• 10809.74
  • 12317.70
  • 141.04
weather Тошкент: +7.2°C
Detail image
Фото: АКТ вазирлиги ахборот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида АКТ вазири Шерзод Шерматов ҳам Нур-Султон шаҳрида бўлди. Вазир ўтказилган музокаралар бўйича Kun.uz’га қисқа маълумот берди.

Ташриф доирасида Марказий Осиёдаги энг йирик халқаро технопарклардан бири – Astana Hub компанияси резидентлари билан учрашдик. Учрашувда Қозоғистоннинг бир қатор IT-компаниялари билан Ўзбекистонда ўз филиалларини очиш бўйича келишувга эришилди. Ўзбекистон бозорида Қозоғистон компаниялари фаолиятини кенгайтириши бўйича амалий режалар муҳокама қилинди. Жумладан, жаҳон миқёсида талабаларни рекрутинг (ишга таклиф қилиш) билан шуғулланаётган мустақил мутахассисларнинг фаолиятини ташкил қилишга йўналтирилган “Оқуда” компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказдик, – деди АКТ вазири.

– Шерзод Ҳотамович, давлат ташрифи доирасида ўтказилган музокараларга кўра, уларнинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши бизга нима беради?

– Қозоғистон соҳамизнинг қатор йўналишлари бўйича МДҲда биринчи ўринда туради. Мисол учун, технологик ва жорий қилиш консалтинг хизматларини кўрсатишга ихтисослашган Maxinum Consulting Group компанияси билан музокара олиб бордик. Мазкур компания билан Ўзбекистон IT соҳасида илк қадамларини қўяётган мутахассисларни менторликка жалб қилишга келишилди. Ўз навбатида, MyBuh.kz компанияси билан Ўзбекистон ҳудудида унинг филиалини очиш ва IT-Парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтказишга келишдик. MyBuh.kz компанияси тадбиркорларга бухгалтерия соҳасида автоматлаширилган сервисни тақдим этади.

Маълумотларни таҳлил қилиш ва уларни визуаллаштириш хизматларини кўрсатаётган Datanomix консалтинг компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон компаниялари учун семинар ўтказишга, автотураргоҳлар учун ақлли ечимларни тақдим этаётган Parqour компанияси билан музокаралар олиб бориш натижасида IT-Парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтказишга келишилди.

Шунингдек, Шерзод Шерматовнинг маълум қилишича, Astana Hub компанияси резидентлари билан учрашув давомида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, жумладан, стартап-индустрияни ривожлантириш доирасидаги масалалар муҳокама қилинган. Томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ИТ-компанияларининг икки давлат бозорига кириши масаласини кўриб чиқишга келишиб олишган.

Ўхшаш янгиликлар