• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27°C
Detail image

Россия Европага газ етказиб беришни яна камайтирди ва энди Европа Иттифоқида Россия «Газпром»дан урушдаги асосий тўқмоқ сифатида фойдаланаётгани борасида ҳеч қандай шубҳа қолмади. Европаликлар энди Россиянинг «техник сабаб» сифатида келтираётган баҳоналарига ишонмаяпти. Кўҳна қитъа Россия томонидан газ таъминоти тўлиқ узиб қўйилишига тайёргарлик кўрмоқда.

Фото: AFP

Дунё 1970-йиллардан буён кузатилаётган энг йирик энергетик инқирозни бошдан кечираётган бир вақтда Европа давлатлари газдан фойдаланишни камайтириш бўйича кечиктириб бўлмас қарорлар қабул қилишни бошлади. Кимдир ўз ихтиёри билан, кимдир мажбурликдан. Европа кўмирдан ишловчи электр станцияларини қайта очмоқда, ядро энергетикасини ривожлантириш устида жиддий бош қотирилмоқда.

Россия Европага газ етказиб беришни шундоғам аста-секин камайтираётганди, аммо ушбу ҳафтада охирги 10 йилликдаги энг ёмон кўрсаткич қайд этилиб, Россиядан Европага кунига 100 миллион куб метр газ ўтган. Таққослаш учун, бир ой аввал «Газпром» Европага кунига 250 миллион куб метр, 3 йил аввал эса 500 миллион куб метр газ сотган.

Россия бу галги етказиб бериш ҳажми камайишини Туркия орқали ўтадиган ўтказгичда носозлик юз бергани билан изоҳлади. Бу носозлик бир ҳафтада тузатилиши айтилган, аммо июлда Германияга борадиган асосий ўтказгич – «Шимолий оқим»да ҳам таъмирлаш ишлари амалга оширилади. «Газпром» Украина орқали ўтадиган учинчи йўналишда ҳам газ етказиб беришни оширмоқчи эмас.

«Россия охирги вақтларда ўзини қандай тутаётгани инобатга олинса, улар яқин келажакда ҳам турли сабаблар билан Европага газ етказиб беришни камайтириши, ҳатто буткул тўхтатиб қўйиши ҳам мумкин», деган Халқаро энергетика агентлиги раҳбари Фотиҳ Бирол.

Россия ўз газидан Европага босим ўтказиш учун фойдаланиши ҳақида биринчилардан бўлиб айнан Бирол гапирган, мутахассис бу ҳақда Россия Украинага бостириб киришидан ҳам олдинроқ айтганди. Унинг фикрича, энди Европа бўйнига тиралган газ муаммоси билан яшашга тайёрланиши керак. Бундай ҳолатда захираларни қишгача тўлдириш имконсиз. Шу сабаб захира вариантлари керак. Хусусан, кўмир ва атом станцияларидан олинадиган энергияни ошириш масаласи. Ҳатто қайта тикланувчи энергия масаласида фаол бўлган Еврокомиссиядаги энг «яшил» мансабдорлар ҳам бунга рози.

«Россиянинг Украинага бостириб кириши Европа Иттифоқида фавқулодда ҳолатни келтириб чиқарди. Дунё Путин администрацияси «Газпром»нинг етказиб бериш ҳажмини ўзбошимчалик билан қисқартиришига қарши чоралар кўриши керак. Аммо бу чораларнинг барчаси вақтинча», деди Иқлим ўзгаришлари бўйича тарихий Париж келишуви имзоланганда Еврокомиссия делегациясини бошқарган Элина Бардрам бу ҳақда.

Россия Европага газ етказиб бериш камайганини техник сабаблар билан изоҳлаб, дунёдаги энергия инқирози ва нархлар 4 баравар ошиб кетганига алоқаси йўқлигини таъкидлаб келади. Россиянинг баёнотларига кўра, ҳаммасига Европа Иттифоқи амалга оширган энергетик ислоҳотлар ва Россияга қарши киритилган санкциялар сабаб. «Ҳаммасини ўзлари қилишди, энди айбдор излашмоқда», деганди ўтган ҳафта Путин Европада кузатилаётган энергоинқироз ҳақида.

Энг яхши ҳамкордан энг ёмон душмангача

Путиннинг ҳукмронлиги давридаги 20 йил давомида Европа Иттифоқи Россиядан газ сотиб олишни 1,5 бараварга оширди. Россия турли томонларга газ сотиш учун қувурли ўтказгичлар қуришга ўн миллиардлаб доллар сарфлади, лекин ҳар қанақасига ЕИ энг яхши мижоз эди. Энди эса Европа бир неча ой ичида Россиядан газ олишни учдан икки қисмга камайтирмоқчи.

Россия узоқ йиллар газ сотиш бизнесдан бошқа нарса эмаслигини айтиб, «ишончли етказиб берувчи экани» билан мақтаниб келди. Россия ўз вақтида Украина ва Беларус билан газ борасида тортишиб қолган, лекин асло Европа билан эмас. Чунки бу Россия учун энг бой бозор Европа ҳисобланади. Ўтган йилгача шундай эди.

Яқин йилларгача Европа Иттифоқи давлатлари ҳам рус газини мамнуният билан сотиб олар, аммо газ сотиб олишни қисқартириш борасида узоқ йиллик режалар тузишни ҳам унутмасди. Европа «Газпром» билан узоқ йиллик шартномаларни тақиқлаш орқали концерн бозордаги бошқа ўйинчилар, айниқса АҚШ билан рақобатга киришишини истарди.

Европа нисбатан тоза бўлган газдан энергия олиш орқали ўзининг «яшил ислоҳотлари»ни амалга оширишни ўйлар, тезроқ кўмирли ИЭСларни, Германияда эса АЭСларни ёпишни ўйлай бошлашганди (учтаси ёпилганди ҳам). Япониядаги «Фукусима» атом электр станциясида содир бўлган авария эса Европани АЭСдан тезроқ воз кечиш, қайта тикланувчи энергияга ўтиш, қуёш, шамол ва водороддан энергия олиш ҳақида кўпроқ ўйлашга ундади.

Аммо юқоридаги ислоҳотлар Путиннинг режаларига кирмасди. Россия президенти узоқ йиллар Евроиттифоқдаги «ақллилар»ни танқид қилиб келди, ўтган йил ёзда кран оғзини бироз ёпди, кузда эса сунъий дефицит кўринишидаги томоша кўрсатди. «Газпром» Европа учун мўлжалланган қудуқларидан камроқ газ қазиб ола бошлади, фақат узоқ йиллик шартномаларни бажаришнигина зиммасига олди, оқибатда қишда нархлар рекорд даражада осмонга чиқиб кетди.

Ҳозир эса нархлар янада кўтарилиб кетган, чунки қазиб олиш камайган. Аммо натижа кутилганидек эмас, Европа ўзи учун оғриқли бўлса-да, иқтисодиётини «Газпром»га тескари қараган ҳолда ривожлантириш режасини секинлаштирмади, қайтанга тезлаштирди. Чунки сиёсий вазият шунга мажбур қилди.

BBC’га кўра, «Газпром» ўтган йили европалик ҳамкорлари билан биргаликда «Шимолий оқим-2» ўтказгичининг иккинчисини қургани Россия газдан Европани шантаж қилиш учун фойдаланишни кўзлаганидан далолат. Энди эса 10 миллиард доллардан ортиқ пул сарфланган қувурлар Болтиқ денгизи тубида бекор ётибди. «Шимолий оқим-2» банкротлик эълон қилган, унинг очилиши қийин масала.

Путиннинг Россияни ривожлантириш режаларида мамлакат минтақадаги етакчи энергия державаси сифатида кўрсатилади. Европа давлатларининг 2050 йилгача бўлган режаларида урушгача ҳам рус энергия хомашёлари импортини аста-секин камайтириш кўзда тутилганди. Украинага қарши уруш эса ЕИ давлатларининг режаларини тезлаштириб юборди. Энди иттифоқ давлатлари Россия газидан 2027 йилгача тўлиқ воз кечмоқчи.

Путин эса ҳозирги ҳолатдан ғолиб сифатида чиқиб кетмоқчи. Унинг фикрича, Европа Россиядан газ, нефт ва кўмир сотиб олишда давом этади.

Путин ўтган ҳафта Петербургда ўтказилган иқтисодий форумда Европа давлатлари учун демократия фақатгина кўргазма экани, у ерларда элита оддий халқдан ажралиб кетганини айтди: «Европалик сиёсатчилар ўз давлатлари иқтисодига ўзлари жиддий зарба бериб улгуришди. Ҳақиқатан, одамларнинг муаммоларидан бу қадар узоқлашиш, популизм ва айбдор излайвериш жиддий иқтисодий-сиёсий муаммоларга олиб келиб, оқибатда яқин вақтларда элита алмашишига етаклайди», деганди Россия президенти.

Европа тўлиқ блокадага қандай тайёрланмоқда?

Бу борада Европа Иттифоқи давлатларида вариантлар кўп эмас. Иттифоқ давлатлари нафақат қишгача, балки яқин бир неча йил ичида тўлиқ рус газидан воз кеча олмайди. Европалик ва немислар сиёсатчиларнинг тахминича, яқин уч йил ичида Европада энергия танқислиги кузатилаверади.

Яқингача Европа газнинг 40 фоизини «Газпром»дан оларди. Коронавирус инқирози вақтида бу кўрсаткич 35 фоизгача қисқарди. Ҳозир эса 25 фоизни ташкил этади. Бутун бошли чорак ҳиссанинг ўрнини эса бошқа кимдир газ етказиб бериш орқали тўлдира олмайди. Европа вазиятга мослашиб ва турли қийинчиликларга ижодкорона ечим топса, энг асосийси эса биргаликда ҳаракат қилган ҳолда Россия газига бўлган эҳтиёжни пасайтириши мумкин. Акс ҳолда қитъа қишда Россия томонидан газ узиб қўйилишига тайёр бўлолмайди.

Европа давлатлари ерости газ захираларини октябрда 80 фоизга, ноябрда эса 90 фоизга тўлдириш орқали муаммонинг олдини олмоқчи. Ҳозирда захиралар 55 фоизга тўлган. Ўтган йил шу вақтда эса бундан ҳам камроқ эди, чунки «Газпром» Европадаги захираларни тўлдирмасликка қарор қилганди. Аммо ҳозирги нарх-наво ва содир бўлаётган воқеалар фонида европаликларнинг бу режалари ишлаши қийин.

Европа Иттифоқи давлатлари аллақачон энергия инқирозига қарши чоралар ҳақида эълон қилиб бўлди. Унда бозордаги нархларга аралашиш назарда тутилмаган, фақат ҳукуматга, газ тарқатувчиларга энергиядан фойдаланиш бўйича баъзи ўзгаришлар қилишга имкон яратади. Масалан, Германияда ўз ихтиёри билан газдан камроқ фойдаланадиган компанияларга давлат томонидан пул берилади. Бу чорани ўзига хос ўчириш аукциони деб аташмоқда.

Германия, Швеция, Австрия, Дания ва Нидерландияда аллақачон биринчи даражали энергетик инқироз хавфи эълон қилинган. Италия ҳам бу давлатларга қўшилишни ўйламоқда. Аммо ҳақиқий муаммо бундай хавфнинг иккинчи ва учинчи даражаси эълон қилинганда бошланади. Охирги босқичларда нархлар максимал ошишига рухсат берилади, ишлаб чиқариш компаниялари кескин чекланган миқдорда газ олишни бошлайди.

Бу чекловлар эса коронавирус инқирозидан кейин тикланишга улгурмаган Европа иқтисодиётига жиддий зарба беради. Ҳукумат тадбиркорликни субсидиялар орқали қўллаши мумкин, лекин бунда ҳам муаммолар ҳеч қаерга йўқолмайди – тадбиркорликда рақобат муҳитига путур етиб, ишлаб чиқарувчиларда энергияни тежаш учун стимул қолмайди.

Олдиндаги қиш қаҳратон бўлиши таҳдиди остида иқлим муаммоси иккинчи планга чиқди. Шу туфайли ЕИ кўмир электр станцияларини қайта очдаи. Фото: REUTERS

Энергия дефицитини енгиллаштиришнинг яна бир йўли – қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни ошириш ҳисобланади. ЕИ давлатлари шу вақтгача ҳам келажакда қайта тикланувчи энергия рерурсларига ўтишни мақсад қилган, ўтиш даврида айнан газдан фойдаланишни кўзлаганди.

Ҳозир эса ҳаммаси ўзгариб кетди: Еропадаги барча «яшил» лойиҳалар чиппакка чиқди, давлатлар яна кўмир ИЭСлари, АЭСлар ҳақида ўйлай бошлашди, газдан фойдаланиш ҳажми кескин ошди. Оқибатда Европа Иттифоқи давлатлари энергия бўйича режаларини қайта кўриб чиқишга мажбур.

Германия, Италия, Нидерландия ва Австрия кўпроқ кўмир ёқишни бошлади. Греция яқин икки йил ичида кўмир қазиб олишни оширмоқчи, шунингдек, бир нечта газда ишлайдиган ИЭСларини дизелга ўтказмоқчи. Халқаро энергетика агентлиги Европа давлатларини АЭСларни тиклаш ҳақида ўйлашга чақирмоқда. Аммо бу ерда ҳам Россияга муқобил излашга тўғри келади: дунёдаги 6 фоиз уран Россиядан чиқса ҳам уни бойитишнинг 40 фоиз улуши Россия ҳиссасига тўғри келади.

1970-йилларда кузатилган энергетик инқироздан кейин дунёдаги бой давлатлар кенгаш тузади. Унинг вазифаси ҳозирги каби фавқулодда ҳолатлардан чиқиш бўйича маслаҳатлар беришдан иборат. Яқинда кенгаш томонидан ҳисоботда шундай дейилади: «Уруш бойитилган уранни етказиб беришдаги хилмахилликнинг қанчалик муҳим эканини кўрсатиб қўйди. Хусусан, бу соҳага инвестиция киритиш ҳам муҳим экани кўриниб қолди».

АЭСларга қайтиш масаласи осон бўлмайди. Чунки Ғарбда бу соҳага деярли пул тикмай қўйишган, мавжуд станциялар аста-секин фойдаланишдан чиқарилмоқда. Фақат Францияда АЭСлардан воз кечиш ҳақида ўйлашмаяпти, лекин у ерда ҳам охирги ойларда узилишлар кузатилмоқда. Ҳозирда Францияда мавжуд бўлган АЭСларнинг ярмигина ишламоқда.

Европа Иттифоқининг энг кучли давлати бўлмиш Германия эса ўтган қишдаёқ учта АЭСни ўчиришга улгурган. Қолган учтаси эса шу йил фойдаланишдан чиқарилиши кўзланган. Содир бўлаётган воқеаларга қарамай Германия АЭСларни тикламоқчи эмас. Станциялар тегишли бўлган компанияларнинг маълум қилишича, АЭСларни яна фойдаланиш учун тиклаш энди техник жиҳатдан ҳам имконсиз.

Ўхшаш янгиликлар