• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +18°C
Detail image

2022 йил 28 май куни коворкинг GroundZero (Китоб олами) Ўзбекистоннинг 60 дан ортиқ ижодий саноат тадбиркорларининг ўз фаолиятида дуч келадиган долзарб тизимли ва индивидуал муаммоларни муҳокама этиш ва ушбу соҳани янада ривожлантиришга қаратилган вазифаларни олдинга мақсад этиб қўйиш учун учрашув жойига айланди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ижодий саноатнинг оғриқли нуқталари қаерда эканини, хизмат кўрсатиш иқтисодиёти соҳаси ривожига қандай туртки бўлиш мумкинлигини бевосита ўрганиш мақсадида мамлакатимиз тадбиркорлари билан навбатдаги учрашув ташкил этилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган мақсадлардан бири хизмат кўрсатиш иқтисодиёти соҳасида 3,5 миллион иш ўрнини яратишдан иборат.

Креатив саноат – иқтисодиётнинг асосан ғоялар ва технологиялар ҳисобига ривожланувчи интеллектуал фаолият билан боғлиқ бўлган тармоғи ҳисобланади. Буларга туризм, умумий овқатланиш, ҳунармандчилик, архитектура ва дизайн, мода ва дизайн, галерея ва кўргазмалар, кино, театр, продюсерлик, реклама ва бошқалар киради.

Ўзбекистонда ушбу соҳа жадал суръатларда ривожланмоқда, ҳар куни дизайн ва продюсерлик хизматларини таклиф этувчи компаниялар, халқаро кўргазма, фестиваль ва танловларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилувчи кўплаб ижодкор ёшлар, мода саноати бозорида ҳам ички, ҳам экспорт учун талаб ва таклифлар сони кўпайиб бормоқда. Бироқ ҳали ҳам ҳал қилиниши керак бўлган тизимли муаммолар мавжуд.

Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилишнинг янги формати Савдо-саноат палатасининг янги анъанасига айланиб бормоқда.

Шу жумладан, навбатдаги учрашувда креатив саноат вакиллари Савдо-саноат палатаси фаолияти ҳақида кўплаб янги маълумотлар олди. Тадбиркорлар Савдо-саноат палатасининг янги раиси Даврон Ваҳобов билан шахсан танишдилар. Шундан сўнг раис соҳа вакилларининг дуч келаётган муаммолари ҳақида суҳбат олиб борди.

Индивидуал ва давлат даражасида ҳал қилиниши керак бўлган тизимли муаммолар борлиги аниқланди. Йиғилишда ташкил этилган анъанага кўра, тадбиркорлардан соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган сабаблар бўйича таклифлар ва ваколатли органларга таҳлилий баённомалар тузиб чиқиш учун аниқ ечимлар йиғиб чиқилди.

Навбатдаги йиғилиш Ўзбекистон ҳудудларида гўшт-сут, нон саноатини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги биржаларини ташкил этиш масалаларига бағишланади.

Экспортни ривожлантириш, қўшилган қиймат солиғини қайтариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича ўтказилган аввалги йиғилишлар ёзувлари Савдо-саноат палатасининг YouTube’даги саҳифасида мавжуд.

Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати Ⓣ

Ўхшаш янгиликлар