• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +17°C
Detail image

Самарқанд шаҳридаги Нурли келажак маҳалласида вилоят ҳокимлиги «SXF Construction Group» қурилиш компанияси билан ҳамкорликда муҳтожларга 114 та квартира қуриб берди. Уйлар ногиронлиги бор, уй-жойга чиндан муҳтож, етим ва ота-онаси қарамоғида бўлмаган болалар уйи тарбияланувчиларига топширилди.

Уйларни расман топшириш маросимида Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва бошқа раҳбарлар иштирок этди. Сўзга чиққан вилоят ҳокимининг айтишича, ҳокимлик бюджет маблағлари ҳисобидан қурилган уйларнинг ҳар бир квадрати учун 3 миллион сўмдан тўлаб берган. Қолган харажатлар ва жиҳозлашни ушбу корхона ўз ҳисобида амалга оширган.

Ҳокимлик маълумотига кўра, учта кўп қаватли уйдаги 116 та квартира қурилишига бюджет маблағларидан 19,3 миллиард сўм сарфланган. Уйларнинг 38 таси етим ва ота-онаси қарамоғида бўлмаган болаларга берилган. 76 та хонадон эса ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бор фуқароларга сотиш ҳуқуқисиз фақат яшаш ҳуқуқи билан берилган. Қурилган уйларнинг биттаси маҳалладаги профилактика инспекторига, яна биттаси эса маҳалла биноси учун ажратилган.

«SXF» раҳбари бўлмиш таниқли тадбиркор Хуршид Тўраев корхона уйларни яшаш учун максимал даражада қулай қилиб қуришга ҳаракат қилганини айтди. Тадбиркор шунга ўхшаш ижтимоий лойиҳаларда иштирок этганидан мамнунлигини билдирди.

Ўткир Жалолхонов ва Жаҳонгир Алибоев тайёрлади

Ўхшаш янгиликлар