• 10809.74
  • 12317.70
  • 141.04
weather Тошкент: +6.8°C
Detail image

Бош прокуратура жамоатчиликни прокуратура органлари ходимлари ҳаракатида коррупцион ҳолатлар кузатилса, «Ишонч телефони» орқали мурожаат қилишга чақирди.

Фото: iStock

«Агар прокуратура органларининг бирор ходими фаолиятида коррупция билан боғлиқ хатти-ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик)ни кузатсангиз, сезсангиз, бу ҳақда зудлик билан Бош прокуратура Шахсий хавфсизлик бошқармасининг (71) 202-08-28 рақамли «Ишонч телефони»га маълум қилишингизни сўраймиз.

Мурожаатчилар ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланиши тўлиқ кафолатланади», дейилади Бош прокуратуранинг кенг жамоатчиликка қилган мурожаатида.

Бош прокуратуранинг ушбу мурожаати сўнгги вақтларда прокуратура ходимлари билан боғлиқ коррупцион жиноятларга оид хабарлар кўпайиши ортидан юз бермоқда.

Хусусан, 6 декабрь куни Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари 29 минг доллар пора билан қўлга олинган бўлса, 12 ноябрь куни Андижон вилоят прокуратураси масъул ходими 15 минг доллар пора билан ушланганди.

Шунингдек, сентябрь ойида Жиззах вилоятида туман прокурори 2 минг доллар пора билан, Самарқанд вилоятида туман прокурори ўринбосари 10 минг доллар пора билан қўлга олингани хабар қилинганди.

Бундан ташқари, 18 ноябрь куни Бош прокуратура кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган ҳамда хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлгани учун 18 нафар ходим интизомий жазога тортилган, Андижон вилоят прокурори эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

 

 

Ўхшаш янгиликлар