• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +25°C
Detail image

Тожикистон фуқароси депортация ўрнига ҳарбий қисмга юборилди. У ёнида Ўзбекистон фуқароси ҳам борлигини айтмоқда.

Фото: ТАСС

30 ёшли Тожикистон фуқароси Далержон (у фамилиясини айтмасликни сўради) Санкт-Петербург яқинида қўлга олинди. Суд уни мамлакатда ноқонуний бўлганликда айбдор деб топиб, ватанига депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Бироқ у хорижликларни вақтинча сақлаш марказидан ҳарбий қисмга юборилди. Бу ҳақда «Холод» хабар берди.

Далержон сўзларига кўра, 4 май куни йўл полицияси ходимлари унинг машинасини Ленинград вилоятидаги Кингисепп яқинида тўхтатган. Ҳужжатлар текширилганда унинг Россияда қолишга рухсати йўқлиги маълум бўлган. Шундан сўнг у ҳибсга олинган. 5 май куни Ленинград вилоятининг Кингисепп шаҳар суди уни Россиядан мустақил равишда чиқиб кетишдан бўйин товлаганликда айбдор деб топган. Суд Далержонни 3 минг рубль миқдорида жаримага тортиш ва мамлакатдан депортация қилиш ҳақида қарор чиқарган.

Тожикистон фуқароси Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятидаги хорижликларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилиб, у ерда 25 кун бўлган. Кейин, 30 май куни Ленинград вилоятидаги ҳарбий қисмга юборилган.

У ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузмаганини таъкидлайди, лекин ўзининг ўрнига бошқа одам имзо чекканини тахмин қилади.

«Ҳарбий қисмда биз учун барча ҳужжатлар имзоланганини айтишди. Мен урушга бормоқчи эмасман, уйга кетаман, дедим. Улар (уйга) фақат қамоқхона орқали бора олишимни айтишди». Бу гапни айтган одам ким эканини Далержон билмайди. У ҳарбий кийимда эканини айтди.

Далержон сўзларига кўра, ундан паспорти олиб қўйилган. У ҳарбий қисмда ўзи билан бирга Ўзбекистон фуқароси ҳам борлигини, у ҳам фронтга боришни истамаслигини айтди. Ушбу қисмда бошқа одамлар ҳам борлиги, улар кўнгилли сифатида ўқ отиш машғулотларида иштирок этаётганини маълум қилди. Далержон машқларда қатнашмаяпти.

Хабарда Далержон айтган Ўзбекистон фуқаросининг исми-шарифи келтирилмаган.

Ўхшаш янгиликлар