• 10529.73
  • 12808.36
  • 142.32
weather Тошкент: +24°C
Detail image

Жорий йил 3 май куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида Швейцария элчихонасининг профессионал таълимни ривожлантиришга доир янги лойиҳаси бўйича учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда инспекция ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Учрашувда 2021-2033 йиллар давомида «Ўзбекистонда профессионал таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш» бўйича грант лойиҳасини амалга оширишга доир ҳамкорлик йўналишлари ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

Лойиҳа раҳбари Брике Стинхоф амалга оширилиши кутилаётган лойиҳа ҳақида қисқача маълумот берди.

«Хелветас» компанияси бугунги кунга қадар Қирғизистон ва Тожикистон каби қўшни мамлакатлар билан изчил ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб келмоқда. Бунда асосий эътибор қаратиладиган жиҳат: таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги боғлиқликни таъминлашдир.

Мазкур лойиҳа Германия, Швейцария ва Австрияда жуда яхши самара берган. Ўйлаймизки, ёшларга сифатли таълим бериш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлашда Ўзбекистон билан амалга оширадиган лойиҳаларимиз ўз самарасини бермай қолмайди», деди Швейцариянинг профессионал таълим соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳа раҳбари.

Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев профессионал таълимда кадрлар тайёрлаш масаласи бугунги кун тартибида энг муҳим масалалар эканини, швейцарияликлар илгари сурилаётган ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.

«Таълим инспекцияси бошчилигида 20 дан ортиқ мамлакат тажрибаларини ўрганган ҳолда Ўзбекистонда илк бор Миллий квалификация рамкаси ҳамда халқаро андозаларга мос равишда янги шакл ва мазмундаги «Профессионал стандарт»лар ишлаб чиқилди. Бу профессионал таълим босқичида малакали кадрларни янги технологиялар асосида тайёрлаш имконини беради.

Албатта, пандемия билан боғлиқ вазият туфайли олдимизга қўйган режаларимизни тўлиқ амалга ошира олмадик. Аммо бу йўналишда ислоҳотларни амалга оширишда давом этамиз», деган Улуғбек Тошкенбоев.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистондаги профессионал таълимда ўқувчиларда меҳнат бозорига йўналтирилган билим ва кўникмаларини шакллантириш ва иқтисодиёт тармоқларида муносиб иш ўринларини топиш имкониятларини кенгайтириш ҳисобланади.

Маълумот учун, Helvetas Swiss Intercooperation – 1955 йилда ривожланаётган мамлакатларга ёрдам берувчи Швейцариянинг мустақил ташкилоти. Ҳозирда компания дунёнинг 32 мамлакатида ўз лойиҳаларига эга.

Ўхшаш янгиликлар