён “Толибон”га таъсир кўрсатишни бошлаган. Масалан, “Толибон” маъмуриятининг илк раҳбарларидан бири Мулла Аҳтар Мансур 2016 йилда Эрондан Покистонга қайтаётганида Қўшма Штатларнинг учувчисиз қурилмаси ёрдамида портлатиб юборилган. Эроннинг асосий мақсади – АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий мавжудлигини камайтиришдан иборат.

Шунингдек, Теҳроннинг Афғонистондаги фаоллигини чеклаш учун ИШИД-Хуросон гуруҳи тўғридан тўғри Эронга қарши курашиш йўлини танлаган. Сўнгги йилларда Афғонистонда рўй берган терактларни улар ҳазораларга қарши амалга оширилгани бирлаштириб туради.

Эроннинг олдида ҳозир икки йўл бор: тўғридан тўғри урушга кириш ёки учинчи қўл билан буни амалга ошириш. Менинг фикримча, Эрон иккинчи йўлни танласа керак, чунки Теҳроннинг “Толибон”дан ҳам қолишмайдиган таъсир кучи бор. Бу – марҳум Қосим Сулаймоний бошқарувида бўлган афғон қочоқларидан иборат Фотимиюн номли бригада. Бу бригада 2018 йилги маълумотларга кўра 50 минг нафар ҳарбийдан ташкил топган. Айни вақтда Фотимиюн Сурия, Ироқ ҳудудларида, лекин гуруҳ Афғонистонга йўналтирилса, “Толибон” учун жиддий муаммога айланади. Шунга қарамай, Эрон тарихан вазмин сиёсат юритади.

— Минтақадаги бу можаро Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун қандай сигнал сифатида қабул қилиниши керак?

— Бу масала Афғонистоннинг ҳар бир қўшни давлати учун муҳим сигнал сифатида қабул қилиниши керак. Эрон ва “Толибон” чегарасидаги тўқнашув арафасида Ашхободда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари иштирокида учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувнинг асосий мавзуси – Қўштепа канали ва трансчегаравий масалалар ҳақида муҳокама бўлган. Бу канал Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган давлатлар учун бу хавфли бўлиши мумкин.

— Яқин келажакда минтақа истиқболини қандай тасаввур қилиш мумкин?

— Ўйлайманки, келажакда Марказий Осиё давлатлари учун асосий муаммолардан бири бу сув муаммоси бўлади. МРБнинг 2012 йилги ҳисоботида сув сиёсий қурол воситасига айланиши мумкинлиги тахмин қилинган. Ҳаттоки сувнинг нотўғри тақсимланиши сабаб 2050 йилга етмасдан турли оғир зиддиятлар келиб чиқиши мумкин деган тахминлар бор.

Жаҳон сув ресурслари институти томонидан тузилган, дунёдаги энг кам сув билан таъминланган давлатлар рўйхатида минтақамиздан Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам жой олган.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Ўхшаш янгиликлар