• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +9°C
Detail image
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети

Самарқанд давлат тиббиёт университетида “Фундаментал, амалий тиббиёт ва фармация ютуқлари” талабалар ва ёш олимларнинг анъанавий 76-Халқаро илмий-амалий конференцияси ҳамда “Стоматологияда эстетик реставрация маҳорати” мавзусида II Халқаро илмий-амалий олимпиада ўтказилди.

Халқаро анжуман ва олимпиадада Туркия, Малайзия, Ҳиндистон, Россия Федерацияси, Грузия, Қозоғистон, Украина, Беларус, Покистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг тиббиёт олий ўқув юртлари ҳамда илмий-текшириш институти талабалари, ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети

Халқаро илмий-амалий конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев, Ўзбекистон тиббиёт олийгоҳлари ректорлари Президиуми раиси Ботир Даминов, Балтика федерал университети ректори Александр Федоров (Калининград, Россия), Қозоқ миллий тиббиёт университети Талгат Нургожин (Олма-ота, Қозоғистон), “Телемедицина тизимлари” МЧЖ бош директори Юрий Богодухов (Санкт-Петербург, Россия), Ивоcлар Вивадент компаниясининг МДҲ ва Балтика давлатлари бўйича врачлар бўлими раҳбари Viktor Daub (Elvangen, Германия), Приволжск тадқиқот тиббиёт университети ректори Николай Карякин (Нижний Новгород, Россия), Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети ректори, профессор Gevdot Erdol мазкур анжуманнинг долзарблиги, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда олий таълим муассасалари фаолиятида қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътироф этишди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети

Халқаро анжуман доирасида Балтика федерал университети билан СамДТУ ва БФУ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети

Конференция очилиш маросимида мамлакатимизда тиббий олий таълимни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Қозоқ миллий тиббиёт университети ректори Талгат Нургожинга Самарқанд давлат тиббиёт университети “Фахрий профессори” унвони топширилди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети

Анжуман меҳмонлари учун университетнинг янги биносида миллий таомлар ва миллий либослар кўргазмаси ташкил этилди. Афғонистон, Покистон, Корея Республикаси, Ҳиндистондан келиб университетда таҳсил олаётган талабалар ўзларининг миллий таомлари ва миллий либосларини тақдимот қилдилар. Шунингдек, конференция меҳмонлари ўқув жараёнини олиб бориш учун яратилган қулайликлар ҳамда университетнинг тарих музейи билан ҳам танишдилар.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети

Халқаро конференциянинг асосий иши шуъбалар йиғилишида давом эттирилди. Шуъба йиғилишларида жамоат саломатлиги, тиббиётда гуманитар фанлар, ички касалликлар, кардиология, неврология, психиатриянинг долзарб масалалари, спорт тиббиёти ва реабилитация, педиатрия, акушерлик, гинекологиянинг долзарб масалалари ва репродуктив тиббиёт, экспериментал ва фундаментал тиббиёт долзарб масалалари; хирургия ва урологиянинг долзарб масалалари, болалар хирургиясининг долзарб масалалари, нейрохирургия, онкологиянинг долзарб масалалари ва травматология, клиник ва фундаментал фармакологиянинг замонавий ютуқлари, стоматология, оториноларингология ва офтальмологияда инновацион ёндашув, юқумли касалликлар клиникаси, диагностикаси, даволаш ва олдини олишга замонавий ёндашувлар, конференция доирасидаги ёш олимлар танлови, коллеж ва техникумларнинг интерактив ривожланиш асослари каби йўналишлари долзарб мавзуларига бағишланган 34 та олий таълим муассасалари талабалари ва ёш олимларининг 270 дан ортиқ маърузалари эшитилди. Конференция материаллари тўплам шаклида “Биология ва тиббиёт муаммолари” халқаро журналининг махсус сонида чоп этилди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети

“Стоматологияда эстетик реставрация маҳорати” II Халқаро илмий-амалий олимпиадаси иштирокчилари уч босқичда ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказдилар. Халқаро ҳайъат аъзолари томонидан ёш тадқиқотчиларнинг назарий билимлари тест топшириқларини бажаришда, оғзаки савол-жавоб ва тишларни реставрациялаш орқали амалий кўникмаларни бажаришлари холисона баҳоланди.

Самарқанд давлат тиббиёт университети анжуман доирасида IT-инкубацион марказининг тантанали очилиш маросими ҳам ўтказилди. Бугунги кунда глобаллашув тенденциялари давлатлар тараққиётини бевосита ахборот технологиялари ривожланиши билан боғлиқ бўлишини тақозо этмоқда. Шунинг учун дунёнинг кўплаб мамлакатлари IT экотизимини яхшилаш учун қулай шарт-шароитларни яратишга эътибор қаратмоқда. Ушбу марказ иқтидорли талабаларнинг ғоялари ва стартап лойиҳаларини рағбатлантиришга катта ҳисса қўшади, албатта.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети

Бу каби анжуманлар ёш олим ва талабаларни илмий-тадқиқот ишларига жалб этиш, салоҳияти ва илмий изланишларидан самарали фойдаланиш, фундаментал ва клиник фанларни ўқитиш сифатини янада ошириш, мамлакатимизда тиббиёт соҳаларини ривожлантириш ҳамда олийгоҳларнинг халқаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Самарқанд давлат тиббиёт университети матбуот хизмати Ⓣ

Ўхшаш янгиликлар