• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +10°C
Detail image

Россиялик пропагандачи Маргарита Симоньян хориждан туриб ватанидаги сиёсатни танқид қилаётган россияликларни давлатга хиёнат айблови билан судлашни таклиф қилди.

“Кўп йиллар буни гапирган эдик. Фақат бу студияда эмас, шахсан ўзим жуда-жуда юқори кабинетларда ҳам бу ҳақда айтганман, ва буни айтган фақат мен эмас. Бу одамлар Жиноят кодексидаги давлатга хиёнат моддаси билан судланиши керак. Ҳар қанақа махсус ҳарбий операциядан олдин ҳам бу ҳақда гапирган эдик”, – деди Симоньян “Россия 1” телеканалидаги “Оқшом Владимир Соловьев билан” дастурида.

Кўрсатув бошловчиси Владимир Соловьев ҳамкасбининг таклифини қўллаб-қувватлади. Унинг фикрича, “қайсидир паллада” Россия ўлим жазосини тиклаб, отув ҳақидаги ҳукмларга қайтиши керак бўлади.

Кўрсатувда давомида, шунингдек, Маргарита Симоньяннинг айтишича, агар Россия Украинадаги урушда ютқазса, Кремлдаги ҳатто кўча тозаловчиларни ҳам Ҳаагадаги халқаро трибунал кутади.

“Шуни айтишни истардимки, агар биз мағлубиятга йўл қўядиган бўлсак – ёки шартли, ёки ҳақиқатан – ҳатто Кремл деворлари ортидаги брусчаткани ювадиган ишчиларни ҳам Ҳаага кутади. Киевнинг яна битта тумани чироқсиз қоладими-йўқми, бизга нима? Агар биз бунга [мағлубиятга] йўл қўядиган бўлсак, мамлакатимиз учун фалокат масштабини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Ҳаагадан қўрққан ўрмонга бормайди”, – деди Маргарита Симоньян.

Соловьев бу фикрга қўшилмаслигини айтди. “Агар шундай бўладиган бўлса (Россия ютқазса – таҳр.), ҳеч қанақа Ҳаага бўлмайди. Бутун дунё чангга айланади”, – деди Соловьев ядро урушига ишора қиларкан.

Таъкидлаш лозим, Симоньян ўз чиқишларидан бирида Россия Украинани “2 кун ичида” эгаллаб олишини айтган эди.

Ўхшаш янгиликлар