• 10674.08
  • 12576.20
  • 146.91
weather Тошкент: +26.5°C
Detail image

14 сентябрь куни Тошкентдаги Симпозиумлар саройида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев, Мақсуда Ворисова ва Баҳром Абдуҳалимовни Ўзбекистон президентлигига номзод этиб рўйхатга олиш масаласи кўриб чиқилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, мажлис якунида Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзод Қудратхўжа президентлик сайловларининг маҳаллий ва хорижий ОАВда ёртилиши ҳамда президентликка номзодлар ўртасидаги дебатлар борасида журналистлар саволларига жавоб берди.

«Ўзбекистон президентлик сайловларини 1.5-2 минг атрофида журналистлар ёритиб бориши мумкин»

Шерзод Қудратхўжага кўра, бугунги кунга қадар 50 та маҳаллий ОАВнинг 905 нафар вакиллари аккредитациядан ўтказилган.

«Бундан ташқари, Озарбойжоннинг «АзерТадж» агентлиги, Буюк Британиянинг «BBC», «Sky News» телерадииокомпанияси, «Reuters» агентлиги, «The Economist» журнали, Эроннинг «IRIB» телерадиокомпанияси, «Fars news» агентлиги, Қозоғистоннинг «Казинформ», «Хабар» агентлиги, «Курсив» газетаси, Хитойнинг «Синьхуа» агентлиги, Россиянинг ВГТРК, «Новый Век» телерадиокомпанияси, «Интерфакс», «Россия сегодня», «Sputnik», «ТАСС» ахборот агентликлари, АҚШнинг «Америка овози» телерадиокомпанияси, Туркиянинг «Anadolu» ахборот агентлиги, Франциянинг «Francе-Presse» агентлиги каби 29 та нуфузли хорижий ОАВлари ташкилотларининг 48 нафар журналисти аккредитациядан ўтказилган.

Ҳали сайловга 40 кунча вақт бор ва мен ўйлашимча, аккредитациядан ўтган ва сайловларни ёритадиган журналистлар сони 1.5-2 минг атрофида бўлишини кутяпман», – деди Марказий Сайлов комиссияси аъзоси.

«Сайловни кузатишда маҳаллий ва хорижий ОАВга тенг имкониятлар яратилади»

Журналистлар томонидан шу мазмунда берилган саволга Шерзод Қудратхўжа «барчага бир хил имконият», – дея жавоб қайтарди.

Унга кўра, Ўзбекистондаги маҳаллий «Пай ариқ ҳаёти» ёки «Ургут садоси» қандай ҳуқуққа эга бўлса, «BBC» ва СNN ҳам шундай ҳуқуққа эга бўлади.

«Бизнинг сайловда яширадиган нарсамиз йўқ, фақат овоз бериш яшириндир», – деди у.

Президентликка номзодлар ўртасидаги дебатлар: Ким? Қачон? Қандай?

Марказий сайлов комиссиясига берилган навбатдаги савол демократик давлатларда сайловларнинг бир қисми бўлган дебатлар мавзусида бўлди.

Шерзод Қудратхўжага кўра, қоида бўйича дебатлар сайловга тахминан 35 кун қолганда бошланади.

«Бу тахминан 19-20 сентябрларга тўғри келади. Марказий сайлов комиссияси эса бу жараёнда эфир вақтининг барчага бир хил ва адолатли тақсимланишини таъминлайди.

Дебатларни баҳолаб борувчи халқимиз бўлади. Биз сайловларни фаол, қизиқ ва дебатлар билан бўлиши тарафдоримиз. Сайловларда энг қизғин пайт энди бошланяпти. Буни халқ, экспертлар, халқаро кузатувчилар ва ОАВ вакиллари баҳолаб боради. Бунда энг муҳим баҳони барибир сайловчилар беради», – деди Шерзод Қудратхўжа.

Ўхшаш янгиликлар