• 10674.08
  • 12576.20
  • 146.91
weather Тошкент: +26.4°C
Detail image

“UNG Petro” МЧЖ томонидан Самарқанд шаҳридаги 89-сонли “Самарқанд-2” автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида электромобилларни тезкор зарядлаш қурилмаси ўрнатилди.

2020 йил 10 июлдаги “Иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорига асосан мамлакатимизда электромобилларга хизмат кўрсатиш, хусусан, зарядлаш станциялари ва сервис марказларини ташкил этиш кўзда тутилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбари Меҳриддин Абдуллаевнинг бевосита ташаббуси билан бу борадаги ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Самарқанд шаҳрида фаолияти йўлга қўйилган электромобилларни тезкор зарядлаш қурилмаси ҳозирча вилоятда биринчиси.

“Электромобилларни ривожлантиришга ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатлари экологик муаммоларни ҳал этиш, инновацион маҳсулотлар учун янги бозорлар шакллантириш имконияти сифатида қарамоқда. Айтиш мумкинки, мамлакатимизда ҳам кундан кунга электромобилларга эҳтиёж ва талаб ортиб боряпти. Ушбу талабдан келиб чиққан ҳолда Самарқанд шаҳрида тезкор зарядлаш қурилмасини ўрнатдик.

Яқин бир-икки ой ичида айнан ушбу шохобчамиз фаолиятини кенгайтириб, мижозларга хизмат сифатини оширмоқчимиз. Масалан, автомобил зарядлаш қурилмасига ўрнатилганда, мижозларимизнинг вақтини самарали ва мазмунли ўтказишлари барча қулайликларга эга кафе, савдо мажмуаси ҳам қуришни режалаштиряпмиз. Ҳудуд ҳам замонавий қиёфага киради ва ободонлаштирилади” деди “UNG Petro” МЧЖ бош директори Мирзоҳид Мусаев.

Энди самарқандлик электромобиль эгалари Самарқанд шаҳар Рудакий кўчаси 145-уй манзилида жойлашган “Ўзбекнефтгаз” АЖ “UNG Petro” корхонасига қарашли АЁҚШда ўрнатилган қурилмадан узлуксиз фойдаланишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида электромобилларни тезкор зарядлаш қурилмалари самарали ишлаши тўлиқ таъминланган ҳолда, келгусида республиканинг барча ҳудудларида йўлга қўйилади.

Электромобиллар бир қанча афзалликларга эга бўлиб, двигатели атроф-муҳитга зарарли газларни чиқармаслиги ҳисобига атроф-муҳит ифлосланиши камайишига олиб келади ва двигатели электр энергиясидан қувват олиши сабабли анъанавий ёнилғи сарфини камайтиради.

Келгусида “Ўзбекнефтгаз” АЖ “UNG Petro” корхонасига қарашли АЁҚШларнинг барчасида худди шундай қурилмаларни ўрнатиш режалаштирилган. 

Ўхшаш янгиликлар