• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +4°C
Detail image

«Бавария»нинг гегемонлиги тугамоқда. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Getty Images

Англия: «Тоттенҳэм» қайтмоқда

«Манчестер Сити» – «Эвертон» 2:0
Голлар:
1:0 – 71 Ҳоланд, 2:0 – 85 Ҳоланд.
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Стоунз, Аке, Рубен Диаш, Аканжи (Уокер, 57), Фоден, Родри, Матеуш Нунеш (де Брюйне, 57), Ҳоланд, Алварес (Бернарду Силва, 77), Доку (Грилиш, 87).
«Эвертон» – Пикфорд, Годфри (Коулмэн, 56), Тарковски, Брэнтуэйт, Миколенко, Янг (Онана, 78), Гуйе (Шермити, 89), Ҳаррисон, Гарнер, Макнил (Доббин, 88), Кэлверт-Люин (Бету, 77).
Огоҳлантиришлар: Гуйе (54), Гарнер (90).

«Этиҳад»даги биринчи бўлим анча зерикарли кечди. Мавсум бошидан буён ўз уйидаги ўйинларда доим танаффусга ҳисобда олдинда борган ҳолда йўл олган «Манчестер Сити» бу сафар рақиб дарвозаси соҳасига бирорта аниқ зарба йўллай олмади. Амалдаги чемпионларда қўшимча дақиқаларда вазият юзага келди, аммо Аканжининг жарима майдони марказидан йўллаган зарбаси ҳимоячи томонидан тўсилди. Иккинчи бўлим ҳам «шаҳарликлар» учун осон кечмади, Де Брюйне майдонга чиқишигина ўйинда бурилиш ясади.

«Сити» дарвоза соҳасига аниқ борган илк зарбасини голга айлантирди. Бурчак зарбасидан кейин тўп ҳимоячилардан Ҳоландга келди ва у тўпга тўхтатмасдан шундай кучли зарба йўлладики, Пикфорд тўп йўлида турган бўлса-да, уни ўтказиб юборди - тўп унинг қўлларига тегиб ўтиб дарвоза тўридан жой олди. Кейин эса — «Эвертон» ҳисобни тенглаштириш умидида олдинга ўтганида — Де Брюйне бир пас билан Эрлингни олдинга ташлади ва у аввалига ўзини таъқиб этган ҳимоячидан қутилди, кейин дарвозабонни доғда қолдирди. Норвегиялик ҳужумчи бошланғич таркибда тушган 50 ўйинида 50 гол урди ва бу АПЛда янги рекорд ҳисобланади.

«Ливерпул» – «Бёрнли» 3:1
Голлар:
1:0 – 31 Диогу Жота, 1:1 – 45 О`Ши, 2:1 – 52 Диас, 3:1 – 79 Нунес.
«Ливерпул» – Келлеҳер, Александер-Арнолд (Эллиотт, 46), ван Дейк, Куанса, Робертсон (Цимикас, 90), Эндо (Макконнелл, 90), Мак Аллистер (Кларк, 90), Жонс, Диогу Жота, Диас (Гакпо, 82), Нунес.
«Бёрнли» – Траффорд, Ассинон, О`Ши, Эстев (Витино, 80), Делкруа, Рэмзи (Массенго, 81), Браунҳилл, Берге, Амдуни (Брун Ларсен, 86), Фофана, Одобер. 
Огоҳлантиришлар: О`Ши (14), Куанса (19), Браунҳилл (26), Эндо (33), Компани (55), Нунес (69).

«Манчестер Сити» биринчи ўринга чиқди, аммо бу ўринни фақат икки соатдан ортиқроқ вақт давомида сақлаб турди. Лекин «Ливерпул»нинг ўйини ҳам осон кечмади. Бир томондан, «Бёрнли»ни бир неча бор қутқарган Траффорд чиқишда қўпол хатога йўл қўйиб, ўз ҳимоячиси билан тўқнашиб кетди ва Диога Жотага гол тақдим этди. Бошқа томондан — «Бёрнли» танаффус арафасида ҳисобни тенглаштириши учун битта бурчак зарбаси етарли бўлди.

Юрген Клопп шогирдлари танаффусдан қайтибоқ яна ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Бунда қизилларнинг омади ҳам келди, Диас рикошет орқали келган тўпни ўта қийин ҳолатда туриб бўлса ҳам бош билан дарвоза тўрига аниқ йўналтирди. Кейин яна икки ҳолатда «Ливерпул»га омад кулиб  боқди, Фофана ва Одобер бир неча дақиқа вақт оралиғида қулай вазиятларни йўққа чиқаришди. Биринчи зарбани Келлеҳер қайтарди, яна бир яккама-якка вазиятда меҳмонлар вакилига аниқлик етишмади. «Энфилд» фақат Эллиотнинг иккинчи голли узатмаси ва Нунеснинг бошда берган ажойиб зарбасидан кейингина енгил тин олди.

«Тоттенҳэм» – «Брайтон» 2:1
Голлар:
0:1 – 17, пеналти Гросс, 1:1 – 61 Сарр, 2:1 – 90+6 Жонсон.
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Ромеро, ван де Вен, Удоджи (Ҳейберг, 80), Мэддисон, Бентанкур (Сон Ҳёнг Мин, 62), Кулусевски (Биссума, 63), Сарр (Дэвис, 80), Вернер (Жонсон, 62), Ришарлисон.
«Брайтон» – Стил, Лэмпти (Балеба, 90), Данк, ван Хекке, Эступинян, Лаллана (Фати, 57), Гросс, Гилмор (Бейкер-Боайтей, 90), Митома, Буонанотте (Велтман, 83), Уэлбек (Фергюсон, 83).
Огоҳлантиришлар: Мэддисон (35), Сарр (61), Буонанотте (65), Эступинян (79), Данк (88).

Икки ҳужумкор жамоа қарама-қарши курсларда кечган ёрқин ўйин намойиш этиб беришди, «Брайтон» эса ўйинни худди мезбондек бошлади. Биринчи ҳужумда Викарио Уэлбекнинг айланма зарбасини бир амаллаб қайтарганди, иккинчи вазиятда ушбу форвард жарима майдони ичида Ромеро томонидан йиқитилганда, Гросс пеналтидан ҳисобни очди. «Тоттенҳэм» ҳужумида эса сўнгги ўйинларда голли серия қайд этган Ришарлисоннинг омади келмади. Бразилиялик футболчи нафақат қатор вазиятларни йўққа чиқарди, жумладан яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади, балки Мэддисон учун узатмани жуда ёмон амалга оширди.

Лондон ҳужум чизиғи вакиллари уддалай олмаган ишни эса одатда рақиб ўйинини бузиш билан шуғулланувчи Сарр уддалади. Ҳаддан ташқари кучли прессинг уюштирган ва ҳужумкор ўйин намойиш этган жамоалар ўйинида 3:3 ёки 5:5 кўринишидаги дуранг қайд этилишини ҳам оддий қабул қилиш мумкин эди. Амалда эса барчаси бошқача кечди ва ўйин дуранг билан якунланишга қараб кетаётганида Ангелос Постекоглунинг алмаштиришлари иш берди. Сон Ҳёнг Мин Жонсонни ажойиб пас билан таъминлади ва лигада 90-дақиқадан кейин энг кўп гол ўтказиб юборган «шпорлар» ўйин якунланиши арафасида ғалаба голини уришди.

Уларнинг ўйинини ҳамон олдиндан айтиб бўлмайди. Шунчаликки, бу жамоа ҳисобда ортда борган ўйинларида 15 тадан кўп очко жамғарган ягона жамоа бўлиб турибди. Шу билан бирга лондонликлар ўзи ҳисобда олдинга борган ўйинларида 15 очко йўқотган. Шанба кунги ўйинларнинг асосий якуни — «Тоттенҳэм» камида «Астон Вилла»нинг «МЮ»га қарши якшанба куни кечадиган ўйини якунигача кучли тўртликка қайтди.

Испания: Винисиус ва Беллингҳемнинг концерти

«Реал» – «Жирона» 4:0
Голлар:
1:0 – 6 Винисиус Жуниор, 2:0 – 35 Беллингҳем, 3:0 – 54 Беллингҳем, 4:0 – 61 Родриго.
Ноаниқ пеналти: Ҳоселу, 90.
«Реал» – Лунин, Карваҳал, Тчуамени, Менди (Фран Гарсия, 77), Кроос (Модрич, 70), Валверде, Камавинга, Беллингҳем (Браим Диас, 57), Васкес, Винисиус Жуниор (Гюлер, 77), Родриго (Ҳоселу, 70).
«Жирона» – Гассанига, Ян Коуто, Ҳуанпе, Эрик Гарсия, Мигел Гутеррес, Алеиш Гарсия, Мартин (Солис, 70), Порту (Торре, 46), Циганков (Фернандес, 70), Савио, Довбик (Стуани, 70).
Огоҳлантиришлар: Ҳуанпе (21), Ян Коуто (68), Менди (76).

Ўтган турда «Реал Сосиедад» билан ўйинда «Жирона»нинг уч вакили - ҳимоячи Блинд, яримҳимоячи Эррера ва бош мураббий Мичел Санчес дисквалификацияга учраганди. Аммо мадридликларда ҳам таркиб борасидаги муаммолар сақланиб қолмоқда. Рюдигер сафга қайтгани ва ўйин қайдномаси киритилгани айтилганди, аммо ўйин куни ушбу германиялик ҳимоячи ҳали яна икки ҳафта даволаниши кераклиги маълум бўлди.

Амплуаси марказий ҳимоячи бўлган бирор футболчисиз қолган Карло Анчелотти эса қанот ҳимоячиси Карвахал ҳамда таянч зонаси вакили Тшуаменига ишонч билдирди. Шу билан бирга, олдинги чизиқда Винисиус Жуниор пайдо бўлди, у ўтган турда «Атлетико»га қарши ўйин арафасида чигалёзди машқлар чоғида ўзини нохуш сезган ва ўйнай олмаганди. Майдонни соғиниб қолган бразилиялик ўйин стартидаёқ ажойиб зарбаси билан узоқ бурчакни аниқ нишонга олди. Кейин эса Вини шведка услубидаги пас билан Беллингҳемни қулай вазиятга чиқарди. Жуд бир ҳаракат билан тўпни дарвозабон ёнидан олиб ўтди ва иккинчи тегинишда тўпни дарвозага жойлаб, голлари сонини 15 тага етказган ҳолда ла лига тўпурарлари пойгасида Довбикдан ўзиб кетди.

Мавсум кашфиётларидан бири, «Ман Сити» қизиқишлари доирасига тушган Ян Коуто «Реал» билан баҳсда фаолиятидаги энг ёмон ўйинларидан бирини ўтказди. Мадрид клубининг барча голлари бразилиялик ҳимоячининг қанотидан уюштирилган ҳужумлар натижасида урилди.

Ўйин давомида англиялик футболчи ўн олтинчи голини ҳам урди, шундан кейин «Жирона»да амалда имконият қолмади. Каталонияликлар танаффусдан қайтиб босим уюштиришди ва Лунин дарвозаси олдида таҳликали вазият юзага келтиришди, аммо бунга жавобан Винисиус уюштирган рейдни Беллингҳем гол билан якунлади. «Сантияго Бернабеу» яна «Эй, Жуд» қўшиғини куйлади ва ўз жамоаси ўйинидан баҳра олишда давом этди. Родриго эса алмаштирилишидан олдинроқ ўйинга нуқта қўювчи голни урди.

Ян Коуто ўйиндан сўнг йиғлади. Винисиус, Родриго ва Беллингҳэм уни юпатишди.

Биринчи даврада бўлгани каби Анчелотти каталонияликларни тактик жиҳатдан мағлуб этди. Мадрид энди турнир жадвалида 5 очкога илгарилаб кетди. «Реал» энди фақат ўзини ўзи мағлуб этиши совриндан қуруқ қолдириши мумкин, лекин бу «Жирона»нинг бу мавсумдаги ажойиб ўйини ҳақидаги таассуротларни йўққа чиқара олмайди. Якшанба кунги ўйинлардан кейин «Барселона» ва «Атлетико» яқинлашиб олиши мумкин, аммо бешинчи ўрин билан орадаги фарқ анча катта. Жамоа кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида иштирок этишига ҳеч кимда шубҳа йўқ.

Германия: ҳимоячилар куни

«Байер» – «Бавария» 3:0
Голлар:
1:0 – 18 Станишич, 2:0 – 50 Грималдо, Фримпонг 3:0 – 90+5
«Байер» – Градецки, Станишич, Та, Тапсоба, Инкапиэ, Грималдо (Пуэрта, 90), Жака, Андриҳ, Виртц (Гложек, 90), Телла (Фримпонг, 65), Адли (Ҳофманн, 82).
«Бавария» – Нойер, Мазравий, Дайер, Упамекано (Киммиҳ, 60), Ким Мин Жэ, Боэ (Геррейру, 81), Павлович (Мюллер, 60), Горетцка (Тел, 71), Сане, Мусиала (Шупо-Мотинг, 81), Кейн.
Боэ (36), Горетцка (62), Тапсоба (64), Адли (77), Градецки (83).

Ўтган мавсумда инқироз ҳолатидаги «Бавария» Дортмунднинг «Боруссия» клуби охирги турларда сустлашиб қолгани туфайли чемпионликни қўлга киритганди. Ўшанда мюнхенликларнинг чемпионлик характерини ҳам, жамоалар гегемон темпига бардош бера олмайдиган бундеслига муаммоларини ҳам муҳокама қилишганди. Гегемонга рақобат қилувчи жамоалар ўзаро ўйинларда батамом яксон этилиши сўнгги йилларда кўп кузатилганди.

Аммо Ҳаби Алонсо бошқарувидаги «Байер» — алоҳида тарих. 21 тур давомида бирорта мағлубиятга учрамаган жамоа биринчи даврада Мюнхенга ташрифида ўз даъволарини намойиш этиб берганди (2:2). Уйда эса леверкузенликлар ўйинни шунчалик кучли бошлашдики, бу билан гўёки Opta компанияси таҳлилчиларига жавоб қайтармоқчидек эди. Унинг суперкомпютери шанба кунги ўйин олдидан мавсумнинг қолган қисмидаги воқеалар ривожини прогноз қилган ва «аспиринчилар»нинг Кумуш товоқни қўлга киритиш имкониятларини 49 фоизга баҳолаганди.

Аммо биринчи бўлим якунларига кўра статистика гурулари визуал таассуротларни фақатгина мустаҳкамлаб қўювчи вазиятларни қайд этишди. Хусусан, Кейннинг майдондалиги умуман сезилмади. 45 дақиқа давомида у атиги етти бор тўпга тегинди ва бу ишни бирор марта рақиб жарима майдонида амалга оширмади. «Бавария» футболчилари танаффусга қадар жами уч бор зарба беришди. Охиргиси — «Байер»нинг фаоллашувидан кейинги қарши ҳужумда рўй берди. Бу вақтда мезбонлар сафида мюнхенликлардан ижарага олинган ва кетиши Томас Тухелни ранжитган Станишич ҳисобни очиб бўлганди.

У Леверкузенда ротация футболчиси, қанотларда асосий ишни бошқа латераллар бажаришади. Иккинчи бўлимда ҳисобдаги фарқни иккитага оширган Алекс Грималдо 8 гол ва 9 голли узатма билан — умуман космик даражада ўйин кўрсатмоқда. Яна бир қанот ҳимоячиси — Фримпонг ҳам шунга яқин натижа қайд этмоқда (6+6), у ўйин охирида Нойер ҳужумга қўшилганида «Бавария»нинг бўш қолган дарвозасини ишғол этди. Шундай қилиб, «Байер»нинг ҳужум вакиллари турли сабаблар билан ёрдам бера олмаётган маҳалда (Бонифасе, Патрик Шик, Паласиос) ҳимоя вакиллари амалдаги чемпион дарвозасига учта гол йўллашди.

Леверкузен совринга интилмоқда, Мюнхендагилар эса Юлиан Нагелсманн аҳмоқона тарзда ишдан бўшатилгани учун тирноғини тишлашмоқда. Энди барча «Бавария»нинг собиқ футболчиси ва жамоанинг гегемонлигига чек қўйишга бел боғлаган Ҳаби Алонсони олқишламоқда. Дарвоқе, энди Opta суперкомпютери «Байер»нинг чемпионлик учун имкониятларини 66 фоизга баҳоламоқда.

Кун статистикаси

  • «Фулҳэм» яримҳимоячиси Жоау Палиня кучли бешликда бу мавсумда 100 дан ошиқ подкат амалга оширган биринчи футболчи бўлди.
  • «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Де Брюйне ўтган мавсум бошидан буён барча турнирларда форвард Ҳоландга 12 бор ассистентлик қилган. Бу Англия футболидаги энг самарали боғлам бўлиб турибди.
  • Беллингҳемнинг мадридликлар сафида бир мавсумдаги 16 голи — XXI асрда Испания чемпионатидаги яримҳимоячилар учун рекорд кўрсаткич.
  • «Байер» мавсум бошидан буён 31 ўйинда ютқазмаяпти. Яна бир мағлубиятсиз ўйиндан кейин леверкузенликлар Германияда «Бавария»га тегишли бўлган рекордни такрорлайди.
  • «Интер» сафидаги энг катта ёшли футболчи Ачерби 36 ёшга тўлган кунида гол урди.

Ўхшаш янгиликлар