• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27°C
Detail image

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов 1936 йилда Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Тошқўрғон кўчасида таваллуд топди. Ота-онасидан 9 ёшида айрилган шоир Тошкентда – тоғасининг қўлида тарбия олди. Эркин Воҳидовнинг амакиваччаси Раъно Воҳидова шоир билан боғлиқ хотираларни ёдга олди.

“Эркин аканинг отаси Чўянбек Воҳидов Олтиариқ туманида туғилиб вояга етган. Онаси Розияхон Воҳидова тошкентлик бўлган.

Раъно Воҳидова, Эркин Воҳидовнинг амакиваччаси

Розияхон опанинг акаси Олтиариқда адвокат бўлиб иш бошлаган. Акаси билан бирга Олтиариққа келган синглисини Чўянбек Воҳидов кўриб севиб қолади. Улар турмуш қуришади. Турмушларидан 3 нафар фарзанд туғилади. Кейинчалик икки бола нобуд бўлиб, фақат Эркин ака қолган.

Шоир туғилган хонадон(Олтиариқ)

Эркин аканинг бувиси (менинг ҳам бувим) Ойдинхон ая неваралари орасида Эркин акани ўзгача кўрган экан.

Эркин аканинг отаси Чўянбек Воҳидов ҳарбий хизматдан миясидан жароҳат билан келиб, анча азоб чеккан. Бошидаги ўқни олиш мумкин бўлмаган. Даволаниш учун оила Тошкентга борган. Эркин Воҳидов ўша пайтда 9 яшар бола эди. Жароҳат туфайли Чўянбек Воҳидов Тошкентда вафот этган. Орадан бир йил ўтиб онаси Розияхон Воҳидова ҳам оламдан ўтади.

Розияхон Воҳидова ўғли Эркин Воҳидов билан

Эркин Воҳидов Тошкентдаги тоғаси Каримбой Соҳибоев қўлида тарбия топиб, уйланиб бола-чақали бўлди. Тоғаси яхши тарбия бергани учун ҳам шу даражага етиб келган.

Каримбой Соҳибоев оиласи

1967 йилда Тошкентга бориб ўқишга кирдим. Ўз ўқитувчимдан совчи келди. Мени турмушга узатишда, ҳаётда ўз йўлимни топишда Эркин Воҳидовнинг ҳиссаси катта бўлди. Тўйимда ўзи бош-қош бўлди. Бир сўз билан айтганда мени доим қўллаб-қувватлаб турди.

Бу хонадонга ёзувчи ва шиорлар кўп келишарди. Хонадонимизда Ўлмас Умарбеков, Саид Аҳмад, Эътибор Охунова, Гулчеҳра Жўраева, Охунжон Ҳакимов, Йўлдош Сулаймон каби кўплаб таниқли инсонлар келиб меҳмон бўлиб кетишган. Улар келса хонадонимизда тўй бўлиб кетарди.

Эркин аканинг отаси билан менинг отам ака-ука бўлишган. 1939 йилда отам, 1941йилда эса Эркин аканинг отаси Чўянбек Воҳидов хизматга кетган. Ака-укалар бошқа бир-бирларини кўришмаган. Отам хизматдан қайтганида акаси вафот этган эди. Оғир пайтлар бўлган. Эркин аканинг 3 қиз ва 1 ўғили бор”, – дейди Раъно Воҳидова.

Эркин Воҳидов ТошДУ филология факультетида таҳсил олган. «Ёш гвардия» ва Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир, директор, «Ёшлик» журнали бош муҳаррири бўлиб ишлаган.

Гётенинг «Фауст» асарини, С.Есениннинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб, алоҳида китоб ҳолида нашр эттирган.

Эркин Воҳидов драматург сифатида «Истанбул фожиаси», «Олтин девор», асарлари муаллифидир. Шоирнинг бир қанча асарлари рус, француз, немис, инглиз, урду, ҳинд ҳамда араб тилларида нашр этилган.

Эркин Воҳидов Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати, 1995 йилдан Олий Мажлиси депутати ва Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси бўлган.

Шоир 2016 йил 30 май куни 80 ёшида оғир хасталикдан сўнг вафот этган.

Сарвар Зияев,
Жаҳонгир Алибоев

Ўхшаш янгиликлар