• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27°C
Detail image
Фото: Kun.uz

Энди олий таълим, халқ таълими ва мактабгача таълим вазирлари қурилиш-таъмирлаш ишлари билан шуғулланмайди. Бу вазирликларнинг асосий вазифаси ёш авлодга сифатли таълим-тарбия, маърифат ва маданият бериш бўлади. Бу ҳақда президент видеоселекторида маълум қилинди.

«Мактаб таълими сифатини ошириш, келгуси беш йилда мактабларда қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш ҳамда дарсликларни янгилаш зарур.

Бу борада жорий йилда дарсликларни янгилашга ажратилаётган 600 миллиард сўмдан самарали фойдаланиш зарур.

Вилоят ҳокимлари Мактабгача таълим вазирлиги билан бирга, барча ҳудудларда давлат ва хусусий боғчаларни кўпайтириш орқали мактабгача таълимнинг қамров даражасини 67 фоиздан 80 фоизга етказиши керак», деди давлат раҳбари.

Олий таълим вазири Тошқулов ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Тошкенбоев келгуси беш йилда камида 10та олийгоҳни нуфузли халқаро рейтингларга киришини таъминлаши шартлиги таъкидланди.

Вилоят ҳокимлари хусусий шериклик асосида 100 минг ўринли талабалар турар жойларини барпо этиши зарур бўлади.

«Бугун, барча йиғилиш иштирокчиларига шуни айтмоқчиманки, жорий йилдан бошлаб, олий таълим, халқ таълими ва мактабгача таълим вазирлари қурилиш-таъмирлаш ишлари билан шуғулланмайди. Қурилиш ишлари билан жойларда ҳокимликлар шуғулланади.

Бу вазирликларнинг асосий вазифаси ёш авлодга сифатли таълим-тарбия, маърифат ва маданият бериш бўлади.

Шунинг учун бош вазир Арипов бир ой муддатда ушбу талабни амалга ошириш бўйича тегишли қарор лойиҳасини киритсин.

Бюджетдан дори воситалари ва тиббий буюмларга ажратиладиган маблағларни 3 бараварга ошириш чораларини кўрилсин.

Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда иккита мустаҳкам устунга, яъни, бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт ҳамда аждодларимизнинг бой мероси, миллий ва умумбашарий ғояларга асосланган кучли маънавиятга таянамиз.

Маънавият – жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир.

Бу пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқимиз ҳам, давлатимиз ҳам шунча кучли бўлади. Фақатгина мана шундай заминга таянган ҳолда, биз юртимизда Учинчи Ренессанс асосларини барпо эта оламиз.

Мавжуд 12 мингдан зиёд кутубхона имкониятларидан самарали фойдаланиб, китобхонликни оммалаштириш чораларини кўрилсин. Радикализм, экстремизм ва терроризмга, мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида биргаликда курашиш бўйича таълим муассасалари ва маҳаллаларда янги тизим яратиш зарур.

Жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини 33 фоизга етказиш, мамлакатимизда Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантиришимиз зарур.

Таъкидлаб айтмоқчиман, агар кимки маънавият масаласи – бу фақат Маънавият ва маърифат маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши деб ўйласа, хато қилади. Бу – давлатимиз ва жамиятимиз, ҳамма раҳбарлар, зиёлилар, барча-барчамизнинг энг асосий ва муҳим вазифамизга айланиши шарт», дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Ўхшаш янгиликлар