• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +29°C
Detail image

Янги таҳрирдаги 112-модда судьянинг розилигисиз бошқа лавозимга ёки бошқа судга ўтказилиши мумкин эмас, судьялар фаолиятига аралашиш, босим ўтказиш, асоссиз фаолиятини тўхтатиш ёки тугатиш каби ҳолатларга барҳам беради.

Ўзбекистонда суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. Республикада суд ҳокимияти фақат судлар томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас.

Шунингдек, судьялар мустақилдир, фақат қонунга бўйсунади. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирор тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьяларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди.

«Судьялар тўғрисида»ги қонунда ўз аксини топган ушбу нормаларнинг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон конституциясининг 112-моддаси ҳисобланади. Таклиф этилаётган ўзгаришга кўра, 112-модданинг жорий талқинидаги «Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирор-би р тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади» деган жумладан «одил судловни амалга ошириш борасидаги» деган сўзлар чиқариб ташланади.

Шу моддадаги «Судья ваколат муддати тугагунга қадар судялик вазифасидан қонунда кўрсатилган асослар бўлгандагина озод этилиши мумкин» деган жумла қуйидаги жумлага алмаштирилади:

«Судьяларни алмаштириб бўлмайди. Уларнинг ваколатлари фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин».

Хўш, бу ўзгариш амалдаги моддадан қайси жиҳатларига кўра фарқланади? Энг муҳими, у фуқароларга нима беради?

Қайд этиш керакки, «2022–2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида» президент фармонида фуқаронинг ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш «Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини янада ошириш, судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш ҳамда судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича таъсирчан механизмларни яратиш»дан иборат экани алоҳида таъкидланган.

Сўнгги йилларда одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Судларнинг мустақил экани ва фақат қонунга бўйсунишини таъминлашда судья лавозимида бўлишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик ва сўнг муддатсиз давр белгиланиши муҳим аҳамият касб этди. Бир ишни бир суд фақатгина битта инстанцияда кўриши мумкинлигини англатувчи «бир суд – бир инстанция» тамойили жорий этилди.

Таклиф этилаётган нормани конституцияда акс эттириш зарурати шундан иборатки, аввало судьяларнинг мустақиллиги янада тўлиқ таъминланади, судья ўз ваколатлари муддати давомида алмаштирилмайди, судьянинг ваколатлари қонунда белгиланган тартибдан ҳамда асослардан бошқача тарзда тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин эмаслиги кафолатланади.

Бундай нормани киритишга «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонун, халқаро нормалар, хорижий давлатлар қонунчилиги, шунингдек, илмий жамоатчилик, судьялар, фуқаролардан келиб тушган таклиф ва тавсиялар асос бўлди.

Мазкур норманинг асосий мазмун-моҳияти шундан иборатки, судьялар алмаштирилмайди, унинг розилигисиз бошқа лавозимга ёки бошқа судга ўтказилиши мумкин эмас, судьялар фаолиятига аралашиш, босим ўтказиш, асоссиз фаолиятини тўхтатиш ёки тугатиш каби ҳолатларга барҳам бериш тушунилади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу норма орқали суд ҳокимиятининг ва судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд фаолиятида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончи ошишига эришилади.

Шунингдек, ушбу нормага ҳамоҳанг қоидалар «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 13-моддасида «Конституциявий суднинг судьяси ўз ваколатлари муддати давомида алмаштирилмайди. Конституциявий суд судьясининг ваколатлари ушбу Қонунда белгиланган тартибдан ҳамда асослардан бошқача тарзда тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин эмас» деб белгиланган.

Қолаверса, Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 10-моддасида «ҳар бир инсон ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш ва унга қўйилган жиноий айбнинг қанчалик даражада асосли эканлигини аниқлаши учун тўлиқ тенглик асосида унинг иши ошкора ва адолат талабларига риоя қилинган ҳолда мустақил ва холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга»лиги қоида сифатида белгилаб қўйилган.

Суд мустақиллигини таъминлашга доир устувор тамойиллар соҳа бўйича ҳам халқаро ҳужжатларда ўз ифодасини топган. 1985 йилда қабул қилинган Суд ҳокимияти мустақиллиги Асосий принципларининг 11 ва 12-бандларида ҳамда 1998 йилги Судьялар мақоми тўғрисидаги Европа хартияси 3-бўлимидаги судьяларнинг алмаштирилмаслигига доир қоидалар мустақил одил судловни таъминлашдаги энг асосий мезонларидан бири сифатида белгиланган.

Шунингдек, Испания, Хорватия, Португалия, Греция Конституцияларида хам шундай мазмундаги қоидалар белгиланган.

Ўхшаш янгиликлар